Қишлоқда қурилаётган таълим масканлари
Улардаги шарт-шароит ва қулайликлар шаҳар мактаблариникидан қолишмайди
Мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари барча шаҳару қишлоқларимизда қад кўтараётган бир-биридан кўркам, барча шароитларга эга замонавий ўқув масканлари, спорт иншоотлари мисолида яққол бўй кўрсатмоқда. Ҳурриятимизнинг фараҳбахш эпкинлари туфайли барпо этилаётган замонавий таълим масканларига ҳавас билан боқиб, маърифатпарвар бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг «Мактаб дунё иморатларининг энг муқаддаси ва қадрлисидир. Мактабнинг чин ва ҳақиқий маъносини билган миллатлар жонлари, моллари илан ҳиммат ва ғайратларини сарф этиб, миллатнинг тараққийи ривожига ижтиҳод қилурлар», деган пурмаъно гаплари кўнгилдан ўтади.
Мустақиллик йилларида юртимизнинг барча жойларида бўлгани каби Сурхон воҳасида ҳам асрларга татигулик эзгу ишлар амалга оширилди. Буни вилоятда бунёд этилаётган боғчалар, мактаблар, замонавий академик лицей ва коллежлар, намунавий лойиҳалар асосида бунёд этилган янги уй-жойлар, обод гузарлар мисолида кўриш мумкин. Энг улуғ, энг азиз айём шукуҳи уфуриб турган шу кунларда воҳа аҳли, хусусан, устоз-мураббийлар жажжи ўғил-қизларимиз қалбларига олам-олам завқ бағишлайдиган билимлар кунини кўтаринки кайфиятда кутиб олишга астойдил бел боғлаган.
— Мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ юртимизда ёшлар таълим-тарбиясига, уларнинг ҳеч кимдан кам бўлмай улғайишига алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Биргина 2004—2014 йиллар мобайнида вилоятимизда Мактаб таълимини ривожлантириш давлат умуммиллий дастури ҳамда Инвестиция дастури асосида 30дан зиёд янги мактаб биноси қуриб фойдаланишга топширилди. 289та таълим маскани капитал реконструкция қилиниб, 395та ўқув даргоҳи капитал таъмирланди. Мазкур мактабларнинг барчаси ўқув-лаборатория ускуналари, компьютер ва мультимедиа воситалари билан жиҳозланди, — дейди Сурхондарё вилоят халқ таълими бошқармасининг қурилиш ва моддий таъминот бўлими бошлиғи Ислом Сафаров. — Жорий йилда ҳам Инвестиция дастури асосида 15та мактабда капитал реконструкция, 13та мактабда капитал таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. 3та мактаб биноси янгидан бунёд этилаяпти. Ушбу қурилиш-таъмирлаш ишларига 18 миллиард 521 миллион сўмдан кўпроқ маблағ ажратилган. Айни пайтда мазкур иншоотларни янги ўқув йилига қадар фойдаланишга шай қилиш учун қурувчилар сидқидилдан меҳнат қилишмоқда. Давлатимиз томонидан қаратилаётган бундай эътибор ва ғамхўрлик туфайли вилоятимизда таълим тизими шаклан ва мазмунан бойиб, фарзандларимизнинг замонавий билимларни пухта эгаллаши, педагогларимизнинг самарали меҳнат қилиши учун қулай шарт-шароит яратиляпти.
Бу йилги Инвестиция дастури доирасида кўркам, замонавий таълим масканлари, спорт мажмуаларининг аксарияти қишлоқ жойларда бунёд этилаётгани алоҳида диққатга молик. Жумладан, вилоятнинг чекка ҳудуди ҳисобланган Узун туманидаги «Обод юрт» маҳалласида янги мактаб биносининг қурилиши барчани бирдек қувонтирди.
— Мустақиллигимизнинг 24 йиллигини кўтаринки кайфиятда кутиб олиш билан бирга, янги ўқув йилини янги бинода бошлашдан бахтиёрмиз, — дейди мактаб директори Эркин Ҳасанов. — Қисқа муддатда барпо этилган замонавий ўқув масканида зарур шарт-шароитлар мавжуд. Қишлоғимиз ёшлари шаҳарлик тенгдошлари қатори ўқув-лаборатория кабинетлари ва компьютер хоналарида билим олиш имкониятига эга бўлдилар. Айниқса, гимнастика залининг барпо этилгани спортга иштиёқманд қишлоқ қизлари учун айни муддао бўлди. Бу шароит ва қулайликлар ўғил-қизларимизнинг эртанги кунга ишончи, юртга муҳаббат ва садоқат туйғуларини оширади.
Инвестиция дастури асосида Шеробод ва Ангор туманларида 315 ўринли янги мактаб биноси қурилиши жадал давом этмоқда. Қурувчилар ҳозирга қадар молиялаштирилган маблағнинг 80 фоизидан кўпроқ ҳажмдаги ишларни бажардилар. Вилоятдаги 13та таълим масканида олиб борилаётган капитал таъмирлаш ишлари ҳам бирин-кетин ниҳоясига етказилмоқда. Жумладан, Олтинсой туманидаги 2-, Термиз шаҳридаги 2-, Жар¬қўрғон туманидаги 7-, Музработдаги 38-, Ангордаги 24-, Қизириқ туманидаги 42-мактаблар ва 7-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернати янги ўқув йилига шай қилинди. Мутасаддиларнинг таъкидлашича, қолган ўқув масканлари ҳам 20 августга қадар фойдаланишга топширилиши кўзда тутилган.
