Дарснинг мақсади — сифатли билим бериш
Ўқитувчи маҳорати ва савияси ҳақида гап кетганда, ҳар бир педагог ўз фаолиятига танқидий нуқтаи назар билан қараши тарафдориман. Мавзунинг характеридан келиб чиққан ҳолда вақт тақсимотини тўғри белгилаш, ҳар бир дақиқадан унумли фойдаланиш керак.
“Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси” кўрик-танловининг вилоят босқичида қатнашган педагоглар нотаниш синфда дарс ўтиш шартини бажараётганда айрим хатоликлар кўзга ташланди. Баъзида ўқитувчи дарснинг ташкилий қисмига эътибор бериб, қолган босқичларда ўз вақтини ўғирлайди. Ҳаракатлар стратегиясини тарғиб қилиш мақсадида педагог (ўқувчи ёши ҳисобга олинмаган) сиёсий янгиликларга кўп вақт ажратади, танланган мотивация мавзуга мос келмайди. Кўпинча янги мавзунинг баёнида педтехнологиялар қўлланмаса, мақсадга эришиш қийин. Олайлик, ўқитувчи янги мавзуни эълон қилишда “Рақамлар сўзлайди” технологиясидан фойдаланди: 8, 18, 12, 11, 1, 17, 13, 8, 13, 6 - 12, 20, 13, 14, 18, 1, 2, 1, 19 - 22, 1, 10, 11, 11, 1, 17, 8.
Ушбу жумбоқли саволдаги рақамлар ортида яширинган ҳарфларни жойига қўйсангиз, дарснинг мавзуси келиб чиқади — “Исм¬ларнинг муносабат шакллари”. Аммо ҳарфларни алифбодан топишга анча вақт сарфлашга тўғри келади. Дарснинг қолган босқичларини қизиқарли ташкил этишга етарлича имкониятимиз қолмайди. Ўқитувчи бу усулни дарсга мослаб қўллай олмагани учун қимматли вақтини бой беради.
Яна бир ҳолатни олайлик. 5-синфда Заҳириддин Муҳаммад Бобур рубоийларини ўргатаётган пайтда ўқитувчи мушоира уюштиради. Бу билан болаларнинг нутқий саводхонлиги шакллантирилади, аммо асосий мақсад — шоир ҳаёти тасвирланган рубоийларни таҳлил қилиш асносида Ватан қадри, юртга муҳаббат туй¬ғусини сингдириш вазифаси иккинчи даражага тушиб қолади.
Фан ойлиги муносабати билан ўтказиладиган очиқ дарслар фестивалида ҳам бир неча таълим технологиялари қўлланганига гувоҳ бўламиз. Бироқ бу усулларнинг бир-бирига узвий боғланмай қолиши кутилган натижани бермайди.
Ўқувчи ёши, тақсимланган вақт, бир жамоадаги турли характерлар ва мавзунинг кўламини ҳисобга олиб, метод ва технологияларни танлаш катта маҳорат талаб этади. “Скарбей”, “Ассисмент”, “Резюме”, “Зинама-зина” каби методлар кўп тармоқли мураккаб мавзуларни ёритишга хизмат қилади, шу билан бирга иқтидорли ўқувчилар баҳсини юзага келтиради. Аммо бўш ўзлаштирувчи ўқувчилар то ўйлаб олгунга қадар, кўп маълумотларни ўзлаштиришдан ортда қолади.
Мактабдаги машғулотлар сифатли ташкил этилиши учун ўқитувчилар раҳбар ходимлар ва туман методистларидан методик кўмак олиши, камчилик ва муаммоларга биргаликда ечим топиши, тавсиялар ишлаб чиқиши керак. Қолаверса, ўқувчига сабоқ бериш учун кучли педагогик маҳоратга эга мутахассислар зарур. Бунинг учун бўлажак ўқитувчилар амалиётда ўз билимини кўпроқ мустаҳкамлаши талаб этилади.
Дилдор НУРМУҲАМЕДОВА, Термиз туманидаги 9-мактаб ўқитувчиси