Мактаблардаги директор жамғармаси маблағлари нималарни молиялаштиришга сарфланади?
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Халқ таълими тизими ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни моддий рағбатлантириш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.
Ҳужжат билан умумтаълим муассасаларининг ўрнак кўрсатган ходимларини рағбатлантиришнинг директор жамғармаси маблағларидан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланиши мумкин.
Директор жамғармаси маблағлари қуйидагиларни молиялаштиришга сарфланади:
умумтаълим муассасаларининг фақат ўрнак кўрсатган педагог ходимларининг (уларнинг умумий сонининг кўпи билан 50 фоизи) базавий тариф ставкаларига ҳар ойлик устамалар белгилаш йўли билан моддий рағбатлантиришга;
умумтаълим муассасалари ходимларини моддий рағбатлантириш ва уларга моддий ёрдам кўрсатишга;
фақат тежалган маблағлар мавжуд бўлгандагина ходимларнинг вақтинча меҳнатга лаёқатсизлиги бўйича тўланмаган нафақаларни молиялаштиришга.
Директор жамғармасини ташкил этишнинг вазифалари қуйидагилардан иборат:
ўқитувчилик касбининг жозибадорлигини ошириш, умумтаълим муассасалари педагог ходимларининг тизимли равишда ўз устида ишлашлари, педагогик касб маҳоратини ошириб боришларига кўмаклашиш;
умумтаълим муассасалари педагог ходимларини ижтимоий муҳофаза қилишни янада такомиллаштириш;
хорижий давлатлар таълим тизимининг илғор тажрибаларидан фойдаланган ҳолда замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологиялари асосида дарс бериш самарадорлигини ошириш;
ўқув-тарбия жараёнига катта шахсий ҳисса қўшаётган, ўз касбига содиқлик ва ташаббускорлик, юқори касб даражасини намоён этаётган, ўқувчилари кўрик-танловлар, фан олимпиадалари ва мусобақаларда совринли ўринларни қўлга киритаётган педагог ходимлар меҳнатини муносиб рағбатлантириш.
Директор жамғармаси Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан умумтаълим муассасаси меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг 15 фоизи миқдорида шакллантирилади.
Директор жамғармасининг меҳнатга ҳақ тўлаш фондига нисбатан миқдори барча умумтаълим муассасалари бўйича ягона ҳисобланади.
Директор жамғармаси ҳисобидан молиялаштириладиган устамалар, моддий рағбатлантириш ва моддий ёрдам маблағлари умумтаълим муассасасининг меҳнатга ҳақ тўлаш фондига киритилади ҳамда улардан давлат ижтимоий суғуртасига маблағ ўтказилади.
Директор жамғармаси ҳисобига олинган даромадлардан қонун ҳужжатларига мувофиқ солиқ ундирилади.
Директор жамғармаси маблағлари ҳисобига устамалар ҳамда бошқа турдаги рағбатлантиришларни тўлаш маблағларини молиялаштириш белгиланган тартибда молия органлари томонидан иш ҳақи тўлаш учун маблағларни молиялаштириш билан бир вақтда амалга оширилади.
Педагог ходимларнинг лавозим маошларига устамалар белгилаш, умумтаълим муассасалари ходимларини моддий рағбатлантириш ва уларга моддий ёрдам бериш умумтаълим муассасаларида ташкил этиладиган Устамалар белгилаш, моддий рағбатлантириш ва моддий ёрдам бериш бўйича Махсус комиссиялар томонидан амалга оширилади.