Ҳудудий методбирлашмалар — инновацион ғоялар асоси
Китоб туманидаги 90 та мактаб ва 2 та ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернатида 4021 нафар ўқитувчи фаолият кўрсатмоқда. Мактабларда узлуксиз методик хизматни мувофиқлаштириш мақсадида амалдаги низом асосида методбирлашмалар ишламоқда. Лекин улар ҳозирги кунгача яхши самара бермагани боис, тумандаги 92 та мактаб ҳудудий жойлашувига кўра, ўнта марказий ҳудудий таянч мактабга бириктирилди. Ҳар бир марказий ҳудудий таянч мактаби бир-бирига яқин бўлган 8—10 тагача мактабни қамраб олган, 350—400 нафар ўқитувчи учун фан ва йўналишлар бўйича ҳудудий методбирлашмалар ташкил этилди.
Туман халқ таълими бўлими томонидан ўқув йилининг бошида ҳар бир ҳудудий таянч мактабининг методбирлашма раҳбарлари ва директорнинг ўқув ишлари бўйича ўринбосарлари билан келишган ҳолда тадбирлар режаси тайёрланди. Режага мувофиқ, методбирлашма йиғилишлари ҳар икки ойда бир марта ўтказиладиган бўлди. Умумтаълим мактабларидаги методбирлашма йиғилишлари ўз мактабида ҳар ойда режа асосида ўтказиб борилади. Таянч мактабларга бир нафардан методист бириктирилади. Улар амалий-методик ёрдам кўрсатиб, ишнинг боришини назорат қилади.
Ҳудудий таянч мактабларида очиқ дарс, тадбир ва давра суҳбатлари, ижодий кечалар, педагогик ўқувлар, ўқитувчиларнинг илғор тажрибасини оммалаштириш йўналишида семинарлар ташкил этилмоқда. Марказий ҳудудий таянч мактабларга бириктирилган 8 ёки 10 та мактаб ўқитувчилари учун фанлар бўйича алоҳида ҳудудий методбирлашмалар фаолият кўрсатади. Бу ўқитувчиларни долзарб янгиликлар, ўзгаришлар билан тезкор таништириш учун қулай имкониятдир. Бу орқали ўқитувчиларни узоқ масофадан туман марказига чақириш каби оворагарчиликка чек қўйилади. Таянч мактабларда ташкил этилган ҳудудий методбирлашмаларда иштирок этиш ўқитувчиларнинг масъулияти ва қизиқишини янада оширади.
Маълумки, мактабларда фанлар бўйича ташкил этилган методбирлашма аъзоларининг сони 3—5 нафардан иборат бўлади. Ҳудудий таянч мактаблардаги методбирлашмаларда эса уларнинг сони камида 18—20 нафарни ташкил этади. Бундай таркибдаги методбирлашма йиғилишида айтиладиган фикрлар, киритиладиган таклифларнинг савияси ҳам юқори бўлиши табиий.
Туман ҳудудий таянч мактабларига бириктирилган мактабда ҳар йили бир ҳафта давомида (методик кунлар бўйича) ҳудудий методбирлашма йиғилиши ўтказилади. Ўқитувчининг очиқ дарс ўтиши, маъруза ўқиши, тадбирлар, ижодий кечалар ёки ўқувлар ўтказишида яқин ҳудуддаги мактаб ўқитувчиларининг иштироки раҳбар ва ўқитувчилар масъулияти янада ошиши, амалга оширилаётган ишларга пухта тайёргарлик кўришига олиб келади. Бир вақтнинг ўзида таълим тизимида жорий этилган янгиликлар, илғор тажрибалар, намунали ишлар ўзаро бириктирилган мактаб ўқитувчиларига етказилади ҳамда бу мезбон ва меҳмон мактаб ўқитувчилари ўртасида тажриба алмашиш майдонига айланади.
Шунингдек, мактаб директори, директор ўринбосарлари, психолог, ёшлар етакчиси ва чақириққа қадар бошланғич тайёргарлик раҳбарларининг ҳам ҳудудий методбирлашмаси фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, улар ўзларининг методик кунларида ҳамкасбларининг очиқ дарсларини кузатиш билан бирга ўз лавозим вазифалари доирасида меъёрий ҳужжатларни ўрганади ва лозим бўлса, ўз тавсияларини бериш орқали тажриба алмашади.
Ўқув йили мобайнида синф¬дан ва мактабдан ташқари тадбирларнинг туман босқичига қадар мактаб босқичидан кейин ҳудудий таянч босқичи ўтказилади. Агар тадбирларга туман бўйича барча мактабларнинг ғолиб ўқувчилари таклиф этилса, тадбирни ўтказиш жараёнида чалкашлик ва қийинчиликларга дуч келиш табиий. Ҳудудий таянч мактабларда бундай тадбирларни ўтказиш иш сифатини оширади ва иқтидорли ўқувчиларни саралаш учун қулай имконият яратилади.
Тумандаги 10 та марказий ҳудудий таянч мактабларга бириктирилган методистлар жойларда ҳудудий методбирлашма йиғилишларини ўтказади, йиғилишларнинг дастурларини тузиш, ўқи¬тувчиларнинг очиқ дарсларини ташкил этишда амалий-методик ёрдам кўрсатадилар. Улар томонидан ҳудудий методбирлашма йиғилишлари ўтадиган мактабларда тайёргарлик ишлари амалга оширилади. Жумладан, хоналар жиҳозланади, кўргазмали қуроллар тайёрланади ҳамда шу жараёнда мактаб раҳбарлари ва ўқитувчи изланади, ўз устида ишлайди.
Ҳудудий таянч мактабда ташкил этилган методбирлашма йиғилишларида мактаб раҳбарлари ва ўқитувчиларнинг масъулияти каттадир. Улар ўз устида ишлаши, ижодкор ва билимдон бўлиши керак. Методик тадбирларнинг мазмунли ва сифатли ўтиши методистга ҳам боғлиқ. Бу ишнинг муваффақиятини таъминлаш учун методист фидойи бўлиши, вақтини, кучи ва билимини аямаслиги зарур.
Марказий ҳудудий таянч мактаблардаги методбирлашма йиғилишларида ўқилган маърузалар, ўтказилган очиқ дарслар, ижодий кеча ва тадбирлар методист томонидан сараланиб, қайта ишланади ҳамда август ва январь ойларида ўтадиган анъанавий шўъба йиғилишлари учун тавсия этилади. Масалан, 2018 йилнинг ноябрь ойида тумандаги 1-, 8-, 17-, 23-, 26-, 36-, 49-, 58-, 65-, 75-мактабларда ҳудудий методбирлашма йиғилишлари ўтказилди. Бунда 383 та очиқ дарс ва 71 та тадбир ташкил этилди. Жами 16 та фандан 100 га яқин маъруза ўқилди. Юқоридаги мактабларнинг барчасида ҳудудий методбирлашмалар намунали ташкил этилди. Унда фаол иштирок этган мактаб раҳбарлари қаторида ўзларининг очиқ дарслари, тадбирлари ва маърузалари билан иштирок этган фидойи ўқитувчилар туман халқ таълими бўлими томонидан моддий ва маънавий рағбатлантирилди.
Анвар УМАРОВ, Китоб туман халқ таълими бўлими таълим муассасалари фаолиятини ташкил этиш шўъбаси мудири