Мактабнинг янги биноси
ўқитувчиларни янада фаол изланишга ва ижодкорликка, ўқувчиларни қунт билан ўқиб-ўрганишга чорламоқда
Мамлакатимизда таълим-тарбияга қаратилаётган юксак эътибор туфайли бугун соҳада амалга оширилаётган улкан ўзгаришларга гувоҳ бўлаяпмиз. Хусусан, ёш авлоднинг баркамол бўлиб вояга етиши, чуқур билим олиши учун яратилаётган шароитлар фикримизнинг тасдиғидир. Истиқлол туфайли олис қишлоқ ва овулларда ҳам замон талабларига мос таълим муассасалари бунёд этилиб, энг сўнгги русумдаги ўқув-лаборатория жиҳозлари билан таъминланмоқда.
Иштихон туманидаги Арабхона маҳалласи ўқувчи-ёшлари янги ўқув йилини кўтаринки руҳда қарши олди. Сабаби, улар ўқиётган 10-умумтаълим мактаби учун 2015 йилги Инвестиция дастури асосида замонавий бино қурилиб, фойдаланишга топширилди .
— Мактабнинг янги биносини кўриб, болаларимиз учун севиндим, — дейди фахрий педагог Ғаффор Ҳамроев. — Узоқ йиллар шу даргоҳда раҳбарлик қилдим. Ёшларга таълим-тарбия бердим. Мактаб мослаштирилган бинода жойлашган бўлиб, синфхоналар тор, жиҳозлар етишмас эди. Баъзан ўқувчилар дарсни тик туриб тинглашга мажбур бўларди. Бугунги шароитни қаранг: ҳар бир синф, фан учун махсус хоналар, кутубхона ва ўқув лабораторияси мавжуд. Биз буни фақат орзу қилганмиз. Фарзандларимиз бу қулайликларнинг қадрига етиши, аъло баҳоларга ўқиб, юртимиз равнақига муносиб ҳисса қўшадиган йигит-қизлар бўлиб камолга етиши керак.
Мактабнинг икки қаватли биноси 315 ўринга мўлжалланган бўлиб, 18та синфхона, услубий хона, мажлислар зали, кутубхона, компьютер синфи, кимё, физика ва биология ўқув лабораториялари, спорт зални ўзида бирлаштирган. Ўқув муассасаси биноси алоҳида трансформатор, тоза ичимлик суви билан таъминланди. Мактаб маъмуриятининг ташаббуси билан ички имкониятлардан фойдаланган ҳолда қуёш батареяси ўрнатилди. Унинг ёрдамида электр энергияси таъминотида узилиш бўлган вақтда ҳам лингафон кабинетлари ва компьютер хонасида машғулотларини узлуксиз давом эттириш мумкин.
— Айни пайтда ўқув муассасамизда 606 нафар ўқувчига 47 нафар фидойи педагог таълим-тарбия бераяпти, — дейди мактаб директори Эшмурод Бердиқулов. — Ўқитувчиларимиздан 2 нафарининг илғор тажрибаси туман миқёсида оммалаштирилди. Жумладан, француз тили фани ўқитувчиси Зулхумор Исҳоқованинг «Француз тили дарсларида интерфаол усуллардан фойдаланиш» ва бошланғич синф ўқитувчиси Сарвиноз Еткированинг «Дарс жараёнида ўқувчиларни мустақил фикрлашга ўргатиш» мавзусидаги дарс ишланмалари юқори баҳоланиб, туман миқёсида уларнинг тажрибасидан фойдаланилмоқда.
Мактабда таълим сифати ва самарадорлигини ошириш мақсадида фан тўгараклари мунтазам фаолият юритмоқда. Хорижий тиллар, компьютер саводхонлиги, турли фан тўгараклари машғулотлари малакали устоз-мураббийлар томонидан самарали ташкил этилмоқда. Ўқувчиларни муттасил ўқиб изланишга ундаш мақсадида ижодий кечалар, маънавий-маърифий тадбирлар мунтазам ўтказиб келинаяпти. Ёш педагогларнинг малакасини ошириш учун мактабда «Устоз-шогирд» анъанаси изчил йўлга қўйилган. Ёши улуғ, тажрибали ўқитувчилар энди иш бошлаган касбдошларига йўл-йўриқ кўрсатиб, таълим-тарбия сирларини пухта ўргатишмоқда.
Ҳаким ЖЎРАЕВ,
«Ma’rifat» мухбири