Август анжуманлари қизғин паллага кирмоқда
Фарғона шаҳридаги 40-ИДУМда анъанавий август кенгашларини юқори савияда ташкил этиш ва тренерлар тайёрлашга бағишланган республика ўқув-семинари ўтказилди. Йиғилганлар дастлаб 9 йўналиш бўйича ташкил этилган кўргазмали тақдимотлар билан танишди. Шундан сўнг жойлардан таклиф этилган 316 нафар иштирокчи мавзулар юзасидан баҳс-мунозарага киришди.
— Семинар иштирокчилари шўъбаларда кўтарилган мавзулар билан яқиндан танишиб, таълим-тарбия жараёнида учраётган айрим муаммо ва камчиликлар, уларни бартараф этиш усуллари ҳақида атрофлича маълумотга эга бўлдилар, — дейди вилоят халқ таълими бошқармаси методика маркази мутахассиси Нодир Мелиқўзиев. — Энди улар ўз ҳудудларида ўтказиладиган шўъба ва ялпи йиғилишларда тренер сифатида иштирок этиб, кўтарилган долзарб вазифалар юзасидан ҳамкасбларига тўлиқроқ маълумот бериши, тақдимотларни юқори савияда ўтказишларига ишончимиз комил.
* * *
Самарқанд шаҳридаги 45-умумтаълим мактабида ташкил этилган республика ўқув-семинарида август кенгашларининг мақсад ва вазифалари, янги ўқув йилида бажарилиши лозим бўлган вазифалар соҳа мутасаддилари ва педагоглар томонидан муҳокама этилди.
Семинарда иштирок этган туман(шаҳар) ХТМФМТТЭ бўлимларининг энг илғор методистлари, тажрибали мактаб директорлари ва уларнинг ўринбосарлари, ижодкор ўқитувчилар, вилоят ХТХҚТМОИ ўқитувчилари 9 йўналиш бўйича шўъбаларга бўлиниб, фанлар кесимидаги ялпи ва шўъба йиғишларини самарали ташкил этиш ва ўтказиш бўйича ўз малакасини оширди.
Ўқув-семинар машғулотларини Республика таълим маркази, Абдулла Авлоний номидаги ХТХҚТМОМИ, Мактабгача таълим муассасалари ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш республика ўқув-методика маркази, «Баркамол авлод» республика болалар ижодиёти марказининг тажрибали мутахассислари олиб бориб, иштирокчилар масъулияти ва ташаббускорлигини ошириш, 2014-2015 ўқув йилида фан олимпиадалари ҳамда билимлар беллашувида ўқувчиларнинг билимларида аниқланган бўшлиқларни тўлдириш юзасидан тавсиялар беришди.
* * *
Учтепа туманидаги 116-умумтаълим мактабида анъанавий август кенгашлари доирасида “Таълим сифати — келажак пойдевори” мавзусида ўтказилган Тошкент шаҳар халқ таълими ходимларининг ўқув-амалий семинарида Халқ таълими вазирлиги, Республика таълим маркази, Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси масъул ходимлари, туман ХТМФМТТЭ бўлимлари мудирларининг ўринбосарлари, давлат таълим стандартлари мониторинг кичик гуруҳи раҳбарлари ва фан методистлари иштирок этди.
Йиғилишда умумтаълим мактабларида таълим сифатини ошириш бўйича 2014-2015 ўқув йили якунлари ва янги ўқув йилидаги вазифалар ҳамда таълим сифати мониторинги натижалари таҳлил этилди.
— Ўтган ўқув йилида таълим сифати ва мазмунидаги ижобий ўзгаришлар пойтахт ўқувчилари ва ўқитувчиларининг билимлар беллашуви, фан олимпиадаси ҳамда “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси” кўрик-танловларидаги фаол иштирокида кўзга яққол ташланди, — дейди Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси методика маркази раҳбари Қаҳрамон Алимардонов. — Айни пайтда билимлар беллашуви ва фан олимпиадасида ўқувчиларнинг билимида аниқланган бўшлиқларни тўлдириш бўйича тегишли чора-тадбирларни ишлаб чиқиш, методистларнинг ахборот-коммуникация воситаларидан фойдаланиш кўникмасини ошириш, ўқитувчилар эҳтиёжига мос тарзда методик хизмат кўрсатиш чораларини кўраяпмиз.
Тадбирда психологик тренинг ва амалий машғулотлар ўтказилиб, иштирокчиларга зарур тавсия ҳамда кўрсатмалар берилди.
* * *
Шунингдек, жойларда фанлар бўйича анъанавий август кенгашларининг шўъба ва ялпи йиғилишлари ҳам бошланди. Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси методика маркази ҳамда Юнусобод тумани ХТМФМТТЭ бўлими ҳамкорлигида 86-умумтаълим мактабида этика-эстетика ва меҳнат таълими фанлари, 97-умумтаълим мактабида ижтимоий-иқтисодий фанлар ўқитувчилари иштирокида ўтказилган ялпи ва шўъба йиғилишларида 2014-2015 ўқув йилида амалга оширилган ишлар атрофлича таҳлил қилиниб, янги ўқув йилида бажарилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб олинди.
— Билимлар беллашуви, фан олимпиадаси ва бошқа кўрик-танловларни тўғри ташкил қилиш, уларда ўқувчиларнинг фаол иштирокини таъминлаш таълим сифатига таъсир этувчи муҳим омиллардан саналади, — дейди шўъба тренери Фаёза Йўлдошева. — Шу боис йиғилишда бу борада ил¬ғор саналган республикамиздаги мактабларнинг тажрибасини атрофлича ўргандик. Бу бўйича мутахассислар томонидан аниқ тавсия ва таклифлар билдирилди. Қўшимча фикр-мулоҳазалар ўртага ташланиб, қизғин муҳокама қилинди.
Ҳар икки мактабда ташкил этилган ялпи ва шўъба йиғилишларида 550 нафарга яқин методист ва ўқитувчилар иштирок этди. Йиғилганлар тажрибали тренерлардан ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олишди.
Шарифа МАДРАҲИМОВА,
Ҳаким ЖЎРАЕВ,
Хайриддин МУРОД,
Икром АВВАЛБОЕВ,
“Ма’rifat” мухбирлари