Педагог руҳан толиқса…
Глобал интернет оламида баҳс-мунозара ранг-баранг. Ҳар бир гуруҳнинг ўз мавзуси бор. Ўқитувчи фаолияти билан боғлиқ нохуш ҳолатлар эса барчанинг диққат-эътиборини тортади. Иқтибос келтирамиз: “Дарс талашиб, бир-биридан синфдан чиқиб кетишни талаб қилаётган ўқитувчилар ўқувчиларни унутишган гўё. Бақир-чақир авжига чиққанидан айрим болалар қулоқларини беркитишган”...
Икки ўқитувчининг синфда, ўқувчилар кўз ўнгида бир-бирини ҳақоратлаганини қоралаганлар кўп бўлди. Якуний хулоса: педагогликни танлаган инсон ҳар қандай вазиятда тўғри йўл тута билиши, ўзини бошқара олиши шарт.
Бундай манзара нафақат мактаб, балки мактабгача таълим муассасаларида ҳам юз бераётгани ота-оналарни ташвишга солади. Фарзандини 1-синфга бераётган ота-оналар бошлан¬ғич синф ўқитувчиси ҳақидаги барча маълумотларни аввалдан тўплаб, сўнг қарор қабул қилмоқда. Бу фидойи, жонкуяр, тиришқоқ ва болажон ўқитувчиларга нисбатан ишончнинг сусайишига олиб келмасмикан? Ўқувчининг ўқитувчига бўлган ҳурматини ота-она йўққа чиқариб қўймаяптими?
“Телеграм” ижтимоий тармоғидаги ота-оналар гуруҳи суҳбатидан парча:
“2-синфда ўқийдиган қизим бир чоршанба тонгида мактабга бормаслик учун турли баҳоналар излай бошлади. Амаллаб жўнатдим. Кейинги чоршанбада ҳам шу ҳол такрорланди. Синф раҳбари билан учрашдим. Фанларни ўзлаштиришида муаммо йўқ. Синфдошлари билан зиддиятга бориб қолдимикан, деб суриштирдим. Ҳеч гап йўқ. Табиатан тортинчоқ бўлган қизимдан бунинг сабабини сўрадим.
— Рус тили ўқитувчимиз фақат бақиради. Қўрққанимдан ёд олган шеърим эсимдан чиқиб қолаверади”.
Бу воқеага муносабат билдираркан яна бир она дардини тўкиб солади. Хуллас, тармоқда кимдир у, кимдир бу муаммони ўртага ташлаш “ташаббускори”. Фикрлар “дошқозон”ида қўрс, жаҳлдор педагоглар ҳақидаги мисоллар қайнайди. Лекин ҳеч бир ота-она айтмайдики, ўқитувчидаги бу қўрслик, тажанглик ўз-ўзидан пайдо бўлган эмас. Бунда “эркатой”ларимизнинг ҳам ҳиссаси катта. Айрим ота-оналарнинг андишасиз, адолатсиз муносабатлари педагогни шу ҳолга келтириб қўйгандир. Ахир, беш дақиқа ҳам бирга дарс тайёрлашга асабингиз дош бермаётган қулоқсиз тўполончингизга ўқитувчи бутун ўқув йили давомида таълим бермоқда.
Болалигингизни бир эсланг-чи, муаллимингиз сизга ҳеч қаттиққўллик, талабчанлик қилганми? Онангиздек яхши кўрган устозингиз уй вазифасини бажармаганингиз учун жазоламаганми? Ўшанда ота-онангиз арзандасининг ёнини олиб ўқитувчингизга андишасизлик қилмаган. Чунки устознинг ўринли танбеҳи фарзанди фойдасига эканлигини тушунишган.
Тармоқдаги ёзишмалар орасида бир фикр кўзга ташланди: “Ўқитувчилик касблар орасида ҳам машаққатли, ҳам шарафли, кези келганда ёқимли касб. Бир-икки воқеани деб муаллимларни ёмонга чиқариш ярамайди. Азиз ота-оналар, ҳамма айбни ўқитувчига тўнкамасдан, фарзандимизга бу касбнинг қийинчиликларини тушунтирсак. Дарсни тинглашни, устозини ҳурмат қилишни ўргатсак, менимча, юқоридаги каби дилхираликлар сизу бизни қийнамаган бўларди. Нима дейсиз?”.
