Бугунги кун ўқитувчиси
Эрталабки сафланиш пайти ўқувчиларнинг қизиқувчан ва фаоллигини синаб кўриш мақсадида ижтимоий тармоқлардан бирида кўзим тушган хабарни савол тарзида ўртага ташладим:
— Қани, болалар, ким айтади, бугун қандай кун?
Сафнинг турли қисмларидан бирданига берилган жавоблар янгради:
— Халқаро қўл ювиш куни.
Очиғи, шу хабарни ўқиганимда хаёлимдан одамлар нималарни ўйлаб топишмайди, деган фикр ўтганди. Ғалати эмасми, қўл ювишни тарғиб қилиш учун алоҳида кун белгилашга эҳтиёж бормикан? Рости, шу кунгача жаҳон миқёсида бундай байрам борлигидан хабарим йўқ эди. Аслида, бу кунни нишонлаш тўғрисида 2008 йили БМТ Бош Ассамблеяси махсус қарор қабул қилган. Унга кўра, ҳар йили 15 октябрь куни шу тадбир ўтказилиб келинар, ҳатто болалар ўртасида ўткир ошқозон-ичак касалликлари инфекцияси тарқаб кетишининг олдини олиш мақсадида қўл ювиш юзасидан тавсиялар ишлаб чиқилган экан.
Ўзимни матбуотдан хабардор киши санасам-да, ҳалигача босма оммавий ахборот воситаларида бу ҳақда икки энлик хабар ўқиганимни эслай олмадим, эҳтимол, чоп этилганларига ҳам кўзим тушмагандир. Ижтимоий тармоқлар тезкорлиги шундаки, исталган пайт, жаҳоннинг исталган бурчагидан олинган энг муҳим янгиликлардан хабар топишингиз мумкин. Бу хизмат масофа танламайди, манзилга етказиш учун вақт талаб қилмайди, юқорида келтирилган мисол бунинг ёрқин далили. Демак, иш куни эндигина бошланган бўлса-да, чекка бир қишлоқда истиқомат қилаётган қайсидир бола ижтимоий тармоққа киришга, бошқаси эса ойнаи жаҳон орқали янгиликларни кузатишга улгурган.
Аммо бу гал ахборот олиш тизими кун, соат, дақиқа сайин такомиллашиб бораётгани ҳақида шусиз ҳам барчага маълум воқеликни эътироф этишдан йироқмиз. Мақсадимиз — бугунги кун ўқитувчиси зиммасидаги юкнинг залвори, уни манзил сари муваффақиятли етаклаш йўллари ҳақида мулоҳаза юритишдир.
Аксаримиз бир хилликка одатланганмиз: дарсликка шоша-пиша кўз ташлаш, юкламани бажариш мақсадида шунчаки ёзилган дарс ишланмаси ва йиллар давомида такрорланиб, сийқаси чиққан маъруза… Хўш, вазифасини аллақачон ўтаб бўлган бу усуллар билан билимга иштиёқманд ўқувчиларни қаноатлантириш мумкинми? Агар жавоб ўрнида "йўқ" десак, унда қандай йўл тутишимиз керак?
Инглиз адиби Люис Кэроллнинг "Алиса кўзгу орти мамлакатида" асаридаги Қора қиролича "Ўз жойида қолиш учун оёқни қўлга олиб югуриш керак", дейди. Модомики, мақсад "ўз жойида қолиш" бўлар экан югуришга, тағин "оёқни қўлга олиб югуриш"га нима ҳожат бор? Бу ўринда "ўз жойида қолиш" иборасининг тагзамини биз учун муҳим. Тагзамин шундаки, "ўз жойи" — иш ўрнимиз, яъни чекимизга тушган ўқитувчилик. Мамлакатимизда таълим тизимини тўла ислоҳ қилиш вазифаси олға суриляпти, бу борада қарор, фармон ва дастурлар ишлаб чиқилди. Табиийки, ҳар қанча ҳужжат қабул қилинмасин, ислоҳот ўз ижрочиси саъй-ҳаракатлари эвазига рўёбга чиқади. Айнан ўша ижрочи бош¬қа биров эмас, сиз билан бизмиз.
Президентимизнинг 2018 йил 5 сентябрдаги қарори билан тасдиқланган "2018—2021 йилларда Ўзбекистон Республикаси халқ таълими тизимини янада такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар дастури"нинг исталган бандини мутолаа этсак, яна кўплаб ислоҳот қирраларини кашф этаверамиз. Қисқача айтганда, мактаб таълими, умуман, таълим тизими шаклан янгиланмоқда. Эндиги вазифа уни мазмунан ўзгартириш. Бу эса ўқитувчи кадрларнинг салоҳиятига боғлиқ.
Гарчи мактаблар энг сўнгги русумдаги ахборот-коммуникация воситалари билан таъминланса-да, ўқитувчи ундан самарали фойдалана олмаса, бари бефойда. Замонавий ўқувчи интернет оламида яшаяпти, биз йиллар давомида излаб келаётган воқеа, хабар ва янгиликлар билан Google қидирув тизими орқали танишяпти. Шундай экан, "ўз жойимизда қолиш" учун биз ташлайдиган илк қадам эски услублардан воз кечиб, фаолиятимиз мезонини янгилашга қаратилиши лозим. Акс ҳолда тезкор тараққиёт бизни бир зумда ўз оқимидан четга суриб ташлайди.
