Мактабларда давомат қандай?
Давомат мактабда ўқувчиларга эътиборни, дарс ва дарсдан ташқари машғулотлар аҳамиятини, ўқитувчиларнинг ўз ишига ёндашувини кўрсатади. Давомат мактабнинг уриб турган юрагига қиёсланади.
Асилбекнинг 1-чорак давомида мунтазам дарс қолдириши синф раҳбари ва педагогик жамоани ташвишга солди. Ўқувчининг оилавий муҳити ўрганилиб, ота-онасининг лоқайдлиги туфайли бола мактабга бормаётгани маълум бўлди. Ҳатто уларнинг “Болам тўйиб ухласин”, “Узр, бугун ҳам уйқусидан кечолмади”, каби баҳоналари ўқитувчиларни ҳайрон қолдирди. Таълим муассасаларида ўтказилган “Давомат-рейд” тадбирларида аниқланган бу ҳолат маҳалла фаоллари ва Термиз шаҳар ИИБ ХҚБ профилактика инспектори билан биргаликда таҳлил этилиб, ота-онанинг ҳуқуқий бурчи тушунтирилди. Натижада ўқувчи фаол таълим жараёнига қайтарилди.
Сурхондарё вилояти халқ таълими ва ички ишлар бошқармаси, маҳалла ҳамда Ёшлар иттифоқи мутахассислари томонидан уюштирилаётган “Давомат-рейд” тадбирларида шу каби салбий ҳолатларнинг олди олинмоқда. Бу борада Термиз шаҳридаги 13-мактаб педагогик жамоаси қўллаётган тажриба эътиборга лойиқ.
— Мактабимизда 1983 нафар ўғил-қиз таълим-тарбия олади, — дейди мактаб директорининг маънавий-маърифий ишлари бўйича ўринбосари Гулчеҳра Ашурова. — Уларнинг тартиб-интизоми, билим савияси ва одоб-ахлоқини жамоатчилик ёрдамида назорат қиламиз. Ўқувчиларни дарсга жалб этишда “Энг яхши китобхон ўқувчи”, “Давомати энг яхши синф”, “Давомати энг яхши ўқувчи”, “Энг ораста қиз” каби танловларни ташкил этганимиз яхши самара бермоқда. Ҳар душанба куни ғолиб ўқувчи ва синф сардорлари тақдирланади. Яна бир жиҳат шуки, эътироф этилган ўқувчиларнинг ота-оналари ҳам маҳалла фуқаролар йиғини орқали рағбатлантирилади. Уларнинг маҳалла-кўй, қўни-қўшни иштирокида тақдирланишига бошқа ота-оналар ҳам ҳавас билан қарашади. Бунинг натижасида ўқувчилар давомати 95 фоиздан 98,5 фоизга ўсди. Ўқув йили бошида ўтказилган сўровномада маҳоратли, малакали ва АКТдан фойдаланиб сабоқ берадиган ўқитувчиларнинг машғулотига ҳамма ўқувчи иштирок этиши аниқланди. Шу боис ўқув жараёни ва тўгарак машғулотларида ноанъанавий методлардан фойдаланишга эътибор қаратяпмиз.
Масалан, ҳафтанинг уч куни инглиз тили, икки кунида зардўзлик тўгарагига қатнайдиган Ирода дарсларда фаол қатнашади. “Энг яхши китобхон” ҳамда “Давомати энг яхши ўқувчи” дея эътироф этилгани ота-онасини ҳам қувонтирди. Отаси Отабек Сафаров фарзандининг машғулотлардаги доимий иштироки ва пухта билим эгаллаши учун барча шарт-шароитни яратиб берган. Қолаверса, оиладаги соғлом муҳит ўқувчининг дарсга қизиқиши ва интилишини таъминламоқда.
* * *
Наманган туманидаги 8-мактабда 1580 нафар ўқувчи таълим-тарбия олади. Уларнинг мактабга келиши ва дарсда иштирокини ўрганганимизда ижобий ҳолатга гувоҳ бўлдик. Мактаб бўйича бу кўрсаткич 97-98 фоизни ташкил этади, сабабсиз дарс қолдириш ҳолатлари йўқ.
