Эркак ўқитувчи — тарбияда катта куч
Пойтахтимиздаги маданият ва истироҳат боғларидан бирида тамаки тутатиб ўтирган ўсмирлар гурунги эътиборимни тортди.
— Дарсга кирмай чакки қилдик-да? — деди улардан бири афсусланганнамо.
— Нималар деяпсан, охирги соат бўлса. Дарсга тайёрланмаганмиз, дакки эшитгинг келяптими? — дея уни ҳушёрликка чорлаган бўлди қорачагина йигит.
— Баҳслашишга не ҳожат? Кимё опа соддагина аёл, бирор нимани баҳона қилсак, кечиради-қўяди. Шунга ҳам ота гўри қозихонами? — дея суҳбатга якун ясади бошқаси.
Ўтиш даврини бошдан кечираётган ўсмирлар ҳаётида бундай воқеалар тез-тез кузатилади. Эътибор берган бўлсангиз, дарсдан қочган ўқувчилар аёл ўқитувчига ўз таърифини бериб, бунга вазиятдан чиқиб кетишнинг осон ва қулай йўли сифатида қарамоқда. Ўсмирнинг ўлчови қанчалик тўғри, бу чуқурроқ ўйлаб кўришга арзийдиган масала. Ҳақиқатан ҳам, умумтаълим мактабларида эркак ўқитувчиларнинг камайиб кетиши ўғил болалар тарбиясида анча-мунча муаммоларни туғдирмоқда. Бу эса ўзбек халқининг ўғил бола тарбиясига жиддий эътибор қаратишдек асрий анъанасига путур етказаётир.
Сизга таниш манзара. Мабодо оғирроқ нарсани бир жойдан иккинчи жойга кўтариш лозим бўлса, айрим йигитлар бу соғлиғига тўғри келмаслигини айтиб, ўзини четга олади. Оғирнинг остидан, енгилнинг устидан ўтиш керак. Ёки автобусда кетяпсиз, ёш йигит кўзини юмиб олган, атрофда чол-кампир борми, болали аёл чиқадими, пинагини ҳам бузмайди. “Бетнинг қалини — жоннинг ҳузури”. Яқин йилларда мактаб таълимини олиб, мустақил ҳаётга учирма қилинган йигитга, шубҳасиз, аёл ўқитувчилар дарс берган. Аёл — она, у ҳеч қачон йигитга эркаклик фазилатларини сингдира олмайди. Бутун фожиа ана шундан бошланади. Эркак педагогнинг тарбиясини олмаган ўқувчида ўз-ўзидан аёлга хос хислатлар шаклланмайдими?
Таълим даргоҳларига кириб борсангиз, ўқитувчиларнинг аксарияти хотин-қизлар эканини кўрасиз. Бу билан фарзандларимизга қалб қўрини, кўз нурини бераётган, билим улашиб, дунёни теран англашига катта ҳисса қўшаётган муаллималарни ранжитмоқчи эмасмиз. Аксинча, уларнинг миллионлаб кичкинтойларни ўқув йили бошида қучоқ очиб, бағрига олишини, бошини силаб, мактабга мослаштириш учун ўзининг кўп йиллик педагогик тажрибасига суянишини ҳаммамиз биламиз. Ҳа, ўқувчилик дамларини кўз ўнгидан ўтказадиган ота-оналар ҳам буни юракдан ҳис қилади.
Сергели туманидаги «Дўстлик-2» мавзесида яшайдиган оиланинг тўрт нафар фарзанди битта мактабда ўқийди. Ўзлаштириши ўртача. Тарбияси ҳамин¬қадар. Ота-она бозорда тирикчилик қилади. Оила бошлиқларининг бола тарбиясини тўлиқ ўқитувчи зиммасига юклаб қўйгани ачинарлидир. Яқинда болалардан бири мактабга бормасдан бозорда ўғирлик қилибди. Маҳалла фаолларининг шу хонадонга келиб панд-насиҳат қилишидан наф чиқмагач, бола тарбияси оғир ўсмир сифатида профилактика инспектори рўйхатига олинди. Агар ота ўғлининг, эркак синф раҳбари ўқувчисининг юриш-туришини қатъий назоратга олганида эди, ҳуқуқбузарлик содир этилмас эди.
Шаҳрисабз туманидаги 10-мактабда “суяги қотган” 85 ёшли педагог Сайфулла Мелиевнинг номини нафақат туманда, балки вилоятда ҳам ҳурмат-эҳтиром билан тилга олишади. Таъбир жоиз бўлса, Сайфулла акада ўқитувчига хос қатъият, ғайрат-шижоат, мардлик, ҳозиржавоблик хислатлари мужассам. Отахон ҳали-ҳануз мактаб тадбирларидан бўшамайди. Қайси даврага, қайси туманга бормасин, фахрий педагог битта гапни такрорлайди: “Мактабнинг тенг ярми эркак педагог бўлиши керак. Дипломингиз бўла туриб, Россияда нима қиласиз? Қозоғистонда сизга нима бор? Оилангизни ташлаб, мусофирликда, иссиқ-совуқда қийналгандан кўра тинчгина қадрдон мактабингизда элнинг боласини ўқитинг. Шунинг ўзи катта савоб-ку!”.
Сайфулла бобонинг куюнганича бор. Ўқитувчиларнинг маоши анча кўтарилган бўлишига қарамай, тумандаги айрим мактабларнинг эркак ўқитувчилари кўпроқ даромад топиш илинжида хорижий давлатларга кетган. Фахрий педагог «Ўқитувчилик — хотин-қизларга хос иш» деган тушунчани асло ҳазм қилолмайди.
Савол туғилади: юртимиздаги педагогика институтларини ҳар йили минглаб йигитлар тамомлайди. Улар ишлаш учун мактабга боряптими? Педагоглик дипломига эга бўлган ёш кадр нима учун бошқа соҳага ўзини уради? Бу савол мутасаддиларни озгина ташвишлантирганида эди, умумтаълим мактаблари ҳозиргидек эркак педагогларга муҳтож бўлиб қолмасди.
Тошкент шаҳрида 302 та умумтаълим мактаби мавжуд бўлиб, уларда 17 минг 594 нафар ўқитувчи ва мураббий турли фанлардан сабоқ беради. Шундан атиги 1785 нафари эркак ўқитувчи эканлиги чиндан ҳам афсусланарлидир.
Биз бу билан нозик хилқат эгалари — муҳтарама аёлларнинг таълим-тарбиядаги ўрнини камситмоқчи эмасмиз. Ўтиш даврида билиб-билмай катта-кичик жиноятларни содир этувчи ўсмирга аёл педагогнинг танбеҳ ва даккисидан кўра, эркак ўқитувчининг қаттиққўллиги таъсир қилиб, уни тўғри йўлга бошламайдими? Қолаверса, ўзбек менталитетида, унинг оиласида эркак устунлик қилади. Агар ана шу куч мактабда ҳам ўз ролини сақлаб қолса, ўқувчи-ёшлар ўртасида суицид, майда ҳуқуқбузарлик ҳодисалари кескин камаяр эди.
Абдусами ҲАҚБЕРДИЕВ,
журналист