Таълим сифати – давлат назоратида
Ҳар қандай даврда ҳам ота-оналар фарзандининг яхши, сифатли билим олишини хоҳлайди. Ўқувчилар учун сифатли таълим бу — қулай муҳит ва самарали билим олиш имконияти, ўқитувчи учун яхши шарт-шароит, моддий-техника базаси ҳамда билимдон ўқувчилар. Ота-оналар учун фарзандининг баркамол шахс сифатида вояга етиши, жамият учун сермаҳсул инсон капиталини шакллантириш, рақобатбардош мутахассислар тайёрлаш, ижтимоий фаол фуқарони тарбиялаш. Давлат органлари учун эса давлат таълим стандарти ва ўқув дастурларининг тўлиқ бажарилиши, рақобатбардош, компетентли кадрлар тайёрлаш ҳисобланади. Таълим сифатининг ушбу талабларга жавоб бериши ички ҳамда ташқи назорат орқали текшириб борилади.
Ривожланган давлатлар тажрибасида таълим сифати давлат назоратига олинган. Жумладан, Россияда 2004 йилдан буён Фан ва таълим соҳасини назорат қилиш федерал хизмати (Рособрнадзор) фаолияти йўлга қўйилган. Мазкур ташкилот томонидан узлуксиз таълим тизимининг барча бўғинларида ўқув-тарбия жараёни давлат таълим стандартларига мос равишда олиб борилаётгани, таълим муассасалари ва педагог кадрларнинг иш фаолияти, ўқувчи ҳамда талабаларнинг ўзлаштириши бўйича сифат кўрсаткичлари миллий ва халқаро даражада назорат қилиб борилади.
ЮНЕСКО халқаро ташкилоти томонидан таълимни халқаро даражада ягона талаб доирасида ташкил этиш, бериладиган ҳужжатларни тан олиш, легаллаштириш, нострификация қилиш бўйича халқаро конвенциялар қабул қилинган.
Ўзбекистонда ҳам таълим сифатини назорат қилишни янада такомиллаштириш, кадрлар тайёрлаш сифатини холисона баҳолаш бўйича давлат сиёсатини амалга ошириш мақсадида 2017 йилнинг ноябрь ойида Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ташкил этилди.
Назорат, албатта, илмий асосланган, мантиқий, профессионал, шаффоф ва адолатли ташкил этилиши шарт. Ўрганиш натижаларидан таълим муассасаси раҳбари, таълим бошқарув идоралари бошлиқлари тўғри хулоса чиқарса, бу механизм ижобий натижа беради.
Чунки раҳбар ҳар кунги одатий юмушларга, ўқувчи ва ўқитувчилар фаолиятига кўниккан бўлади. Ўз камчилигини илғай олмайди, ўқувчи ўзлаштиришидаги камчиликларга, ўқитувчиларнинг дарсга тайёргарликсиз келишига, методбирлашма томонидан дарс кузатилмаслигига тўлиқ эътибор бермай қолиши мумкин. Ташқи назорат шу каби муаммоларга чек қўяди. Ўқитувчиларни сергакликка, ўз устида ишлашга, дарсга тайёр ҳолда келишга, бўшлиқларни аниқлашга, ўқувчиларга дифференциал ёндашишга ундайди.
Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясида кадрлар сифатини назорат қилиш, уларга малака тоифаларини беришда фойдаланиш учун фанлар ва чет тиллари кесимида 900 минг саволдан иборат база шакллантирилди, инспекциянинг онлайн-тест тизими ишга туширилди.
Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган мактабгача ҳамда умумий ўрта таълим муассасаларини 2015—2020 йилларда аттестациядан ўтказиш режасига асосан, ўтган ўқув йилида 233 та мактабгача, 1987 та умумий ўрта таълим муассасаси аттестациядан ўтказилди. 2018-2019 ўқув йили режасига кўра, 1687 та мактабгача, 1876 та умумий ўрта таълим муассасасини аттестациядан ўтказиш белгиланган. Аттестация жараёни такомиллаштириб борилмоқда.
