Мактаб дарсликлари талабга жавоб берадими?
Мактаб дарсликлари таълим сифатини оширишда асосий манба ҳисобланади. Бугунги кунда дарсликлар яратилиши, уларнинг сифати ва илмий асосланганлиги, мазмундорлиги ҳақида турли фикр-мулоҳазалар билдирилмоқда.
Бахтиёр Шералиевнинг “Дарсликлар, дарсликлар, дарсликлар” сарлавҳали мақоласида биология фани дарсликлари бугунги кун нуқтаи назаридан анча эскиргани, шу боис замонавий илм-фан маълумотлари билан бойитилиши зарурлиги, умуман, барча дарсликлар талабга жавоб бермаётгани, уларни нашр эттиришдан олдин кучли экспертизадан ўтказиш кераклиги таъкидланади. Муаллиф мулоҳазасини асл ҳолида келтирамиз: "Масалан, 7-синф зоология дарслигини олиб қарасангиз, у кейинги 20 йил мобайнида деярли 5-10 фоизга ҳам ўзгармаганлигига гувоҳ бўласиз...
Аниқ мисол келтирадиган бўлсам, болаларимиз бир ҳужайрали хивчинли ҳайвон деб ўрганаётган «вольвокс» деб аталган организм олимлар томонидан ўсимлик деб эътироф этилганига яқинда ярим аср бўлади ёки дарсликда ҳали-ҳанузгача алоҳида туркум сифатида кўрсатиб келинаётган куракоёқлилар туркумининг ўз мақомини йўқотиб, йиртқич сут эмизувчилар қаторига қўшилганига эса 30 йил бўлади...”
Бу фикрлар асослими? Нега шу вақтга қадар бу муаммо ўз ечимини топмай келмоқда?
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги Республика таълим маркази биология фани бўлими методисти Сурайё Ниёзованинг маълумот беришича, муаллиф мақоласида билдирилган фикрлар мутахассис ва муаллифлар томонидан ўрганиб чиқилган. Унга кўра, 7-синф зоология дарслигида мамлакатимиз ҳудудидаги ҳайвонлар ҳақида маълумотлар Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Зоология институти томонидан тайёрланган "Қизил китоб"нинг сўнгги нашрига асосланган.
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги Жалолиддин Азимовнинг изоҳ беришича, вольвокс ва бошқа яшил хивчинли бир ҳужайралилар ўсимликлар билан ҳайвонлар ўртасидаги оралиқ формалар ҳисобланиб, улар ботаника ва зоологиянинг умумий тадқиқот объектидир. Бир ҳужайралиларни ўрганиш ўсимликлар билан ҳайвонлар ўртасидаги филогенетик муносабатларни тушуниб олишга ёрдам беради. Дарсликлар бўйича фикр билдиришдан олдин фанда ўрганилаётган тадқиқот объектларининг айримлари бўйича илмий хулосалар якунига етмагани ва изланишлар давом этаётганини инобатга олиш зарур.
– Органик оламнинг замонавий системасида барча эукароит бир ҳужайралиларни алоҳида протисталар дунёсига киритиш 1866 йилда немис олими Э.Геккел томонидан тавсия этилган, – деди 7-синф зоология дарслиги муаллифи Очил Мавлонов. – Аммо бу системани мактаб ўқувчиларининг психо-физиологик хусусиятларини инобатга олган ҳолда, уларнинг онгига етказиш муаммоси илмий-методик жиҳатдан узил-кесил ҳал этилмаган. Трипаносомаларни олайлик, улар ҳам хивчинлилар синфига кирувчи паразит ҳайвонлардир. Фақат кейинги даврларда трипаносома ва бошқа яшил рангга эга бўлмаган хивчинлиларни олимларимиз алоҳида ҳайвонсимон хивчинлилар синфи таркибида ўрганишни таклиф этмоқда. Шу жиҳатдан ва ўқувчиларнинг ёши, уларнинг тайёргарлик даражасини ҳисобга олиб, барча хивчинлиларни битта синф доирасида ўқитишни маъқул, деб ўйлайман.
Хўш, бугунги кунда яратилаётган дарсликлар талаб даражасидами? Мактаб дарсликларини нашр эттиришга кимлар масъул? Уларни нашр қилиш жараёни қандай амалга оширилади?
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги Республика таълим маркази дарсликлар, ўқув-методик адабиётлар ҳамда уларнинг мазмун-моҳияти, сифати ва нашри билан шуғулланадиган масъул ташкилотдир.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 29 декабрдаги Узлуксиз таълим тизими учун ўқув дастурлари, дарсликлар ва ўқув қўлланмаларни қайта кўриб чиқиш ҳамда янгиларини яратиш бўйича ҳукумат комиссияси мажлиси баёнида кўрсатилган устувор вазифаларга мувофиқ, мазкур марказ дарсликлар ва ўқув-методик адабиётларни ишлаб чиқиш, улардаги сифат самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратмоқда.
Мактаб дарсликларини яратиш, нашрга тайёрлаш ва чоп этиш ишлари марказнинг илмий-методик кенгаши аъзолари, фан докторлари, профессорлар, таниқли педагог-олимлар, амалиётчи ўқитувчилар томонидан ўрганилади ва ушбу кенгаш маъқуллаган дарсликларни чоп этишга рухсат этилади.
