Юзаки илмий ишлар педагогиканинг таянчи бўла олмайди
Президентимизнинг жорий йил 5 сентябрдаги “Халқ таълимини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони тизим ривожида янги даврни бошлаб берди. Фармонда таъкидланганидек, умумий ўрта таълимнинг долзарб масалалари ва уларнинг натижаларини амалиётга татбиқ этиш бўйича чуқур илмий тадқиқотларнинг мавжуд эмаслиги, ўқув-тарбия жараёнини услубий таъминлаш масалаларида халқ таълими бўлимлари ва умумтаълим муассасалари ўртасида ўзаро ҳамкорлик даражасининг пастлиги шу кунга қадар тўпланиб қолган кўплаб муаммо ва камчиликларнинг юзага келишига сабаб бўлаётганди.
Мазкур муаммо ва камчиликларни бартараф этиш учун, аввало, педагог кадрлар тайёрлаш жараёни, қолаверса, олий таълим муассасаларида педагогика фанининг ўқитилиши ва унда бажарилаётган илмий-тадқиқот ишлари мазмунига алоҳида эътибор қаратиш керак.
Бугун педагогика ўта мав¬ҳумлашган фан тармоғига айланиб қолди. Бу ўтган асрларда математика фани тармоқлари эришган натижалардан фойдаланиб, унинг назарий қарашларини тушуниб-тушунмай педагогика фанига мажбуран татбиқ этиш оқибати¬(математик формулалар асосида илмий-тад¬қиқот натижаларининг таҳлил қилиниши)дир. Педагогика фани тараққиёти сохта наза¬рия¬ларга таянгани боис, аксарият илмий мавзулардан амалиётда фойдаланиб бўл¬майди. Педагогика фани қонуниятлари асосида бажарилаётган, оддий, аммо мантиқан тушунарсиз мавзулардаги амалда ҳеч қандай аҳамиятга эга бўлмаган “тадқиқот”лар бунга яққол мисолдир.
Олий аттестация комиссияси(ОАК)нинг “Ахборотнома”сида педагогика фани бўйича эълон қилинган қуйидаги мавзуларни ўқиб, бунга ишонч ҳосил қилиш мумкин: “... ўқувчиларнинг касбий аҳамиятли сифатларини шакллантиришнинг интегратив методик воситалари”, “Моддий қадриятлар интеграцияси воситасида... кўникмаларни шакллантириш ва ривожлантириш”, “Ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги ... касбий компетентлигини шакллантиришнинг методик тизимини ишлаб чиқиш” ва ҳоказо.
Бундай тадқиқотлар давлат таълим стандартлари(ДТС) ёки ўқув адабиётлари(дарсликлар)га боғланмаган, ҳатто уларга эътибор ҳам қаратилмаган. Бу педагогика фанида собиқ иттифоқдан қолган “анъана”лар ҳамон сақланиб қолганини кўрсатади.
“Педагогика” атамасига тўғри таъриф бера олмайдиган, ҳатто таълим нималиги, мактаб билан боғчанинг ўзига хослигини ёки уларнинг академик лицейдан нимаси билан фарқ қилишини ҳам билмайдиган тадқиқотчиларнинг борлиги кишини ўйга толдиради.
Бунга сабаб уларнинг таълим соҳасига оид меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар, илмий-тадқиқот объектига боғлиқ бирорта дарслик ёки ўқув қўлланмани ўқиб ҳам кўрмаслигидадир. Шу боис, илмий-тадқиқот узлуксиз таълимнинг қайси бос¬қичига ёки ДТСга қай даражада тўғри келиши, қандай ўқув адабиётларини такомиллаштиришга хизмат қилиши мавҳум бўлиб қолмоқда.
Айрим илмий ишлар ДТС ёки тармоқ таълим стандартлари (малака тавсифлари) доирасида ёки таълим мазмуни (ўқув режа, ўқув дастури, ўқув фани)га боғлиқ равишда ёзилса-да, уларнинг ҳам тарбияланувчи, ўқувчи, талаба ёки ота-оналарга амалда қандай фойда бериши тўлиқ асосланмаган. Бу илмий изланишнинг фойдалилик коэффициентини пасайтириб юборади.
Шу нуқтаи назардан, таълим жараёни ва унинг муаммоларига бироз бошқача ҳамда ижодий муносабат билан эътибор қаратиш, таълим, тарбия, касб-ҳунар, ишлаб чиқаришни бир-биридан айро эмас, уйғун равишда ўрганиш зарур бўлади. Ана шунда ҳаммаси битта манбада — таълим соҳасига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар — ўқув режа, ўқув дастури ва ўқув фанлари(предмети)да бўлишига ва шу норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида соҳага оид билим, кўникма ва малакалар кафолатланишига эришамиз.
Узлуксиз таълимга қуйи¬даги инновацион ғоялар ва технологияларни жорий этиш мақсадни янада аниқ белгилашда муҳим ўрин тутади:
1. Замонавий ва малакали педагог кадрлар тайёрлаш жараёнига умумтаълим ўқув фанлари ҳамда таснифлагич (классификатор — касб-ҳунар таълимига оид) давлат талабларини уйғунлаштирган ҳолда ўқувчи шахсини аниқ ўзгартиришга хизмат қилувчи инновацион ғоя ва технологияларни татбиқ этиш (масалан, диплом олаётган бошланғич синф ўқитувчиси ўз ўқувчиларининг келажакда қандай касб-ҳунар эгаллаши мумкинлигини таснифлагич талаблари асосида тасаввур қила олиши лозим).
2. Бакалавр таълим йўналиши бўйича мактабгача, умумий ўрта ва касб-ҳунар таълими соҳасига аниқ мос келадиган педагог кадрларни тайёрлаш (масалан, бўлғуси педагог ишга киришишдан олдин ўқувчиларга қайси ўқув фанларини ва қанча соатда ўқитиш, болалар қайси синфда қандай даражада билим, кўникма ва малакаларга эга бўлиши лозимлигини амалда билиб, тушуниб, синаб кўрган бўлиши зарур. Яъни ишга киргандан кейин иш ўрганишдек қолоқ усулдан халос бўлиш лозим).
3. Олий малакали илмий ва илмий педагог кадрлар (ОАК ихтисосликлари бўйича) тайёрлаш ва уларни танлаб олишда инновацион ёндашувларга асосланиш (фан тармоқлари ихтисосликлари сони ҳамда олий таълим йўналишлари сони ва номи бўйича мослик таъминланади).
4. Ўқувчи-ёшлар (педагог кадрларга боғланмасдан — мус¬тақил ўқиши мумкин бўлган) мактабгача, умумий ўрта, касб-ҳунар таълимини ёки бакалавр, магистр маълумотларини олиши учун ўқув фанларидан фойдаланадиган муқобил дарсликларни яратиш бўйича инновацион ёндашувларни шакллантириш (натижада ўқувчилар салоҳияти ҳамда имкониятларига мос ўқув адабиётлари — муқобил дарсликлар нашр этила бошлайди).
Демак, педагогика фанининг таянчи фақат диплом ёки илмий “даража” олиш учун бажариладиган, амалда эса фойда бермайдиган тадқиқотлар эмас, шахс камолотига пойдевор бўлувчи илмий-амалий изланиш ва янгиликлар бўлиши зарур.
Қаюм БОЙМИРОВ, педагогика фанлари номзоди