Ёнгинангизда фаолият кўрсатаётган ёш ҳамкасбингиз хатти-ҳаракати, иш услубига лоақал бир бор эътибор қаратганмисиз? Нега ўқувчилар сизга қараганда унинг атрофида кўпроқ ўралашяпти? Шу ҳолат ундан ҳам қай қирраларнидир ўрганишни талаб этмаяптими? "Нимани ҳам ўрганардим, тухумдан энди чиққан полапон-ку", демоқчимисиз? Сиз йўл қўяётган катта хатолардан бири ҳам айнан шу. Ўқитувчи кимдандир, ниманидир ўрганишдан тўхтаган куни ўз фаолиятида қоқилиши шубҳасиз. Ёш ҳамкасбингиздан ҳаётий тажрибаларингизни сира дариғ тутманг, ўзингиз ҳам унинг бугунги ўқувчи билан тез тил топишиб кетиши сабабларини ўрганинг. Ҳар ҳолда у билан ўқувчи ўртасидаги ёш чегаралари сиз билан ўқувчи орасидагидан анча қисқа, демак, интилиш, қизиқишлари доираси анчагина яқин.
Анча-мунча тажрибага эга бир ўқитувчи шикоят қилиб қолди: "Бугунги ўқувчиларга тушуниб бўлмай қолди, салгина овозингизни кўтарсангиз ҳам отаси ёки онасини етаклаб келади"...
Мен унга бақириш ёхуд жазолаш тарбия воситаси эмаслигини тушунтиришга ҳаракат қилдим. Одатда, нўноқ ўқитувчи ўз камчиликларини яшириш учун қаттиққўллик қилади, яхши ўқитувчи ширинсўзлиги билан шогирди қалбига йўл топади. Афсуски, аксаримизда ҳали ўзимизни дарс жараёнининг бошқарувчиси санаш хусусияти кучли. Ўқувчи педагогни танлайди, нутқи равон, билимли феъли кенг, камтар ўқитувчини ҳурмат қилади. У сабоқ берадиган фанни яхши ўзлаштиришга интилади. Хулоса шуки, фаолиятимиз, ўқувчилар билан муносабатимиз, ҳамкасблар ва ота-оналар билан муомала маданиятимизга имкон қадар тезроқ танқидий назар билан қарасак, камчилигимизни мардлик билан тан олиб, тузатиш йўлини танласак, фойдадан холи бўлмайди.
Айтайлик, озиқ-овқат маҳсулотлари харид қилиш учун бозор расталари оралаб юрибсиз. Маҳсулотнинг сифатли, сара пишгани бир четда қолиб, пачоқ ёки ғўрасини танлаган бўлармидингиз? Мактаб раҳбарлари ҳар янги ўқув йили арафасида бир муаммога дуч келади. Яъни, аксар ота-оналар мактаб остонасини ҳатлаган боласини энг яхши бошланғич синф ўқитувчиси тарбиясига беришни хоҳлайди ёки: "Домлажон, имкони бўлса, ўғлим (қизим) таҳсил олаётган фалон синфнинг фалон фанини фалон ўқитувчи ўқитса", деган илтимосномалар ёғилади. Афсуски, ҳамма мактабда ҳам (айниқса, қишлоқ шароитида) билим доираси кенг, масъулиятни ҳис қиладиган, болажон ўқитувчини танлаб олиш имконияти мавжуд эмас. Бириси яхши бўлса, иккинчиси сал нўноқроқ.
Азиз ҳамкасб, одамлар нега сизни тан олмаётгани ёки аксинча бошқа касбдошлардан устун қўяётгани боисини энди англагандирсиз?! Тинимсиз ўқиш, ўрганиш, янгиликка интилиш — ўқитувчи сифатида шогирдлар қалбидан жой олишимизга, буюртмачи саналмиш ота-она ҳурматига сазовор бўлишимизга йўл очиб беради. Ўзимизнинг хизмат кўрсатувчи эканлигимизни унутишга ҳаққимиз йўқ. Табиийки, буюртмачи ҳар қандай вазиятда ҳам энг сифатли маҳсулот етиштиришга қодир хизмат кўрсатувчини танлаши аллақачон ўз исботини топган. Яқинда ёш ҳамкасбимиз биз учун бироз ғалати мулоҳазани айтиб қолди:
— Тараққий этган мамлакатларда ота-оналар фарзанди ўзи танлаган йўналишдаги олий ўқув юртига киролмаса, мактаб, тегишли фанлардан сабоқ берган ўқитувчилар устидан судга мурожаат қилишаркан...
Мамлакатимиз ривожланиш йўлидан боряпти. Муҳтарам Юртбошимиз таълим тизимини туб ислоҳ қилиш бўйича тегишли қарорлар қабул қиляпти. "Ўқитувчининг мақоми тўғрисида"ги қонунни қабул қилиш арафасида турибмиз. Унга мувофиқ педагогик фаолият принциплари белгилаб берилиши шубҳасиз.
Абдунаби АБДИЕВ,
Миришкор туманидаги 22-мактаб директори