Ўқувчилар муваффақияти
педагогнинг кўп йиллик тажрибаси самарасидир
Изланувчанлик, меҳрибонлик, чуқур билим ва кенг дунёқарашга эга бўлиш замонавий ўқитувчига хос муҳим хусусиятлардир.
Яккасарой туманидаги 118-мактаб нинг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси, халқ таълими аълочиси Сайёра Жуманиёзовани мазкур фазилатларни ўзида мужассам этган мураббий сифатида барча ҳурмат қилади. 25 йиллик педагогик фаолияти давомида муаллим кўплаб иқтидор соҳибларини кашф этди. Унинг таълим-тарбиясини олган ўқувчилар билимлар беллашуви, фан олимпиадаси ва турли кўрик-танловларда совринли ўринларни қўлга киритмоқда.
Шогирдларининг ютуқларида педагогнинг ноанъанавий дарс ўтиш усулларини қўллаб, ахборот-коммуникация воситаларидан самарали фойдаланаётгани муҳим аҳамият касб этмоқда. Сайёра Жуманиёзова яратган элликдан зиёд кўргазмали воситалар, методик тавсиялар ҳамкасбларининг ҳам машғулотларни сифатли ва мазмунли ташкил этишида асқотаяпти.
Бурҳон РИЗОҚУЛОВ