Физикадан абитуриентлар билими нега паст?
Умумтаълим ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида физика фанини ўқитишдан асосий мақсад — ўқувчиларга табиатнинг фундаментал қонунларини илмий асосда тушунтириш, уларнинг илмий дунёқараши ва фалсафий мулоҳаза юритиш қобилиятини ривожлантириш ҳамда турмушда фойдаланилаётган ускуна ва жиҳозларнинг ишлаш принциплари билан таништириш, бу билимлардан ҳаётда фойдаланиш кўникмаларини шакллантириш, олган билимлари асосида ёшларни илмий изланишларга тайёрлашдан иборат.
Илмий изланишларни ишлаб чиқаришга татбиқ этиш янги технологияларнинг яратилишига, ишлаб чиқариш унумдорлигининг ортишига ва мамлакат фаровонлигига йўл очади. Шу мақсадда охирги йилларда мамлакатимизда физика соҳасида бир нечта илмий-тадқиқот институтлари, чет мамлакатларнинг етакчи олий таълим муассасалари филиаллари ташкил этилди.
Олий таълим муассасаларида ўқийдиган, келгусида илмий-тадқиқот институтларида ишлаб, кашфиёт қиладиган ва янги технологияларни яратиши кутилаётган бугунги талабаларнинг илмий салоҳияти қандай?
dtm.uz сайти маълумотига кўра, 2017-2018 ўқув йили учун тест топширган абитуриентларнинг фанлар бўйича эгаллаган билими таҳлил этилганда физика бўйича кўрсаткич энг паст — 30,50 балл экани аниқланган. Бу она тили ва адабиёт (49,64 балл); биология (45,0 балл); география (45,0 балл) фани кўрсаткичларидан кам. Ҳатто математикадан ҳам кўрсаткич 34,77 балл бўлган. 2018-2019 ўқув йилининг статистикаси бундан-да ачинарли. Илмий-тадқиқот институтларининг асосий дарғалари бўлиши кутилаётган, Ўзбекистон Миллий университетининг физика факультетига 75,2, СамДУ физика факультетига 73,0, ҚДУ физика факультетига эса 68,3 балл тўплаган абитуриентлар ўқишга қабул қилинди (abt.uz). Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университетининг корпоратив бошқарув мутахассислиги бўйича 116,1 балл тўплаган абитуриентлар шартнома асосида ўқишга қабул қилинган бир пайтда, физика биринчи фан бўлган электрон аппаратлар ишлаб чиқариш технологияси мутахассислигига 61,6, лазер технологиялари ва оптоэлектроника мутахассислигига 61,9, интеллектуал муҳандислик тизимлари мутахассислигига 57,6, муқобил энергия манбалари мутахассислигига 57,0 балл тўплаганлар қабул қилинди. Айнан шу соҳа мутахассислари келгусида юртимизда инновацион технологияларнинг ривожланишида асосий ўрин тутиши кутилмоқда.
Шу қадар паст кўрсаткич билан ОТМга қабул қилинган абитуриентларнинг мавжуд салоҳияти билан кутилаётган натижаларга эришиш мумкинми?
Физика фанининг илмий-техник ривожланишдаги роли беқиёс. Ташкил этилиши режалаштирилаётган Президент мактабларида ҳам физика асосий фанлардан бири сифатида ўқитилиши мўлжалланаётгани бежиз эмас. Ҳозир эса барча диққатимизни мавжуд муаммоларни ҳал этишга қаратмоғимиз лозим.
Абитуриентларнинг физика фани бўйича кўрсаткичи юқори бўлиши учун ҳамма нарса етарлидек. Ўқув адабиётлари бор. Тест синовларига тайёрланиш учун фойдаланиладиган тест тўпламларининг ҳам исталган кўриниши мавжуд: беш йиллик, ўн йиллик, йигирма йиллик, мавзулаштирилган ва мавзулаштирилмаган. Ҳамма имконият муҳайё. Лекин натижа ёмон. Келгуси йил натижалари бу йилгидан ҳам ёмон бўлади. Чунки ҳозирданоқ ижтимоий тармоқлар турли-туман тестларга тўлиб кетган: туркча тестлар, уйғурча тестлар, "ЕГЭ" асосида тестлар ва ҳоказо.
Ўқитувчиларни ҳам, ўқувчиларни ҳам тест ечишдан бошқа нарса қизиқтирмай қолди. Репетиторлик кучайиб кетди. Бугун ким янги тест тарқатиб синов ўтказса, ўқувчи наздида ҳам, ота-она наздида ҳам ўша яхши мутахассис ҳисобланади. Ҳеч ким дарслик ўқимай қўйди.
Натижада физиканинг фундаментал қонунлари назардан четда қолиб, фанда умумий саводсизлик кузатилмоқда. Бунинг бош сабаби кириш синовларида фойдаланилаётган тестларнинг қайси адабиётлардан олинаётгани ёки қайси адабиётларга таяниб тузилгани мавҳумлигидир. Айнан шу мав¬ҳумлик ҳамманинг турли тестлардан фойдаланиши, натижасида ўқувчиларнинг физикадан билими саёзлашишига асосий сабаб бўлмоқда.
Қабул синовлари абитуриентнинг умумтаълим муассасалари дастурларида белгиланган билимларини аниқлаш, қолаверса, шу билимларни яхши ўзлаштиришини рағбатлантиришга хизмат қилиши керак. Шу нуқтаи назардан физика фанини ўқитиш самарадорлигини оширишга ДТМ ижобий таъсир кўрсатиши мумкин.
ДТМ физикадан тест саволларини тузишда фойдаланиладиган адабиётлар рўйхатини эълон қилди. Лекин бу адабиётларда масалалар етарли эмас. Тест саволларининг тўртдан бир қисми назарий бўлса, қолгани масалалар бўлади. Улар қайси адабиётдан олинади? Шундай адабиётлар сифатида умумтаълим муассасаларининг Физика фани дастурларида қўшимча адабиётлар сифатида тавсия этилган, умумтаълим муассасалари дастурида белгиланган асосий билимларни қамраб олган ва кўп йиллар давомидаги синовдан муваффақиятли ўтган В.И.Лукашик, Е.В.Иванованинг "Физикадан масалалар тўплами", А.П.Рымкевичнинг "Физикадан масалалар" адабиётларидан фойдаланиш мақсадга мувофиқ. Абитуриент ДТМ чоп этган адабиётлардаги билимларни ўзлаштирса ва юқорида келтирилган масалалар тўпламларидаги 2947 масала ва машқни еча олса, у физиканинг умумтаълим муассасаларида ўқитиладиган қисмини, сўзсиз, "беш"га билади.
Энг муҳими, доимо турли миш-мишларга сабаб бўлувчи, тестларнинг ноқонуний тарқалиши ҳақидаги ортиқча гап-сўзларга нуқта қўйилади. Агар масалаларнинг шартини ўзгартиришга зарурат туғилса, буни ДТМнинг экспертлари осонгина ҳал қилиши мумкин.
Шу билан бирга тестларнинг ярми назарий саволлар, ярми эса масалалар бўлиши мақсадга мувофиқ. Улар биринчи, иккинчи, учинчи даражали тестлар бўлгани маъқул. Бу абитуриентларни, ҳеч бўлмаса, умумий балнинг учдан бирини тўплашга, яъни ҳар хил тестларга ишонмай, физиканинг осонроқ саволларини ўрганишга ундайди.
Абдуқаҳҳор ҒАНИЕВ, физика-математика фанлари номзоди, доцент