1978та мактаб ярмаркаси
Ҳадемай янги ўқув йили бошланади. Шу муносабат билан айни пайт¬да республикамиздаги барча умумтаълим мактабларида қизғин тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. Халқ таълими вазирлиги томонидан ташкил этилган медиатур иштирокчилари Мирзо Улуғбек туманидаги 64-мактабда бўлиб, 2016-2017 ўқув йилига тараддуд жараёни билан яқиндан танишди.
Таълим муассасаси янги ўқув йилига шай ҳолатга келтирилиб, барча синфлар учун дарсликлар тахт қилинган. Айниқса, бу йил йил 1-синфга қабул қилинадиган ўқувчиларга аталган портфель ва 12 турдаги ўқув қуроллари ҳамда дарсликлардан иборат Президент совғалари илк бор мактабга қадам қўядиган ўғил-қизларга олам-олам шодлик улашиши табиий.
— Бу йил ҳам ҳар тўрт йилда такрорланадиган ҳаяжон билан 1-синфга келадиган ўқувчиларимни кутаяпман, — дейди бошланғич синф ўқитувчиси Нигора Қамбарохунова. — Бу гал ҳар доимгидан ҳам кучлироқ масъулият билан билимлар кунига пухта тайёргарлик кўрдик. «Мустақиллик дарси»ни ўтиш бўйича намунали слайдлар тайёрлаб, «Ким эдигу ким бўлдик?» деган савол жавобини болаларга оддий, содда тушунчалар ёрдамида тушунтиришни режалаштирдим. «Мустақиллик дарси» слайдини «Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!» шиори билан бошлаб, эски ва янги Тошкент қиёфаси акс этган суратларни қиёслаб, турли қизиқарли анимациялар ёрдамида ўқувчиларнинг ватанпарварлик туйғусини кучайтирмоқчиман.
Янги ўқув йилидан эътиборан 4-синф ўқувчилари ҳам тажриба-синовдан муваффақиятли ўтган дарслик мажмуалари асосида чет тилларни ўргана бошлайди. Шу муносабат билан мазкур синфларнинг хорижий тил хоналари ҳам ўқув йилига шай ҳолатда жиҳозланди. Мультимедиа воситалари билан таъминланган чет тили хоналарига болаларга мўлжалланган қўшиқ, мультфильм, тез айтиш, эртак, қизиқарли ўйинлардан иборат электрон дидактик воситалар келтирилгани ўқувчиларнинг хорижий тилларни зўр иштиёқ билан ўрганишида муҳим аҳамият касб этади.
Медиатур доирасида Республика болалар кутубхонасида мактаб ўқув қуроллари, адабиётлар, болалар кийим-кечаклари ҳамда пойабзаллари кўргазмаси ташкил этилди. Тадбирда Халқ таълими вазири У.Иноятов иштирок этиб, янги ўқув йилига тайёргарлик бўйича тизимда амалга оширилган ишлар хусусида журналистларга батафсил маълумот берди.
Тадбирда таъкидланганидек, анъанага мувофиқ бу йил ҳам республикамиз бўйлаб 2000 га яқин мактаб ярмаркаси ташкил этилиб, ота-оналар 10 августдан 10 сентябргача 26 турдаги зарур ўқув қуроллари ва мактаб либосларини яшаш ҳудудига яқин жойлашган аҳоли гавжум нуқталардан харид қилиш имконига эга бўлади. Бунинг учун асосий турдаги маҳсулотларни Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги, “Ўзбекенгилсаноат”, “Шарқ” компаниялари, “Ўзбекчармпойабзали” уюшмаси етказиб беради.
Энг асосийси, мактаб ярмаркаларида сотиладиган маҳсулотлар нархининг сунъий оширилмаслиги ҳамда қадриятларимизга зид, ўқувчи-ёшлар онгига салбий таъсир этадиган, зўравонлик ва тажовузкорликни тарғиб этувчи расмлар туширилган ўқув қуроллари сотилмаслиги учун барча зарур чоралар кўрилади. Савдо ҳудудларида тўлов терминалларининг узлуксиз ишлаши таъминланади.
— Компаниямиз юртимиздаги барча болалар ва ўсмирларни ўзимизда ишлаб чиқарилган сифатли пойабзаллар билан таъминлаш салоҳиятига эга, — дейди “Ўзбекчармпойабзали” уюшмаси етакчи мутахассиси Шуҳрат Алимов. — Маҳсулотларимиз табиий материалдан тайёрлангани боис ўқувчилар саломатлигига салбий таъсир кўрсатмайди. Бугунги кўргазмада республикамизнинг барча ҳудудларида ташкил этилган мактаб ярмаркаларига пойабзал етказиб бериш бўйича шартномалар имзоладик.
Яратилган қулайликлар кўргазмада иштирок этган ота-оналарни ҳам бирдек мамнун этди.
— Бу йил ўғлим 6-, қизим 3-синфга ўтди. Улар янги ўқув йили бошланишини орзиқиб кутаяпти, — дейди кўргазма иштирокчиси, пойтахтлик Шоҳиста Ҳожиева. — Бугун фарзандларим билан кўргазмага келиб, мактаб формаларини кўздан кечирдик. Уларнинг сифати, бежиримлиги болаларимга ҳар томонлама ёқди. Керакли барча адабиётлар ҳам мавжудлигини кўриб, хотиржам бўлишди.
Ҳа, мустақиллигимизнинг қутлуғ 25 йиллиги байрамига қизғин тайёргарлик кўраётган халқимиз фарзандларининг мактабга бекаму-кўст, намунали ўқувчи бўлиб боришини истайди. Бунинг учун тинч ва фаровон юртимизда барча зарур шарт-шароитлар муҳайё.
Насиба ЭРХОНОВА,
«Ma’rifat» мухбири