— Давоматни таъминлаш бўйича алоҳида чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган, — дейди таълим муассасаси директори Маҳфуза Жўраева. — Агар бирор-бир ўқувчи сабабсиз мактабга келмаса, ўша куни синф раҳбари, директор ўринбосари ва психологдан иборат гуруҳ вазиятга ойдинлик киритади, дарс қолдириш сабабини ўрганади. Бу борада маҳалла фуқаролар йиғини, ота-оналар билан мустаҳкам алоқа ўрнатганмиз. Ҳар бир синф¬да “алоқа дафтари” юритилади. Унда ўқувчининг одоб-ахлоқидан тортиб, фанларни ўзлаштириши, бўш вақтларида фан ва спорт тўгаракларидаги иштироки ҳамда бу борада эришган натижалари акс этади. Шу орқали маълумотлардан ўқувчининг оиласидагилар ҳам хабардор бўлиб боради. Бундан ташқари, ота-оналар йиғилишини мунтазам ўтказишга жиддий эътибор қаратганмиз. Юзма-юз мулоқотда фарзандларининг ўқишдаги ютуғи, камчилиги юзасидан самимий фикрлашамиз. Болаларининг муваффақиятини мустаҳкамлаш учун оилада, мактабда яна нималар қилиш кераклиги аниқланади.
Мактаб директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Мақсуда Абдуллаеванинг таъкидлашича, ўқувчиларни дарсга қизиқтиришда фан ва спорт тўгаракларининг аҳамияти катта. Шу мақсадда мактабда 62 та фан, 6 та спорт тўгараги фаолият юритмоқда. Уларга 1736 нафар ўқувчи жалб қилинган.
Ўқув куни мобайнида уч марта — эрталабки сафланиш, учинчи соат ва биринчи смена якунланишидан аввал йўқлама ўтказилади. Натижалар солиштирилиб, шу кунги давомат учун якуний хулоса берилади.
Аммо бундай тартиб ҳамма мактабларда ҳам ўрнатилмаган. Мисол учун, тумандаги 3-мактабда ўқувчилар давомати билан танишиш мақсадида 9-“В” ва 9-“Б” синфларни кўздан кечирдик. Ҳар икки синфда ҳам 5 нафардан ўқувчи йўқлиги ойдинлашди. 9-“Г” синф журналида 36 нафар ўқувчидан 6 нафарининг исм-фамилияси рўпарасига “—” (чизиқча) тортилган. Ўрганишимиз давомида 10-синфлардаги давоматнинг пастлиги ҳам эътиборимизни тортди. Мисол учун, 10-“А” синфда ўқувчилар сабабсиз дарс қолдиришига гувоҳ бўлдик. Ана шу ўқувчилар синф журналида белгиланганми, аниқроғи, ўқитувчилар уларнинг давоматига эътибор қаратганми, деган савол билан синф журналига назар ташладик. Жисмоний тарбия фани ўқитувчиси Файзулла Боймаматов учинчи соатда 10-“А” синфда дарс ўтган бўлса-да, йўқлама қилмаган...
Мактаб директори ўринбосари Комилжон Турғунов бу ҳолат юзасидан ҳеч бир изоҳ бера олмади.
* * *
Бу борада Андижон вилоятида амалга оширилаётган ишлар билан ҳам танишдик. Жумладан, Марҳамат туманидаги 32-, 29-мактабларда ўқувчиларнинг дарсда иштироки кўрсаткичи жуда паст экани аниқланди. Айниқса, 10-синф ўқувчиларининг давомати қониқарсиз. Моҳира Қамбарова раҳбарлик қилаётган 32-мактабдаги 10-“А” синф журналида 22 нафар ўқувчи қайд этилган. Бироқ машғулотда 16 нафар ўқувчи иштирок этмоқда. 10-“Б” синфда ҳам 27 нафар ўқувчи бўлса-да, уларнинг 19 нафари дарсга келган, холос. 8—9-синфларда ҳам тўрт-беш нафардан ўқувчи дарсларда қатнашмаяпти. Ҳатто 9-“Б” синф ўқувчиси Муҳаммадқодир Носиров бир чорак давомида дарсларга умуман келмаган. 29-мактабда ҳам 9—10-синфларда тўрт-беш нафардан ўқувчи машғулотга келмаётгани аниқланди.
Ёшликда олинган билим тошга ўйилган нақш кабидир. Бу даврда билмаганини билишга интилмаган киши вақт ўтгач афсусланади. Кейинги пушаймон ёки ҳаракат бесамардир. Шундай экан таълим ходимлари ва ота-оналарнинг бу борадаги масъулиятсизлиги, ўқувчилар давоматининг пастлигини қандай изоҳлаш мумкин! Юқоридаги ҳолатлар мазкур муассасаларда ҳам ИИБ ходимлари ва маҳалла фаоллари кўмагида зарур тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш зарурлигини кўрсатмоқда.
Шоира БОЙМУРОДОВА,
Ғанишер АКБАРОВ,
Умида ЮСУПОВА