Термиз шаҳридаги 2-мактаб ўтган асрнинг 20-йилларида қурилган бўлиб, вақт ўтган сайин яроқсиз ҳолга келиб қолган эди. Бундай ноқулай ҳолат барчанинг кайфиятига салбий таъсир этарди. Тизимдаги ислоҳотлар самараси ўлароқ, мустақиллигимизнинг 24 йиллиги арафасида мактаб жамоасининг орзуси ушалди. Инвестиция дастури асосида мактаб капитал таъмирдан чиқарилиб, замонавий қиёфага эга бўлди.
— Бугун юртимизда олиб борилаётган изчил ислоҳотлар замирида фарзандларимизнинг эзгу орзу-умидларини рўёбга чиқариш, эртанги кунга бўлган ишончини мустаҳкамлашдек олижаноб мақсад мужассамлигини ҳар бир юртдошимиз теран англаб турибди. Мана шу эътибор туфайли бизнинг мактабимиз ҳам мукаммал таъмирланиб, кўркам масканга айлантирилди. Улуғ айём арафасида бу туҳфадан ўқувчиларнинг шодлиги чексиз. Янги ўқув йилида 60 нафар ўғил-қиз 1-синфга қабул қилинади. Уларнинг илк дарсларни хушкайфиятда бошлаши учун барча шарт-шароитлар муҳайё этилган, — дейди мактаб директори Шуҳрат Амирқулов. — Янгиликдан руҳланган педагогик жамоамиз мактабимиздаги ободонлаштириш ишларига ҳисса қўшиш билан бирга, мустақиллигимизнинг 24 йиллигини кўтаринки кайфиятда кутиб олиш мақсадида байрам сценарийсини ишлаб чиқишди. Истиқлолни мадҳ этувчи панно ва плакатлар тайёрланди. Таълим масканимиздаги қулайликлар янги ўқув йилини янги бинода бошлаган ўқитувчи-мураббийларимиз учун катта муваффақиятларга эшик очиши шубҳасиз.
Директор ҳамроҳлигида мактаб биноси, шинам ва ёруғ синфхоналар, спорт залини айланар эканмиз, янги ўқув йилига тайёргарлик ишлари кўнгилдагидек бажарилганига гувоҳ бўлдик. Мактаб ҳовлисини ободонлаштираётган қу¬рувчилардан бири — Абдурашид Аннаевнинг шаҳди баланд, ғайрати ичига сиғмайди. Юртимизда олиб борилаётган бунёдкорлик ишларига ҳисса қўшаётганидан мамнун.
— Мактаб қуриш азалдан хайрли ишлардан ҳисобланади. Шу боис Президентимиз раҳнамолигида мустақилликнинг илк йиллариданоқ юртимизда мактаб, коллежлар қурилишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Биз бунёд этган таълим масканларида фарзандларимиз, невара-чевараларимиз билим олиб, улғайишади. Буни юрагимдан ўтказган сайин ишимдан мамнунлик туяман, — дейди у. — Ушбу ўқув даргоҳини ҳам сифатли таъмирлаш учун сидқидилдан меҳнат қилдик. Қурилиш материаллари ўз вақтида етказиб берилгани боис мактабни муддатидан олдин фойдаланишга топширдик. Бундан устоз-мураббийларнинг қувончи ичига сиғмай, қайта-қайта миннатдорлик билдиришяпти. Меҳнатимизнинг юртдошларимиз томонидан қадрланиши биз учун катта бахт. Жамоамиз билан яна кўплаб таълим масканларини бунёд этиш ниятимиз бор.
Мактабдан қайтарканмиз, унинг қурилишида фидокорона меҳнат қилаётган Абдурашид Аннаев каби қурувчиларнинг дилсўзларини эшитиб, мактабларга қаратилаётган эътибор моҳиятини теран англаган, бутун борлиғи, куч-қуввати билан юртимиз тараққиётига ҳисса қўшаётган юртдошларимиз кўплигидан мамнуният туйдик.
Дарҳақиқат, тараққиёт бешиги дея эътироф этилган мактабларга қаратилаётган улкан эътибор, Юртбошимизнинг ёшларга ғамхўрлиги, оталарча меҳри туфайли фарзандларимиз замонавий билим ва касб-ҳунарларни чуқур эгаллаб, мустақил фикр юритадиган авлод бўлиб улғаймоқда. Улуғвор мақсад йўлидаги бундай саъй-ҳаракатлар сурхондарёлик халқ таълими ходимларини ҳам янгича фикрлашга, изланишга, интилишга, касбига нисбатан фидойи ва масъулиятли бўлишга ундаяпти.
Исмоил ШОКИРОВ