Марказнинг дарсликлар ва ўқув-методик адабиётларни ишлаб чиқиш бўлими томонидан берилган маълумотга кўра, 2018-2019 ўқув йили учун мактабларнинг 1-, 2-, 3-, 4-, 6-синфлари учун 76 номдаги дарсликлар тўлиқ нашрга тайёрланган. Чоп этилган ушбу дарслик ва ўқув қўлланмаларни нашрга тайёрлаш жараёнида муаллиф ва нашриётлар ҳамкорлиги йўлга қўйилиб, ҳар бир дарслик бўйича олий таълим муассасаларидан 129 та хулоса олинган. Улардан 42 таси салбий хулосадир. Салбий хулоса олинган 42 та макет нашриётга қайтарилиб, муаллиф, муҳаррир, РТМ методисти билан ҳамкорликда тўлиқ қайта ишланиб, сифати таъминланган.
– Дарсликларни нашрга тайёрлаш ишлари доимий назоратда бўлиб, фан методистлари, муаллифлар ва нашриётлар ҳамкорлигида амалга оширилади, – деди марказнинг дарсликлар ва ўқув-методик адабиётларни ишлаб чиқиш бўлими бошлиғи Сулаймон Назаров. – 2018-2019 ўқув йили учун тақдим этилган барча дарслик ва ўқув-методик қўлланмалар махсус комиссия томонидан текширилди ва қабул қилинди. Масалан, 1-, 2-, 6- (чет тили) синфлар ҳамда 11-синфлар учун нашр этилиши режалаштирилган дарслик мажмуалари ДТС ва компетенциявий ёндашувга асосланган янги ўқув дастурларига мос ҳолда хато-камчиликларсиз, мазмунан ва дизайн жиҳатидан сифатли нашрга тайёрланди ва жойларга етказиб берилди. Айниқса, умумий ўрта таълим мактабларининг 11-синфлари учун яратилган жами 31 номдаги дарсликларда мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни ёритиш ва ўқувчиларга етказишга алоҳида эътибор қаратилди. Албатта, бунда ўқувчиларнинг ёши, воқеа-ҳодисаларга муносабати инобатга олинган. Шу билан бирга, мазкур 31 номдаги дарсликларнинг 131 номдаги таржима дарсликлари ҳам ўз вақтида нашр қилинди.
Бу дарслик ва ўқув-методик қўлланмаларнинг мазмуни, сифатини янада яхшилаш ҳамда такомиллаштириш айни кун талабидир. Шу мақсадда мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган методистлар, амалиётчи ўқитувчиларнинг мазкур дарсликлар юзасидан фикр-мулоҳазалари ўрганилмоқда. Бундан ташқари, вазирлик томонидан ўқув дастурлари ҳамда дарсликларни экспертизадан ўтказиш жадвали ҳам ишлаб чиқилди. 29 номдаги дарсликлар ушбу жадвал асосида экспертизадан ўтказилиб, унинг хулосалари нашриётларга тақдим этиш учун тайёр қилинган.
– Биз, ўқитувчилар учун дарсликлар асосий манба ҳисобланади, – деди Наманган вилояти Янгиқўрғон туманидаги 1-умумтаълим мактаби ўқитувчиси, халқ таълими аълочиси Салимахон Қодирова. – Улардан қай даражада фойдаланиш эса ўқитувчининг маҳоратига боғлиқ. Дарсликларни яратиш, нашрга тайёрлаш ва чоп этиш бўйича бизда яхши тизим шаклланган, бироқ бу жараённи янада такомиллаштириш керак. Дарсликларни яратишда масъуллар мактаблардаги дарс жараёнлари ва уларнинг сифати билан яқиндан танишиши, машғулотларда қатнашиши, ўқувчилар билан мулоқот қилиши мақсадга мувофиқ. Масалан, 11-синф ўқувчилари учун гуманитар йўналишдаги дарсликларда умумий фикрларга кенг ўрин берилган. Бу ўқувчиларни зериктиради. Шу боис бу жараёнда мактаб ўқитувчиларининг фикр-мулоҳазаларини ўрганиш, улар билан суҳбатлашиш ўринлидир.
Айтиш жоизки, Президентимизнинг 2018 йил 5 сентябрдаги “Халқ таълими тизимига бошқарувнинг янги тамойилларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишларни замон талаби даражасида такомиллаштиришда муҳим аҳамият касб этади. Айни кунда мазкур қарорнинг 3-иловаси билан “2018-2021 йилларда Ўзбекистон Республикаси халқ таълими тизимини янада такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар” дастури ишлаб чиқилган. Унга мувофиқ, дарслик ва илмий-методик адабиётларни яратиш, нашрга тайёрлаш ва тажриба- синовдан ўтказиш тартиби Халқ таълими вазирлиги томонидан ишлаб чиқилмоқда. Келгусида мактаб дарсликларини ушбу тартиб асосида яратиш кўзда тутилган.
Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА,
ЎзА мухбири