Халқ таълими: 2018 йил ислоҳотлари
Пойтахтимиздаги “Тараққиёт стратегияси” марказида “Халқ таълими: 2018 йил ислоҳотлари” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Унда Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов, вазирнинг биринчи ўринбосари, бошқарма бошлиқлари ва яна бир қатор масъул шахслар иштирок этди. Дастлаб Шерзод Шерматов Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчилигида халқ таълими тизимида йил давомида олиб борилган ислоҳот ва унинг натижаларини статистик маълумотлар асосида таҳлил қилиб берди. Жумладан, жамиятда ўқитувчи нуфузини кўтариш, таълим сифатини ошириш, дарс жараёнига АКТни кенг жорий этиш борасида амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди.
Анжуманда қарийб бир йил давомида тизимда кўп йиллардан буён ечилмай келаётган муаммолар аста-секин ҳал этилаётгани таъкидланди. Хусусан, ўқитувчиларни мажбурий меҳнат ва турли йиғилишларга жалб қилиш ишларига барҳам берилди. Ўқитувчилар юритадиган ҳужжатлар сони 7 тадан 3 тага қисқартирилди. Шу билан бирга, мактабларга турли ташкилотлар тамонидан келувчи текширувлар сони 26 баробарга камайтирилди. Ўқитувчиларнинг ойлик маошлари тоифасига қараб 40 фоиздан 72 фоизга ошди. Писхологлар иш ҳақи 103 фоизга, мактаб директори ва унинг ўринбосарлари, ахборот-ресурс маркази раҳбари ва кутубхоначилар маоши 33 фоизга кўтарилди. Шунингдек, халқ таълими тизими ходимлари учун имтиёзли ипотека кредитлари, истеъмол кредитлари, автокредит ва тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун маблағ ажратиш механизмлари ишлаб чиқилмоқда.
Таълим муассасаларининг кўчмас мулкини ижарага беришдан тушган ва бюджетдан ташқари топилган маблағларнинг 99 фоизи умумтаълим мактабларига берилиши ва мактаб раҳбарига бу даромаднинг жами суммасидан 10 фоизини ўз хоҳишига биноан ходимларни моддий рағбатлантириш ҳуқуқи берилгани ҳам тизимда коррупцияни бартараф этишга қаратилган ислоҳотлар намунасидир.
Матбуот анжумани давомида қайд этилишича, педагогларга яратилаётган бундай шароитлар натижасида жорий йилда умумтаълим мактабларида 13 000 нафар эркак ўқитувчи қайтган. Биргина, 2018 йилда 11,5 мингдан ортиқ (2016 йилда 1900 дан ортиқ, 2017 йилда 9500 дан ортиқ) олий ўқув юртини тамомлаган ёш мутахассис мактабларга ишга қабул қилинди. 2019 йил 1 январдан пенсия ёшидаги ўқитувчиларнинг пенсияси тўлиқ тўланиши муносабати билан 7 мингдан ортиқ тажрибали ўқитувчилар мактабга ишга қайтди.
Халқ таълими вазирининг маълумотига кўра, 2018 йилда соҳага давлат бюджетидан 12,1 триллион сўм ажратилган бўлса, 2019 йилда 17,1 триллион сўм маблағ ажратиш кўзда тутилган. Бу маблағнинг 90 фоизи соҳа ходимларининг ойлик маошига йўналтирилади. Соҳада бошланган кенг қамровли ислоҳотлар натижасида бу каби кўплаб ютуқлар билан бирга ҳали амалга ошириш зарур бўлган ишлар, келгуси режалар ҳақида ҳисобот берилди.
Тадбир якунида журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.
Зилола МАДАТОВА