Шундан сўнг фикрлар ўзани бошқа томонга бурилади. Кимдир биринчи устозини эсласа, бошқаси қизининг олий ўқув юртига киришида ўқитувчиси катта ёрдам берганини таъкидлаган. Телефонимни бир четга қўйиб, китоб титкилайман. Мутахассисларнинг таъкидлашича, ўқитувчининг кучли жисмоний чарчоғи бир неча соат мобайнида тарқалса, руҳий толиқиш кунлаб, ойлаб давом этиши мумкин. Руҳий зарбалар кетма-кетлиги эса бу жараённи йилларга чўзиб, ўқитувчини ўз касбидан чалғитади, бездиради. Бундай вазиятда жамоавий аҳиллик, ҳамкасблар кўмаги ўқитувчининг руҳий тушкунликдан чиқиб кетишига ёрдам бериши мумкин.
Кундалик турмушимизда юзага келаётган муаммолар сабабсиз эмас. Муаллим ўз-ўзидан ўқувчига бақирмайди. Ҳамкасби билан беҳуда талашмайди, ўз-ўзидан қўполлик қилавермайди. Ўқитувчи дарс ўтишдан таш¬қари уйга вазифа, диктант, баён, иншо текшириш, синф журналини юритишга масъулдир. Тасаввур қилинг: 4-5 соатлик дарс мобайнида 30—35 нафар болага машғулот ўтиб толиққан муаллимнинг ёнига дарғазаб ота-она келса-да, боласи дарс тайёрламагани учун танбеҳ берган ўқитувчини айблаб, устидан мағзава ағдарса...
Жамиятда ўқитувчи касбининг нуфузини ошириш, халқ таълими муассасалари ходимларини моддий рағбатлантириш ва ижтимоий муҳофаза қилишни яхшилаш, уларнинг самарали ишлаши учун қулай шароитлар яратиш, зиммасидаги юмушларни енгиллаштиришга давлатимиз томонидан алоҳида эътибор қаратилаётгани ота-оналарни бироз теранроқ мулоҳаза юритишга ундаса, ажабмас.
Ҳам ақлан, ҳам жисмонан толиққан педагог учун амалиётчи психолог Дурдона Абдуллабекованинг бир қатор машқларини тавсия этамиз:
Тонгги тетиклик учун очиқ ҳавода қўлларни икки ёнга чўзган ҳолатда кўзни юмиб, 1-2 дақиқа тик туриш, тўйиб-тўйиб нафас олиш, чордана қурган ҳолатда, қўлларни тиззага қўйиб, кўзни юмиш, “Мен хотиржамман”, деб 15 марта такрорлаш; бош ва кўрсаткич бармоқ билан қулоқни уқалаш, уни икки бармоқ билан айлана ҳолатда уқалаш мия ҳужайраларини фаоллаштиради.
* * *
Дарс вақти қайсидир ўқувчи, ҳамкасби ёки бошқа бировнинг ёқимсиз хатти-ҳаракати, гап-сўзлари педагогни асабийлаштирса, қуйидаги учта машқ тинчланишга ёрдам беради:
— А 4 форматдаги қоғозни олиб, рангли қаламда турли шаклларни чап қўлда тез-тез чизиш (салбий ҳиссиёт тарк этгунича бу машқни такрорлаш);
— оқ қоғозга кўнглини оғритган киши (ўқувчи, ҳамкасби, ота-она...)га қаратилган ичидаги барча гапларни ёзиб, қоғозни бор кучи билан йиртиб ташлаш;
— синфхона ойнаси ёнида туриб, қўлни тўғрига чўзиш, аввал кўрсаткич бармоққа, кейин ташқаридаги бирор предметга, сўнгра осмонга, кейин яна бирор предметга бармоқларни узатиш (машқ 4-5 марта такрорланади).
Машқлардан фойдаланиб, жозибали табассум қилувчи педагогга айлансангиз, ажаб эмас. Зеро, ижтимоий тармоқлардаги ота-оналар гуруҳида таъкидланган “Фарзандларимизнинг айрим тажанг ва қўрс ўқитувчилар туфайли мактабдан безишини истамаймиз” деган иддао сизга тегишли бўлиб қолмасин!
Маҳбуба КАРИМОВА