Қўғирчоқ методбирлашмалар керак эмас
Халқ таълими вазирлигининг буйруғига асосан, умумий ўрта таълим мактабларида методбирлашмалар, методика кенгашлари ташкил этилган. Аммо айримларининг фаолиятини талаб даражасида деб бўлмайди. Ҳужжатлар номигагина тўлдирилади, аксарият ҳолларда методист фаолиятига ўтказган тадбирига қараб баҳо берилади. Уларга холис баҳо бериш, методика кенгаши ҳамда методбирлашмалар фаолиятини ўрганиш учун 100 нафар мактаб ўқитувчиси ўртасида сўровнома ўтказдим.
Маълум бўлишича, мактабларда методбирлашма, методика кенгаши йиғилишлари деярли ўтказилмайди. Ҳужжатлар мажбурий тарзда тайинланган методбирлашма раҳбари томонидан номига тўлдирилади. Аслида, дарслар дастлаб методбирлашма йиғилишида тақсимланиб, методика кенгашида муҳокама қилиниши, сўнг педагогика кенгашига тақдим этилиши керак. Бундан таш¬қари, методбирлашма йиғилишида ёш мутахассисларга методик ёрдам кўрсатиш, дарс таҳлили, очиқ дарс, илғор иш тажрибасини оммалаштиришга тавсия этиш, ўзаро тажриба алмашиш, методик қўлланма яратиш, чоп этилган янги дарсликларни муҳокама этиб, тегишли қарор қабул қилиш керак. Ана шундай муҳим вазифани бажариш лозим бўлган методбирлашмаларнинг иш фаолиятида кўзбўямачиликка йўл қўйилаётганига айрим мактаб директорлари ва ўринбосарлари бепарво қараяпти. Бу эса жамоадаги муҳитга салбий таъсир кўрсатмоқда.
Амалда деярли барча мактабда дарс соатларини мактаб директори, ўқув ишлари бўйича ўринбосар тақсимлайди. Лекин бу жараёнда ҳам адолат тамойиллари бузилмоқда. Мисол учун, баъзи мактабларда олий маълумотли ўқитувчилар бор-йўғи 10—12 соат дарс билан таъминланган. Мактаб директори иш берувчи сифатида хоҳлаган мутахассисни ишга олаверади, бу эса бошқаларнинг дарс соатига таъсир кўрсатмай қолмайди. Умрининг 4-5 йилини олий ўқув юртида ўқиб-изланиб ўтказган ўқитувчи 0,5 штат бирлигида ишласа, оиласининг моддий эҳтиёжини қондира олмайди. Дарс соати кам бўлгани учун ўриндошлик асосида бошқа мактабда ҳам ишлашга мажбур. Бунинг ортидан қўшимча солиқлар, меҳнат таътилига пул олмаслик каби муаммолар келиб чиқади.
Бу муаммони ҳал қилиш учун, биринчи галда, мактаб методбирлашма низомини қайта кўриб чиқиб, ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаш, методбирлашма тавсиясини олган мутахассисларни ишга қабул қилиш тизимини йўлга қўйиш керак. Дарс тақсимоти методбирлашмада кўриб чиқилишини қатъий белгилаб, бу ишга алоҳида шахсларнинг аралашувини тақиқлаш лозим. Дарслар август ойида тақсимланиши, 1 ставкадан зиёд дарсларни мактаб педагогика кенгашига тақдим этиш, шунга кўра янги кадрни ишга олиш керак.
Таълим муассасасини бошқаришда шаффофликни таъминлаш мақсадида методбирлашма ваколатини кенгайтириш ўқитувчилар иш фаолиятини жонлантиради. Директор ўринбосарлари ҳам методбирлашма раҳбарининг умумий йиғилиши қарорига биноан лавозимга тайинланса, ходимлар орасида ўзи сайлаган раҳбарга ишонч ҳисси ошади. Ана шунда мактабда фаолият юритаётган ҳар бир педагог ўз баҳосига муносиб тарзда иш ва вазифага лойиқ кўрилади. Холислик ва адолат бор жойда ютуқ ва имкониятлар ҳам ортаверади.
Ғайратжон ҚОРАБЕКОВ, Булунғур туманидаги 11-мактаб ўқитувчиси