Фидойиликнинг муносиб баҳоси
Мустақиллик йилларида устоз мақоми тобора юксалиб, янгича мазмун касб этмоқда. Ўқитувчиларнинг қулай шароитларда меҳнат қилиб, хизмати муносиб рағбат топишига алоҳида эътибор қаратилаяпти.
Ана шундай устозлардан бири Учтепа туманидаги 4-умумтаълим мактабининг математика фани ўқитувчиси Раҳматулла Каримов ҳам мустақиллигимизнинг 24 йиллиги арафасида Президентимиз фармонига биноан “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган халқ таълими ходими” фахрий унвони билан тақдирланди.
Ўттиз саккиз йиллик педагогик фаолияти давомида Раҳматулла Каримов ёш авлод таълим-тарбиясига муносиб ҳисса қўшиш билан бирга, ўқув жараёнини такомиллаштиришга хизмат қилувчи қатор илмий рисола ва қўлланмалар ҳам яратди. “Математика ва ҳарбий-ватанпарварлик тарбияси”, “Қўшимча машғулотларда геометрик масалалар ечиш усуллари”, “Математика дарсларида ҳаётийлик”, “Умумий ўрта таълим мактаб ўқувчиларининг таълим тайёргарлиги даражаси рейтинг тизимини жорий этиш юзасидан амалий тавсиялар”, “Осмон тоқига нарвон қўйган аллома” каби ўқув-услубий қўлланмалари фан ўқитувчиларига асқотмоқда.
Бурҳон РИЗОҚУЛОВ