Анжуманларда қабул қилинаётган тавсиялар
йил давомида педагоглар учун муҳим қўлланма вазифасини ўтайди
Мирзаобод тумани халқ таълими ходимларининг анъанавий август кенгашларини ўтказиш учун ҳудудда янгидан барпо этилган, барча замонавий шарт-шароитларга эга бўлган 10-мактаб биноси танланди. Анжуман доирасида 4 та раҳбар ходимлар, 18 та фан ўқитувчилари, ёшлар етакчилари, тўгарак раҳбарлари, МТМ мудиралари ва кутубхоначилар учун мўлжалланган шўъбаларда мингга яқин педагог ходим иштирок этди.
Йиғилишга туман ХТМФМТТЭ бўлими мутасаддилари, амалиётчи-психологлар, методистлар, “Маҳорат мактаблари”нинг тажрибали ўқитувчилари, “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси” кўрик-танлови ғолиблари жалб этилгани илғор тажрибаларни оммалаштириш, муайян педагогик вазиятларга ҳамкорликда ечим излаш имконини берди. Ўтган ўқув йили натижалари таҳлил этилиб, 2015-2016 ўқув йилида таълим самарадорлигини янада ошириш, йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш ҳақида мулоҳаза юритилди. Модератор ва тренер ўқитувчиларнинг фаоллиги шўъба йиғилишларининг жонли ва қизғин баҳс-мунозаралар асосида ўтишини таъминлади.
Анжуман сўнгида қабул қилинган тавсияларни тумандаги барча устоз ва мураббийларга етказиш, мазкур кўрсатмалар ўқув йили давомида педагоглар учун муҳим қўлланма вазифасини ўташини таъминлашга келишиб олинди.
***
Анъанавий август кенгашида иштирок этиш учун Учкўприк туманидаги 20-болалар мусиқа ва санъат мактабига тўпланган фарғоналик ўқитувчилар, методистлар ва бошқа меҳмонлар дастлаб тумандаги таълим муассасаларининг янги ўқув йилига тайёргарлик ҳолати билан танишдилар. Йиғилганлар томонидан ўтган ўқув йилида вилоят ўқитувчи ва ўқувчиларининг «Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси-2015» кўрик-танлови, билимлар беллашуви ва бошқа танловлардаги иштироки юқори баҳоланиб, келгусидаги вазифалар белгилаб олинди.
Шундан сўнг иштирокчилар шўъбаларга бўлиниб, таълим-тарбия сифатини янада юксалтириш, ўқувчилар билан ишлаш, дарсларга замонавий методларни татбиқ этишга доир қатор долзарб вазифаларни муҳокама этишди.
— Август кенгашлари олдидан туман ўқитувчилари ўртасида “Энг яхши дарс ишланмаси”, “Энг яхши “Мустақиллик дарси” ишланмаси”, “Энг яхши кўргазмали қурол”, “Энг яхши дарс ташкил этган ўқитувчи” каби танловлар эълон қилинди. ОАВдаги чиқишларига қараб “Таълим сифатини оширишга оид энг яхши тавсия”, “Энг яхши ЭАТР”, “Энг яхши маънавият дарси” каби номинациялар ғолиблари аниқланиши айтиб ўтилди. ўолибларга туман ХТМФМТТЭ бўлими томонидан эсдалик совғалари ҳам ажратилган. Бу танловлар йил давомида педагогларни изланишга, фаолликка ундайди, — деди Учкўприк тумани ХТМФМТТЭ бўлими методисти Дилфуза Исоқова.
Эътиборлиси, “Кексаларни эъзозлаш йили” муносабати билан анжуманларга юздан зиёд фахрий ўқитувчилар таклиф этилиб, тумандаги таълим муассасаларида яратилаётган шарт-шароитлар билан таништирилди.
***
Жойларда фанлар кесимидаги шўъба йиғилишлари ҳам қизғин давом этмоқда. Жумладан, Зомин туманидаги бошланғич таълим методистлари ва ўқитувчиларининг шўъба йиғилиши тренинг, баҳс-мунозара ва савол-жавоб тарзида олиб борилгани барча иштирокчиларнинг фаол иштирок этишини таъминлади. Бу ҳақда 42-мактаб ўқитувчиси Гулчеҳра Ўрозалиева шундай дейди:
— Муҳокамалар чоғида ўқувчилар саводхонлигини ошириш, ҳуснихатини яхшилаш, нутқини ривожлантиришда АКТ ва бадиий адабиётнинг имкониятларига таяниш, ҳар бир ўқувчи билан якка тартибда шуғулланиш борасида қўшимча маълумотларга эга бўлдик.
Шунингдек, тренер ўқитувчилар томонидан ташкил этилган маҳорат дарсларида мактабнинг оилалар билан ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, бола тарбиясига ота-оналар эътиборини кўпроқ қаратиш, ўқувчиларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш борасида қимматли фикрлар айтиб ўтилди.
Бойжигит АБДУЛЛАЕВ,
Шарифа МАДРАҲИМОВА,
Абдусаттор СОДИҚОВ,
«Ma’rifat» мухбирлари