Ватан тақдирига дахлдорлик ҳисси
ўқувчилар бу туйғуни «Мустақиллик дарслари»да янада теран англадилар
Юртимиздаги барча умумтаълим мактабларида 2 сентябрь — Билимлар куни тадбирлари кўтаринки руҳда ташкил этилиб, «Бетакроримсан, ягонасан, она Ватаним — Ўзбекистоним!» шиори остида «Кеча ким эдигу бугун ким бўлдик?» мавзусида «Мустақиллик дарслари» ўтказилди.
Ёшларда ватанпарварлик, жамиятда содир бўлаётган ўзгаришларга дахлдорлик туйғусини ривожлантириш мақсадида ташкил этилган дарсларга давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, таниқли илм-фан ва санъат арбоблари, шоир-ёзувчилар таклиф этилди. Бу сана, айниқса, ўқув масканига илк бор қадам қўйган жажжи болаларга олам-олам қувонч ва ҳаяжон бахш этди. 12 номдаги ўқув қуролларидан иборат «Президент совғаси» кичкинтойларнинг илм-маърифатга интилишини янада ошириш билан бирга, юртимизда ёш авлод камолотига қаратилган эътиборни яна бир карра намоён этди.
Яккасарой туманидаги 144-умумтаълим мактабида Билимлар куни катта тантанага айланди. Мактабнинг замонавий спорт майдонида ташкил этилган тадбирда ижодкорлар, меҳнат фахрийлари, туман халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими ходимлари, ота-оналар иштирок этиб, мустақиллигимиз берган имкониятларни ўқувчиларга ҳаётий мисоллар асосида тушунтирдилар.
* * *
Самарқанд шаҳридаги 37-мактаб ўқувчилари истиқлол моҳияти ҳақида вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи А.Умаров ҳамда шаҳар ҳокимлиги масъул ходими Н.Отабоева ўтган "Мустақиллик дарслари"да атрофлича маълумотга эга бўлишди. "Кеча ким эдигу бугун ким бўлдик?" деган савол атрофида фикр юритилиб, озодликнинг нақадар бебаҳо неъмат, тинчлик-осойишталикнинг қадр-қиммати беқиёс эканига урғу берилди. Истиқлол йилларида қўлга киритилган ютуқлар, аҳоли турмуш даражасининг тубдан ўзгариши, оилавий фаровонлик, ёшларимизнинг таълим, маданият ва спорт соҳасидаги муваффақиятлари, халқаро эътирофга сазовор бўлаётган тараққиётнинг "ўзбек модели" аҳамияти, мазмуни, иқтисодий, ижтимоий, сиёсий, ҳуқуқий, маданий-маърифий соҳалардаги юксалишлар аниқ мисоллар асосида очиб берилди.
* * *
Фарғона шаҳридаги 41-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабида ўтказилган "Мустақиллик дарслари"да ўқувчилар вилоят фахрийлар кенгаши раиси Қурбонали Турсуновнинг хотираларини тинглаб, тегишли хулосалар чиқарди.
— Биз ўқиган пайтлари дарсларда лаборатория жиҳозлари йўқлиги сабабли ўқитувчимиз уларнинг расмларини доскага чизиб кўрсатар эди, — деди Қурбонали ота. — Мактаблардаги бугунги имкониятларни аввалги шароит билан умуман таққослаб бўлмайди. Мустақиллик сиз, ёшларга мана шундай замонавий мактабларда таҳсил олиш имконини берди. Бундай қулайликдан самарали фойдаланинг, илм-фан чўққиларини забт этиб, Ўзбекистон номини дунёга ёйиш сизнинг асосий вазифангиз бўлиши керак.
