Мактаб ярмаркалари
юртдошларимизга вақтини ва нақдини тежаш учун имконият яратмоқда
Қашқадарё вилоятидаги 122 мактаб, 17 ўрта махсус таълим муассасаси, 65 йирик савдо мажмуасида 26 турдаги ўқув қуроллари, мактаб либоси ва пойабзаллар савдоси ташкил этилган. Воҳанинг олис, бориш қийин бўлган тоғли ҳамда чўл ҳудудларидаги мактаб ўқувчиларининг эҳтиёжи ҳам эътиборга олиниб, улар учун кўчма автодўконлар хизмати йўлга қўйилди.
Маҳсулотларнинг аксарияти юртимизда ишлаб чиқарилган бўлиб, вилоятдаги 410 мингдан ортиқ ўқувчилар эҳтиёжи асосида маҳсулотлар захираси тўлиқ шакллантирилган.
Касби тумани халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими тасарруфида 59та умумтаълим мактаби мавжуд бўлиб, ўқув масканларида 28089 нафар ўғил-қиз таълим-тарбия олмоқда. Айни пайтда ўқув даргоҳларининг 6 тасида мактаб ярмаркалари фаолият олиб бораяпти. Жумладан, 43-умумтаълим мактабида ташкил этилган савдо растаси ушбу таълим муассасасига яқин жойлашган 6та мактаб ўқувчиларига хизмат кўрсатяпти.
— Айни пайтда 2100 нафар ўқувчининг эҳтиёжини тўла таъминлашга етадиган ўқув қуроллари ва кийим-кечаклар сотувга қўйилган. Талабга қараб маҳсулотлар миқдорини яна кўпайтириш имкони бор, — дейди сотувчи Ҳусния Ҳамроева.
Яратилган шарт-шароитлар ота-оналарни мамнун этмоқда. Айниқса, марказдан олис ҳудудда истиқомат қилувчи юртдошларимиз вақтини ва нақдини тежаш имконига эга бўлаётир.
— Мактаблар қошида ташкил этилган савдо расталари харидорлар учун ҳар жиҳатдан қулай бўлди, — дейди Муборак туманида яшовчи Жўра Қўзиев. — Савдо-сотиқ ишлари амалдаги солиқ ва банк қонунчилигига мувофиқ олиб борилаяпти. Барча турдаги тўлов терминаллари ўрнатилгани аҳолига қўшимча қулайликлар яратмоқда.
Ўктам МЕЙЛИЕВ,
“Ma’rifat” мухбири