Вазир ўринбосари мактабда ўқувчиларга дарс ўтди

Халқ таълими вазири ўринбосари Отабек Назиров 4-5 декабрь кунлари Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманидаги умумтаълим мактабларида бўлиб, тумандаги 2-мактабнинг 5-синф ўқувчиларига инглиз тилида дарс ўтди. Бу ҳақда turon24.uz хабар бермоқда.
— Ўқувчилар учун вазир ўринбосарининг дарс ўтгани эсда қоларли воқеа бўлди, – дейди 2-мактаб директори Баҳодир Эштемиров. – Вазир ўринбосари ўқувчиларга халқ таълими вазирлиги номидан проектор ва ноутбук совға қилди.
Вилоят халқ таълими бошқармаси мутасаддисининг маълум қилишича, вазир ўринбосари ташриф давомида тумандаги 4 та мактаб ўқувчиларига вазирлик ҳомийлиги билан ташкил этилган проектор ва ноутбукларни топширган.
— Отабек Анварович вилоятимизга ташрифи давомида тумандаги 3-, 24- ва 140-мактабларда ҳам бўлиб, ўқувчиларга яратилган шароитлар билан танишди, — деди вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи ўринбосари Мақсуд Панжиев.
— Вазир ўринбосари мактабимизда баскетбол спорт турини ривожлантириш таклифини ўртага ташлади. У мактаб ўқувчилари учун спорт анжомлари ва футбол тўпларини ҳам совға қилди , – дейди Баҳодир Эштемиров. – Вилоятдаги масъул ходимларга мактабда баскетболни ривожлантириш учун шарт-шароит ҳозирлаш хусусида кўрсатма берди.
Вазир ўринбосари, шунингдек, ўқувчилар давомати ва мактаб формасига алоҳида тўхталиб, таълим муассасаларининг иситиш тизимини ҳам кўздан кечирган.