Холис баҳони ўқувчи беради
15 йиллик педагогик фаолиятимга зимдан назар солсам, биз ўқувчини дангаса қилиб қўйган эканмиз. Дарсга тайёргарлик кўриб келамиз. Мавзу тўлиқ тушунтирилади. Дарс якунида “Кимда савол бор ёки ким нимани тушунмади?” деб сўрасак, ўқувчилар бир овоздан “Тушундик”, дейди. Аслида эса ундай эмас. Мактабда ҳаммасини тушунгандек бўлса-да, бола уйда дарс тайёрлаб, ўқиб, мавзуни мустаҳкамламайди.
Кейинги дарсда ўқитувчи савол берса, ўқувчилар борича жавоб қайтаради. Ҳарқалай ниманидир билади, устоз унга ошириброқ баҳо қўяди. Навбат — янги мавзуга. Бу ҳол доимий равишда такрорланавергач, ўз-ўзидан ўқувчида дангасалик пайдо бўлади. Ахир, тайёр нарсани эшитиб ўтирса, бир-икки муҳим жойини эслаб қолса, бўлди-да, дарс тайёрлаш шартми? Кейинги дарсда ҳам унга “арзон” “5” тайёр. Ота-она фарзанди “аъло” баҳога ўқиётганидан, ўқувчи эса жони қийналмаётганидан мамнун. Ўқитувчи ўзи сезмаган ҳолда лоқайд, боқибеғам ўқувчиларни тайёрлаб бормоқда.
“Бас, етар энди”, дедим-да, дарс ўтиш услубимни ўзгартирдим. Энди янги мавзунинг қизиқарли жойини айтаман, қолгани жумбоқ. Уйда мустақил ўқиб, тушуниб келишни топшираман. Эртасига саволларни дўлдек ёғдираман. Кимки жавобни тўлиқ айтиб, фикрини исботлай олса, “5”, қолганига паст баҳо. Аввалига, ўқувчиларнинг фиғони фалакка чиқди, осон баҳо олишга ўрганиб қолган-да. Лекин улар 2—3 баҳо олгиси ҳам келмасди, ўз устида кўпроқ шуғулланишга мажбур бўлишди. Мен ҳам уларни диққат билан тинглашни ўргандим.
Орадан кўп ўтмай улар эркин фикрлаб, тўғрими-йўқми, фикрини баён этиб, мени хурсанд қиладиган бўлди. Бир-бирини тинглаш, муҳокама қилиш, ўз фикрини ҳимоялаш, рақиблари билан баҳс-мунозарага киришиш муҳити юзага келди. Нутқи ўсиб, фикри аниқ-тиниқ, лўнда бўлган ўқувчилар сони орт¬ди.
Истардимки, ўқитувчининг фақат битта мажбурияти бўлсин. Болага ёқадиган, унинг ёдида узоқ вақт сақланадиган (керак бўлса бир умр), ҳам ўқувчи, ҳам ўқитувчи баҳра олиб, яйрайдиган дарс ўтиш. У раҳбарият ёки назоратчидан қўрқмасин, аксинча, дарси ўқувчига ёқмай қолишидан ҳадиксирасин. Ҳаттоки, унинг касбий маҳорати, билим даражаси, одоб-ахлоқи, кийиниши, юриш-туриши ҳам таълим олувчи нигоҳидан четда қолмасин. Агар ўқувчида шундай хислатни шакллантира олсак, жамиятга муносиб авлодни тарбиялаган бўлар эдик.
Муножат БУРҲОНОВА, Марҳамат туманидаги 16-мактаб ўқитувчиси