* * *
Билимлар куни тадбирлари Жиззах шаҳридаги 10-мактабда ҳам кўтаринки руҳда ўтди. Тадбирда вилоят ҳокими Сайфиддин Исмоилов, Ўзбекистон Қаҳрамони Парда Зиёдов, халқ таълими бошқармаси бошлиғи Эргаш Жабборов қатнашиб, 1-синфга қабул қилинган ўқувчиларга "Президент совғаси"ини топширишди. Қўнғироқ чалиниб, ўқувчилар 2015-2016 ўқув йилининг илк сабоғи — "Мустақиллик дарслари"ни тинглашга ошиқдилар. Очиқ мулоқот тарзида кечган дарс жараёнида ўқувчиларни қизиқтирган саволларга жавоб бериш асносида мамлакатимизда Юртбошимиз раҳнамолигида тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, аҳоли фаровонлигини янада ошириш, юксак интеллектуал ёшларни тарбиялаш борасида олиб борилаётган кенг кўламли саъй-ҳаракатларга алоҳида тўхталиб ўтилди. Таълим муассасаларидаги бугунги шароит, ёшларга яратилаётган кенг имкониятлар чорак аср аввалги ҳолат билан солиштирилди. Тарихга айланган яқин ўтмишимизда ёшларнинг чуқур билим олиб, иқтидорини намоён этиши ниҳоятда мушкул бўлгани аниқ мисолларда асослаб берилди.
* * *
"Мустақиллик дарслари" қашқадарёлик ўқувчиларга йилларга татигулик таассурот улашди. Косон туманидаги 2-умумтаълим мактабида ўтказилган тадбирда истиқлол даврида эришилган ютуқлар билан бир қаторда, муваффақиятларимизга асос бўлган омиллар ҳам теран таҳлил этилди.
— "Мустақиллик дарслари"да ўқувчиларга "Озодлик", "Мустақиллик", "Ободлик", "Эркинлик" каби бебаҳо сўзларнинг маъно-мазмунини тушунтириб, Ватанимиз озодлиги ва мустақиллиги йўлида жонбозлик кўрсатган инсонларнинг ибратли ҳаёт йўли билан таништиришга ҳаракат қилдик, — дейди вилоят халқ таълими бошқармасининг методика маркази директори Алишер Насимов. — Дарс давомида мамлакатимизда мустақиллик йилларида бунёд этилган иншоотлар, таълим масканларини видеолавҳаларда кўрсатдик.
Вилоятдаги 1121та умумтаълим мактабида ўтган "Мустақиллик дарслари"да 477645 нафар ўқувчи қатнашиб, машғулотларга педагоглар билан бирга, 2190 нафар ҳудудий ҳокимлик, 1235 нафар корхона ва ташкилот вакиллари жалб этилди. Тантанали тадбирларда 1-синфга қабул қилинган 61659 нафар ўқувчига "Президент совғаси" топширилди.
* * *
Жорий йилда инвестиция дастури асосида капитал таъмирланиб, кўркам ва шинам таълим масканига айланган Уйчи туманидаги 14-умумтаълим мактаби ўқувчилари янги ўқув йилини кўтаринки кайфиятда кутиб олдилар.
— Қишлоғимиздаги 8та мактабнинг барчасида ўқувчиларнинг чуқур таълим-тарбия олиши учун етарли шарт-шароит яратилган, — дейди меҳнат фахрийси Ҳошимжон Қосимов. — Кенг, ёруғ синфхоналарга "Президент совғалари" билан кириб келаётган 1-синф ўқувчиларининг қувончини кўриб, бугунги ҳаётимизга кўз тегмасин, дедик.
* * *
Урганч туманидаги 38-мактабда бўлиб ўтган Билимлар куни тадбири давлатимиз мадҳияси ижроси билан бошланди. Тадбирни туман ҳокими Шуҳрат Рустамов очиб, янги ўқув йили ўқитувчи ва ўқувчилар учун сермазмун ва муваффақиятларга бой бўлишини тилади. "Мустақиллик дарслари"да ўқувчиларга ўтган асрнинг 90-йилларидаги мураккаб вазият, халқимизнинг ўта таҳликали даврда синовлардан муваффақиятли ўтганини аниқ мисолларда сўзлаб берилди. Қисқа давр ичида юртимизда мисли кўрилмаган ўзгаришлар рўй бергани, улкан бунёдкорлик ишлари олиб борилиб, миллий қадриятларимиз қайта тиклангани, ёшлар маънавиятини юксалтириш борасидаги амалий ишлар тўғрисида батафсил маълумот берилди.
