Мавзуни осон ўзлаштиринг
2-синф ўқувчилари ҳали ўз тилларида “Вақт” мавзусини ўтмай туриб, инглиз тили ўқув дастуридаги “Time” мавзусини ўрганиши керак. Мавзуни ўқувчилар мукаммал эгаллаши учун қуйидаги усуллардан фойдаланиш самара беради.
1-усулда қаттароқ ҳажмли соат макетини қўлда ясаб, ўқувчиларга узун ва қисқа соат миллари дақиқа ва соатни англатиши, соатнинг узун стрелкаси 12 да турганда “o’clock” сўзи, 6 да турганда “thirty” сўзи ишлатилиши тушунтирилади. Ўқувчиларнинг ўзлари соат ясаб келиши кераклиги қўшимча уй вазифаси сифатида берилади. “Let’s play!” мавзусида ўқувчилар 2 гуруҳга бўлиниб, 1-гуруҳ мавзудан келиб чиққан ҳолда “Eight o’clock” (8.00), 2-гуруҳ эса “Eight thirty” (8.30) деб номланади. Ўқитувчи маълум вақтни айтганда, масалан, “It’s five o’clock”, қайси гуруҳ ўқувчилари биринчи бўлиб соат стрелкаларини тўғри жойлаштириб, айтилган вақтни кўрсата олса, 1 балл, уни тўғри такрорлаб айта олганга ҳам 1 балл, яъни умумий 2 балл берилади. Бунда жуфтликда ишлаш ҳам самара беради.
2-усулда эса ўқувчилар “Бинго фурсати” ўйин методи орқали ўз тажрибасини оширишади. Бунда улар икки гуруҳга ажратилиб, диққат доскадаги “Time Bingo” ёзувига қаратилади. Яъни, бу ёзув 9 та катакдаги кўргазмада ифода этилади ва ҳар хил вақт белгиланади. Ўйиннинг қизиқ ва деталли қисми шуки, ўқувчилар қўлига 2 та пашшаургич берилади. Улар ўқитувчи буйруғи билан “Run!”, “Swim!”, “Dance!”, “Eat!”, “Cook!”, “Play football!”, “Spin around!” каби ҳаракатларни бажаришади. Турли хатти-ҳаракати билан доска томон яқинлашган ўқувчилар ўқитувчи кўрсатган вақтни катакча устига қўлларидаги пашшаургич билан уриб кўрсатади. Бу машқлар “Bingo”, “Robot, jump!” ва “Swat a fly” методларида машғулот мавзусига қараб бажарилади.
3-усул эса “Find your pair”, яъни “Ўз жуфтингни топ” методидир. Бунда ҳам ўқувчилар икки гуруҳга бўлинади. Биринчи гуруҳ ўқувчиларининг ҳар бирига вақтлар сўз билан ифодаланган қоғоз бўлаклари берилса, иккинчи гуруҳ ўқувчиларига сонлар орқали ифодаланган ҳолда берилади. “Find your pair” дейилганда барча ўқувчилар мос жуфтни топа олиши лозим. Бу тажрибалар бўш ўзлаштирувчи ўқувчиларни ҳам фаоллаштиради.
Нилуфар ЖАЛИЛОВА, Чирчиқ шаҳридаги 10-мактаб ўқитувчиси