Таълим сифати ва мазмунини ошириш
бу бўйича ялпи ва шўъба йиғилишларида тегишли тавсиялар ишлаб чиқилаяпти
Пойтахтимиз ўқитувчиларининг анъанавий август кенгашлари кўтаринки кайфиятда давом этмоқда. Жумладан, Мирзо Улуғбек туманидаги 222-умумтаълим мактабида табиий фан ўқитувчиларининг ялпи ва шўъба йиғилишлари қизғин муҳокамаларга бой тарзда ўтди. Республика таълим маркази ходимлари, фан методистлари ва ўқитувчилар иштирок этган тадбирда ўтган ўқув йили якунлари атрофлича таҳлил қилиниб, таълимдаги янгиликларни ўқув жараёнига татбиқ этиш, ўқитувчиларнинг педагогик маҳорати ва касбий маданиятини ошириш ҳамда янги ўқув йилидаги вазифаларни белгилаб олиш каби масалалар муҳокама марказида бўлди.
Йиғилишда ўтган йилга нисбатан таълим муассасаларини ўқув мебеллари билан жиҳозлаш 60, ахборот-коммуникация технологиялари билан таъминлаш 54 фоизга ошиб, «Маҳорат мактаблари»га олий таълим муассасаларининг тажрибали ўқитувчиларини жалб этиш янги ўқув йилидаги ўзига хос жиҳатлардан бири экани таъкидланди. Маърузалар тинглангач, иштирокчилар шўъба йиғилишларига таклиф этилди. Тренер-ўқитувчилар белгиланган мавзулар бўйича ўз тақдимотларини намойиш этишди.
— Бугунги шўъба йиғилишида «Маҳорат мактаблари» ўқитувчилари учун «Дарс жараёнида ахборот-коммуникация воситалари, инновацион педагогик технологиялар, ўқув-лаборатория жиҳозлари ҳамда виртуал лаборатория ва электрон дарсликлардан самарали фойдаланиш» мавзусида машғулот ўтказдим, — дейди Юнусобод туманидаги 313-умумтаълим мактаби ўқитувчиси Шаҳноза Убайдуллаева. — Тренингда география фанини замонавий қулайликларга эга электрон дарсликлар ёрдамида осон ва самарали тарзда ўтиш юзасидан педагогларга муайян билим ва кўникмалар берилди. Зеро, бошқа фанлар қатори табиий фанларда ҳам замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан унумли фойдаланиш ўқитувчиларга қулай бўлиши билан бирга, ўқувчиларнинг мавзуларни осон ўзлаштиришига хизмат қилади.
Анжуман доирасида ўтказилган тренингларда география, кимё ва биология фанларидан билимлар беллашуви натижаларига кўра ўқувчилар билимида аниқланган бўшлиқлар ўрганилиб, уларни тўлдириш юзасидан тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди.
Шунингдек, Юнусобод туманидаги 260-мактабда чет тили, Яшнобод туманидаги 151-мактабда меҳнат таълими, 198-мактабда бошланғич таълим, Яккасарой туманидаги 5-болалар мусиқа ва санъат мактабида она тили ва адабиёт фани ўқитувчиларининг анъанавий август кенгашлари ялпи ва шўъба йиғилишлари ўтказилди.
— Айни пайтда юртимизда чет тилларни ўқитишга қаратилаётган юксак эътибор туфайли деярли барча мактабларда фан кабинетлари ташкил этилиб, ахборот-коммуникация технологиялари ва кўргазмали воситалар билан таъминланмоқда. Ҳукуматимизнинг бу ғамхўрлиги таълим масканларидаги хорижий тил мутахассисларини муттасил ўқиб-изланишга, ўз устида ишлашга ундайди, — дейди Юнусобод тумани ХТМФМТТЭ бўлими методисти Нигора Иброҳимова. — Шу маънода, бугунги шўъба йиғилишларида чет тилидан тўгарак машғулотларини олиб бориш, ўқувчилар билимида аниқланган бўшлиқларни тўлдириш, иқтидорли болалар билан ишлаш каби масалаларни муҳокама этиш билан бирга, педагогик маҳоратини ошириш бўйича чет тили ўқитувчиларига зарур тавсиялар берилди.
Дилмурод ДЎСТБЕКОВ,
«Ma’rifat» мухбири
Бурҳон РИЗОҚУЛОВ олган суратлар.