Ўқувчи, талаба ва тингловчилар билимининг давлат таълим стандарти, давлат талаблари ва малака талабларига мувофиқлигини ўрганиш, таҳлил қилиш, таълим муассасалари рейтингини аниқлаш ҳам инспекция вазифалари қаторига киради. Мамлакатимизда миллий баҳолаш тизими мавжуд. Шу кунгача мактабларда Халқ таълими вазирлиги томонидан белгиланган синф ва фанлардан мониторинг ўтказиб келинади. Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятларда 3 тадан туман ва ҳар бир туман(шаҳар)да 3 тадан мактаб танланади. Ушбу таълим муассасаларидаги белгиланган синф ўқувчилари таълим сифати мониторингидан ўтказилади. Жараён ўтган йили биринчи марта онлайн ташкил этилиб, унга 14 та ҳудуд, 42 туман(шаҳар) ва 126 та мактабдан 4-, 8-, 9-,10-синфларнинг жами 20 минг нафардан ортиқ ўқувчиси қамраб олинди.
Таълим сифати мониторинги ўқувчилар билимининг ДТСга мослиги, таянч ва фанга оид компетенциялар шакллангани динамикасини таҳлил этиш, ўқувчи билимидаги бўшлиқлар ва уларнинг келиб чиқиш омилларини аниқлаш ҳамда бартараф этиш чораларини режалаштириш жараёнидир. Лекин у муаммолар ечими эмас, балки вазиятни ўнглаш учун имконият яратишга ёрдам берадиган восита, холос. Бу механизм бугунги кунда такомиллаштиришни талаб этади. Мисол учун, халқаро баҳолаш дастурларида фойдаланилаётган тест, сўровнома ёки бошқа кўринишдаги синов материаллари ўқувчиларни кўпроқ эркин фикрлаш, мантиқий ўйлаш ва таҳлил қилишга йўналтиради. Бизда эса тестлар мазмунан ўқувчиларнинг хотирасини ривожлантиришга қаратилган бўлиб, амалдаги ўқув дастури ва дарслик материаллари доирасида тузилмоқда. Бунинг бош сабаби, бизда ҳали тестология фани жорий қилинмаган, тест тузиш қоидаларини ўқитиш масаласи ҳал этилмаган.
Шу боис, мамлакатимизда ҳам хорижий давлатлар тажрибасидан фойдаланишга катта эътибор берилмоқда. Жумладан, таълим ва фан соҳаси ривожини баҳолаш ва мониторинг қилиш орқали таълим сифатини оширишга қаратилган илғор тажрибалар соҳага татбиқ қилинмоқда. PISA — ўқувчиларнинг таълими ютуқларини баҳолаш халқаро дастури, PIRLS — матнни ўқиш ва тушуниш даражасини аниқловчи тадқиқот, TIMSS — мактабда математика ва аниқ фанлар сифатини тадқиқ қилувчи халқаро мониторинг, ICILS — компьютер ва ахборот саводхонлиги бўйича халқа¬ро тадқиқотлар шулар жумласидан. Ҳар бири мактаб ўқувчиларига мўлжалланган бўлиб, барчасининг ўзига хос мақсади бор. Ушбу тадқиқотлар натижаси мамлакатдаги таълим сифати ва унинг халқаро стандартларга жавоб бериши тўғрисида хулоса чиқариш имконини беради. Таълим мазмунини, педагог кадрлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш дастурлари ҳамда дарсликларни такомиллаштириш учун хизмат қилади. Хал¬қаро тадқиқотлар таълим соҳасидаги миллий тадқиқотларни сифатли ўтказишга ижобий таъсир кўрсатади.
