Бунёдкорлик қалбларга кўтаринкилик бағишламоқда
Бунёдкор халқимиз азалдан умумхалқ байрамлари арафасида йирик ижтимоий объектларни қуриб фойдаланишга топшириш, ҳар бир қувончли кунни муҳташам ва обод гўшаларда қарши олишни анъанага айлантирган.
Юртимизда Мустақиллик байрами шукуҳи кезиб юрган айни кунларда 2015 йилги Инвестиция дастурига асосан қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилган мактаблар фойдаланишга топширилаётгани халқимиз қалбига кўтаринкилик бағишламоқда.
Қибрай туманидаги 1010 ўринга мўлжалланган 16-мактабнинг капитал таъмирланиб, ўқувчиларга тортиқ этилгани ҳам минглаб ота-она ва ўқувчиларни мамнун этди. Дастурга мувофиқ қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилган муассасанинг том қисми, эшик ва дераза ромлари, ички ва ташқи фасади, иситиш ва электр тизими янгиланди. Бино даҳлизи кенгайтирилиб, ташқи дарвозаси янгидан барпо этилди. Мактабнинг қўшимча биноларини жорий таъмирлаш ва ҳудудни ободонлаштиришда қишлоқ тадбиркорларининг ҳам ҳиссаси катта бўлди.
Айни пайтда барча синфхоналар дарс ўтиш учун шай ҳолга келтирилиб, ўқитувчи-мураббийлар ва ўқувчилар янги ўқув йили бошланишини интиқлик билан кутмоқда.
Бурҳон РИЗОҚУЛОВ