* * *
— Ассалому алайкум, азиз болалар! Биласизларми, мен сизларнинг ҳаммангизни жуда яхши танийман! — Республика Миллий ғоя ва мафкура илмий-амалий маркази раҳбари ўринбосари Шавкат Тўраевнинг гапи ўқувчиларни ҳайратлантирди. — Сизлар Ватанимиз, Юртбошимизнинг ишончи, суянган тоғи, севимли фарзандларисиз!
Нукус туманидаги 3-умумтаълим мактабида ўтган "Мустақиллик дарслари" шундай кўтаринки руҳда бошланди. Дарс давомида "Ким эдигу ким бўлдик?" саволининг моҳияти атрофлича тушунтирилди. Дунёда юз бераётган ўзгаришлар, турли хавф-хатарлар тўғрисида жонли мисоллар келтирилди. Тинчликнинг ва бугунги гўзал турмушимизнинг қадрига етиш, ўқиб-ўрганиш ва тинимсиз изланиш кераклиги таъкидланди. Ўқувчилар ўзларини қизиқтирган масалалар юзасидан саволлар бериб, дарсда фаол қатнашишди.
* * *
Билимлар куни Сирдарё вилоятидаги 300дан зиёд мактаб, 52та ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаси ва Гулистон давлат университетида кенг нишонланди. Бу йил вилоятдаги умумтаълим мактабларининг 1-синфига қабул қилинган 16424 нафар бола илк марта Билимлар куни тадбирида қатнашди. Жумладан, Боёвут туманидаги 49-мактабда янги ўқув йили бошланиши муносабати билан ташкил этилган тадбир "Мустақиллик дарслари"га уланди.
— Бугунги авлод ҳар жиҳатдан тўкис, бахтиёр. Чуқур билим олиши, касб-ҳунар ўрганиши учун барча шарт-шароитга эга. Шу боис ҳам ҳозирги ёшларнинг дунёқараши кенг, фикри теран. Жаҳонда юз бераётган воқеалардан хабардор, — дейди "Навбаҳор" маҳалла фуқаролар йиғини раиси Ботир Нормуродов. — Шундай зукко авлодни ниҳолдек авайлаб парвариш қилиш, яхши таълим-тарбия бериб, комил инсонлар этиб вояга етказиш биз, ёши улуғларнинг зиммамиздаги муҳим вазифадир.
* * *
Пахтаобод туманидаги 42-умумт аълим мактабида бўлиб ўтган Билимлар куни тадбирига халқ таълими фахрийси, 80 ёшли Болтабой Мирзажонов таклиф этилди.
— Эллик йиллик педагогик тажрибага эга бу инсоннинг ўгитларини олиш нафақат ўқувчилар, балки ўқитувчиларга ҳам катта фойда берди, — дейди мактаб директори Зоҳиджон Исҳоқов. — Устознинг умр йўли, педагогик фаолияти, ҳаётий тажрибаси билан яқиндан танишиш асносида ўқувчилар меҳнат инсонни улуғлаши, юртимиз тараққиётида нуроний отахон ва онахонларимизнинг ҳиссаси катта эканини англашди.
Байрам якунида мактабда қўнғироқ садоси янграб, ўқувчилар синфхоналарга йўл олишди. "Мустақиллик дарслари"да ўқувчилар Президентимиз Ислом Каримовнинг "Она юртимиз бахту иқболи ва буюк келажаги йўлида хизмат қилиш — энг олий саодатдир" китоби ҳақида атрофлича маълумотга эга бўлишди.
МУХБИРЛАРИМИЗ