Жорий йилнинг май ойида Халқ таълими вазирлиги ва ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамкорлигида “Ўқувчиларнинг муваффақиятли ўзлаштиришига салбий таъсир этувчи омилларни аниқлаш” мавзусида ўтказилган тадқиқотларда республиканинг барча ҳудудидан халқаро талаблар асосида танлаб олинган 255 та мактабнинг 268 та синфида (219 та ўзбек, 49 та рус) таҳсил олаётган 7002 нафар (5489 нафар ўзбек, 1513 нафар рус) 4-синф ўқувчисининг математика, ўқиш ва табиатшунослик фанларидан билими синовдан ўтказилди. Синов жараёнида фойдаланилган саволлар китобчаси TIMSS талаби асосида Литва Миллий имтиҳон маркази мутахассислари томонидан тайёрланиб, Ўзбекистон учун адаптация қилинди. Ўқувчилар математика фанидан ўртача 52,2 фоиз, табиатшуносликдан 47 фоиз ва ўқиб тушуниш бўйича 28,7 фоиз натижа кўрсатган. Ўқиш ёки ўқиб тушуниш бўйича ўқувчиларимиз натижаларининг пастлиги, бу уларнинг она тилини яхши билмасликларидан эмас, балки саволлар форматининг нотанишлигидандир.
Ўзбекистон 2021 йилда 15 ёшли ўқувчилар ўртасида ўтказиладиган PISA халқаро синовларида иштирок этиши кўзда тутилган. Бунинг учун иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти PISA бўйича масъул эксперти Майкл Уорд билан ҳамкорликда ишланмоқда. Бугунги кунда Ўзбекистон ҳамда Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти билан шартнома имзоланиб, “2021 йилда Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотининг ўқувчиларнинг саводхонлигини баҳолаш бўйича халқаро тадқиқотида иштирок этиш тўғрисида”ги қарор лойиҳаси тайёрланмоқда.
Таълим сифати биринчи навбатда кадрларга боғлиқ. Шунинг учун аниқ ва табиий фанлар, она тили фани ўқитувчилари учун семинарлар ўтказилиши кўзда тутилган. Дарсларда, ички ва ташқи мониторинг жараёнида PISA талаблари даражасидаги тест саволларидан фойдаланиш, ўқувчиларни танқидий ва ижодий фикрлашга, мулоқотга кириша олишга, жамоада ишлай олишга ўргатиб бориш керак. Ўз навбатида давлат таълим стандартлари, ўқув дастурлари, дарслик мажмуалари ҳам босқичма-босқич халқаро стандартларга мослаштирилади.
Умумтаълим муассасаларининг педагог кадрларини аттестациядан ўтказиш тартиби ҳам бугунги кун талабидан келиб чиққан ҳолда янгиланади. Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси тегишли вазирлик ва идоралар ҳамда ЮНИСЕФ ташкилоти билан ҳамкорликда амалдаги меъёрий ҳужжатларни такомиллаштириш устида ишламоқда. Ўқитувчиларни TALIS халқаро тадқиқотларига жалб этиш орқали уларнинг педагогик салоҳиятини баҳолаш, фаолиятига танқидий баҳо бериш, дарс бериш услубининг такомиллашишига таъсир қилиш, ўқитувчилар билимидаги бўшлиқларни аниқлаш орқали ўқувчилар ўзлаштириш даражасига ижобий таъсир этиш кўзда тутилган. Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилотининг TALIS бўйича масъул экспертлари Пабло Фрезер, Лизли Осуливан билан ҳамкорлик йўлга қўйилган. TALIS синови 2 босқичда бўлади. Биринчи босқич 2019 йилнинг апрель ойида ўтади. Унда жойлардаги ҳолат ўрганилади. Асосий босқич 2020 йили бошланади ва йил охирида натижалар эълон қилинади.
Хулоса ўрнида айтиш керакки, жамиятда, кундалик ҳаётда ўзгаришлар бўлаётган бир пайтда таълим соҳаси янгиланиши табиий. Ўзгаришларни ҳар биримиз ўзимиздан бошлашимиз керак. Асосийси, бу ўқитувчининг салоҳияти ва касбий маҳоратига боғлиқ. Таълимнинг сифатли ташкил этилиши эса, доим давлат назоратида.
Абдураҳим НОСИРОВ, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бош бошқармаси бошлиғи