Хоразмда мактаблар куз-қиш мавсумига тайёр
Янгиариқ туманидаги 13 та мактаб кўмир ёрдамида иситилади. Айни кезда уларга куз-қиш мавсуми учун жами 454,4 тонна кўмир етказиб берилган. Шундан 320,3 тоннаси кўмир брикетидир.
Тумандаги 3-мактаб “Обод қишлоқ” дастурига киритилган бўлиб, 2018 йилда капитал таъмирланди. Мактабнинг атрофи — 2,5 гектарлик майдон девор ва панжара билан ўралди. 120 ўринли қўшимча бино қурилди. Мактабда қурилиш ташкилотлари томонидан 1 миллиард 364 миллион сўмлик иш бажарилган. Мазкур мактаб ҳам кўмир ёрдамида иситилади. Бунинг учун жами 51 тонна кўмир ва брикет жамғариб қўйилган. Қопланган брикет кўмирхонада, бошқаси эса ташқарида — усти лой билан сувалган ҳолда сақланмоқда. Ачинарлиси, тумандаги айрим мактаблар табиий газдан тамоман узилган. — Янгибозор туманида 28 та умумтаълим мактаби ва 1 та “Баркамол авлод” болалар маркази фаолият олиб боради, — дейди туман ХТБ мудири Шоназар Жумамуродов. — Уларда жами 15659 нафар ўқувчи таълим-тарбия олмоқда. Мактабларда куз-қиш мавсумини беталофат ўтказиш мақсадида маҳаллий бюджет ҳисобидан 485,7 миллион сўм ажратилган. Мактабларнинг иссиқлик тизими таъмирланиб, синган ойналари бутланди. 20-мактабда эса 5 та иситиш қозони замонавийсига алмаштирилди.
Янгибозор туманидаги мактабларга 138,1 тонна кўмир ва 343,7 тонна брикет ёқилғи¬си етказиб берилган. 13-мактаб Чўболанчи қишлоғида жойлашган бўлиб, у ерда жами 695 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. Мактаб қуз-қиш мавсуми учун 31 тонна брикет ва 10 тонна кўмир ёқилғисини олган.
— Мактабни 3 та иситиш қозони ва голланд печлари билан қиздирамиз, — дейди директор Икром Машарипов. — Мактабимиз 2019 йили “Обод қишлоқ” дастурига тушса, капитал таъмирланишидан умидвормиз.
Ҳақиқатан ҳам, мактаб капитал таъмирга муҳтож. Буни бинонинг кўриниши “айтиб” турибди. Мактабнинг теварак-атрофи ўралмаган.
— Куз-қиш мавсуми учун 2018-2019 ўқув йилида маҳаллий бюджетдан ажратилган 963,5 миллион сўм эвазига 69 та мактабнинг қозонхоналари жорий таъмирланди. 3 та (41-, 42-, 47-) таълим муассасасида 9 та иситиш қозони янгисига алмаштирилди. Таълим муассасаларига 734,3 тонна (224,7 тонна кўмир ва 509,6 тонна брикет) кўмир ёқилғиси тўлиқ етказиб берилди, — дейди Ҳазорасп тумани ХТБ мудири Зулфия Қурбонова.
Болтабой МАТҚУРБОНОВ