Мактабдаги онамиз
Синф раҳбари учун ўқувчи ўз фарзанди каби. Унинг кайфияти, ўй-хаёли, орзу-умиди ҳақида устоз ота-онадек қайғуради. Ота-она эътиборига муҳтожлик болани не кўйларга солмайди?! Синфдошларидек уйига шошмайдиган бола эътиборимни тортди. Ҳаттоки унинг ортидан далагача боришимга тўғри келди. Қарасам, ўсмирлар олов устидан сакраш бўйича мусобақалашмоқда. Кемага тушганнинг жони бир. Ўқувчим ўзини оловга отди. Уни асраб қолиш учун оёғимни қўлимга олиб югурдим. Ичимдан бир нарса узилиб кетгандай бўлди. Яхшиямки, у мен ўйлагандек оловнинг устига эмас, бир четига тушди. Унинг тутундан қорайган кийимларини қоқдим. Ҳеч қаери куймабди, уйга олиб келдим. Уст-бошини тозалаб, ювинтириб, қорнини тўқлагач, онасининг келишини кута бошладик. Шом қоронғисида келган онанинг юзида хавотирдан асар ҳам йўқ. Фиғоним фалакка чиқди:
— Барака топкур, бола керак эмасми сизга?
— Э, опажон, боламга ўзимдан ҳам яхши қарайсиз! Уйда йўқ экан, сизникида бўлса керак, деб тўғри келавердим.
— Майли-ку, аммо ўғлингиз бугун ўтакамни ёрай деди.
Она воқеа тафсилотини тинглаб, мени маҳкам қучди:
— Бир умр розиман сиздан. Эримнинг оилага, боласи тақдирига масъулиятсизлигидан чарчадим. Бу ёғига ота-онам билан яшашга қарор қилдим. Уйи¬мизни сотиб кетмоқчиман! Боламга қараганингизнинг ҳаққи-ҳурмати, қурбингиз етган нархга олинг. Пулини кейинчалик берсангиз ҳам майли!
Ўқитувчи ойлик маош эвазига кун кўради. Маошини йиғиб, уй олиш учун, эҳ-ҳее, қанча ишлаши керак... Мен арзон-гаров уйни ололмаганим учун эмас, бир боланинг тақдири, қай муҳит, қандай ўқитувчи қўлига тушишини ўйлаб ачиндим. Ахир, у фарзандимдай бўлиб қолди. Она-бола билан қўнғироқлашиб турардим. Яхши ўқитувчининг қўлига тушибди. Онаси хурсанд. Бир куни кўчада учрашиб қолдик: “Ўғлим тез-тез сизни эслаб туради”, деди.
Ўқувчини ота-онасидан ҳам яхшироқ биладиган синф раҳбарлари кўп. Уларни собиқ ўқувчилари ҳамиша мамнун бўлиб эслашади, йўқлаб туришади.
Она қанча фарзанди бўлса, шунчага “бўлина” олади. Синф раҳбари эса мактабдаги “она”. Эътибор берганмисиз, онаси етаклаб юрган бола ўзини эмин-эркин, хавфсиз сезади. Синф раҳбарисиз қолган ўқувчи ҳам ўзини ҳимоясиз ҳис қилади. Бир вақтнинг ўзида ўқитувчига 2 та синфни топшириш амалдаги тартибга зид. Ота-она икки-уч нафар фарзандини эплай олмай, шўхлигидан, дарсини вақтида тайёрламаслигидан нолиб қолади. Боланинг дарсга келган-келмагани, бўш вақти, оиладаги ўрни, ўқув қуролларининг бор-йўқлиги, ота-она томонидан кундалик дафтарининг назорат қилиниши, эгни-боши, юриш-туриши, давомати синф раҳбаридан кузатувчанликни, фидойиликни талаб қилади.
Бошланғич синфда бир, юқори синфда бошқа синф раҳбарининг қўл остида мактабни битириш бахтига кўплаб ўқувчилар мушарраф бўлавермайди. Ҳаттоки мактабни бир нечта синф раҳбари қўл остида тамомлаганлар ҳам йўқ эмас. Бу ҳолат бола руҳиятига таъсир этмай қолмайди. Янги синф раҳбарига кўниккунча ўқувчиларнинг норози кайфиятда юриши ҳам табиий ҳол. “Ўзимизнинг устозимиз яхши эди”, “Аввалги синф раҳбаримиз қани?” деган саволлар берилиши бежиз эмас.
Синф раҳбарлигининг масъулиятини бошидан ўтказган билади. У ҳаттоки оилада фарзандни назорат қилишга масъул! Дарси бўлмаса-да, мактабга келмай қолмайди. Чунки кам деганда 5-6 нафар ўқувчининг ота-онасига айтадиган алоҳида гапи ёки берадиган саволи бор. Синф раҳбари билан учрашиб кетай, деган ота-оналар талайгина...
Айрим синф раҳбарларига 30—40 ўқувчи орасида икки-уч нафарининг бор-йўқлиги сезилмайди. Аммо дарс¬га келмаган ўқувчига синф раҳбарининг эътиборсизлиги камситишдай туюлиб, унда “Мактабдан қолсам бўлаверар экан, устозим сўраб ҳам қўймади-ку”, деган фикр пайдо бўлади. Зеро, синфда ўрним йўқ, деган фикр болани руҳан тушкунликка солади. Ўқувчи дарсга келмаса, синф раҳбарининг куйиниб сабабини сўраши, дарров ота-онаси билан боғланиши ундаги яна бир инсоний хислат ифодасидир.
Муножат МЎМИНОВА