Иқтисодий билимлар мактаб ўқувчисига керак(ми?)
Таълим тизимида ўқув дастурлари, дарсликлар такомиллаштирилмоқда, фанларни ўқитишда замонавий ёндашувлар жорий этилмоқда. Аммо ҳамон олдимизда ечимини кутаётган муаммолар турибди. Масалан, мактабларда иқтисодий билим асослари фанини ўқитишда бир қатор камчиликлар мавжуд.
Шу кунгача иқтисодий билимлар бошланғич ва қуйи синфларда бошқа фанлар таркибида ўқитиб келинмоқда. Халқ таълими вазирининг 2018 йил 27 июлдаги 191-сонли “Умумий ўрта таълим мактабларининг I—XI синфлари учун 2018-2019 ўқув йилига мўлжалланган таянч ўқув режани тасдиқлаш тўғрисида”ги буйруғи ва тушунтириш хатида “Тежамкорлик сабоқлари” ўқув-тарбиявий машғулотлари I—XI синфларда 17 соатдан фанлар бўйича тўгарак машғулотларида, тарбия¬вий соатларда, синфдан таш¬қари машғулотларда ва экскурсияларда, бошқа иқтисодий фанлар “I—IV синфларда “Иқтисод ва солиқ алифбоси” курсининг ўқув материаллари она тили, ўқиш, одобнома, математика, атрофимиздаги олам фанлари таркибида синфлар кесимида 10 соатдан; V—VII синфларда “Иқтисод ва солиқ сабоқлари” ўқув курси тарих, математика, физика, география, Ватан туйғуси фанлари таркибида синф¬лар кесимида 17 соат ҳажмида сингдирилади” деб кўрсатилган. Бироқ “Тежамкорлик сабоқлари”, “Иқтисод ва солиқ сабоқлари” ўқув курси қайси мавзуларга сингдирилиши аниқ белгиланмаган ва қай даражада сингдирилаётгани мониторинг қилинмаган.
I—IV синфларда “Иқтисод ва солиқ алифбоси” 10 соатлик курсини бошқа фанлар таркибида эмас, балки 17 соатлик алоҳида фан сифатида ўқув режасига киритиш, уни 1-ёки 2-ярим йилликда ўқитишга эҳтиёж бор. Россия Федерациясидаги мактабларда “Экономическая культура” (“Иқтисодий маданият”) фани 1-синфдан бошлаб ўқитилади. Мен бошқа давлат таълим тизимига кўр-кўрона тақлид қилиш тарафдори эмасман. Бироқ илғор хорижий тажрибаларни имкон қадар ўзимизда қўлласак, яхши натижа беради. Биринчи синфга болаларнинг белгиланган бошланғич билим ва дунёқараши шаклланган ҳолда қадам қўйишини таъминлаш мақсадида мамлакатимизда барча болалар мактабгача таълим билан тўлиқ қамраб олинишига эътибор қаратиляпти. Бундай ижобий интеллектуал ўсиш иқтисодий таълимни бошланғич синфларданоқ йўлга қўйишимиз лозимлигини давр талабига айлантирмоқда.
I—XI синфлардаги 17 соатлик “Тежамкорлик сабоқлари” тарбиявий машғулоти, V—VII синфдаги бошқа фанлар таркибида ўқитилаётган 17 соатлик “Иқтисод ва солиқ сабоқлари” ўқув курсининг соатларини кўпайтириб, ярим ёки 1 йил давомида ўқитиладиган алоҳида иқтисодий фанга айлантирилиши зарур, деб ҳисоблайман.
Ҳозир фақат 8-синфдан бошлаб “Иқтисодий билим асослари” фани йилига 34 соатдан ўқитилмоқда, 2018 йилдан унинг мантиқий давоми сифатида 11-синфда янги “Тадбиркорлик асослари” фани киритилди. Бироқ 11 йиллик таълим жорий этилганига икки йил бўлса-да, “Табиий ва иқтисодий фанлар” блок-модулига 10-синфда иқтисодиёт йўналишидаги фан киритилмади. Фақат ҳафтасига 1 соатдан “География” фани ўқитилмоқда. 10 бобли мавзудан иборат ушбу дарсликнинг 5-6 ва 10-бобларидагина иқтисодиётга оид айрим мавзулар ўрин олган. Натижада 8—9-синфлардаги узлуксиз иқтисодий таълим 10-синфда узилиб қолиб, 11-синфдан “Тадбиркорлик асослари” фани давом этмоқда.
Республикамизда иқтисодий соҳада кечаётган туб ўзгаришлар, давлатимизнинг тадбиркорликни ривожлантиришга катта эътибор қаратаётгани, ҳар бир оилага тадбиркорлик билан шуғулланишга шароит яратилаётгани, айниқса, ёшларга кенг имкониятлар эшиги очилгани аҳолининг иқтисодий саводхонлигини ошириш, иқтисодий фанларни ўрганишига эҳтиёжни кучайтирмоқда. Иқтисодиёт соҳасидаги ўзгаришлар бу фанни ўқитишда халқаро иқтисодиёт, логистика, туризм, давлат бюджети, оила бюджети ва тежамкорлик, иқтисодий маданият каби йўналишларни ўқув режаларига киритиш зарурлигини кўрсатмоқда.
Демак, биринчи галда бошқа фанлар таркибида бўлган, номутахассис ўқитувчилар таълим бераётган I—IV синфлардаги 10 соатлик “Иқтисод ва солиқ алифбоси”, V—VII синфлардаги 17 соатлик “Иқтисод ва солиқ сабоқлари” ўқув курсларининг ўқув соатлари ҳажмини кўпайтириш мақсадга мувофиқ. 10-синфда ҳам узлуксизликни таъминлаб, иқтисод бўйича янги фан киритиш керак. Умумий ўрта таълимнинг таянч ўқув режасида иқтисодий фанларни алоҳида йўналиш сифатида белгилаб, “Иқтисодий фанлар” блок-модулини яратсак, республикамиз умумий ўрта таълими тизимида иқтисодий таълимнинг узвийлиги ва узлуксизлигига эришамиз.
Қурдош ОДИНАЕВ, Ангрен шаҳридаги 31-мактаб ўқитувчиси