Меҳрингиздан дунё чароғон
«Туркистон» саройида Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган тантанали байрам тадбири бўлиб ўтди.
Осуда ва фаровон юртимиз узра яна бир фараҳбахш тонг отди. Қуёшнинг заррин нурлари одатдагидан ҳам тафтлироқдек туюлади. Халқимиз чеҳрасида байрамона кайфият, лабларда табассум жилваланади. Қўлларда анвойи гул-чечаклар. Устозини йўқлаб, байрам билан муборакбод этишга ошиқаётган юртдошларимиз қиёфасида илму маърифатга, муаллим зотига юксак эҳтиром ўз ифодасини топган.
Ҳа, инсон борки, устозларидан ўрганганлари асосида эл-юрт учун фойдали касбнинг этагини тутиб, жамиятда ўз ўрнига эга бўлади. Халқ орасида обрў-эътибор қозониб, шахс даражасига кўтарилади. Шу боис ҳам юртимизда 1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланиб, устозларга алоҳида эҳтиром кўрсатилади. Президентимиз “Юксак маънавият — енгилмас куч” асарида таъкидлаганидек, “Бу байрам аввало ўзининг билим ва тажрибаси, истеъдод ва маҳорати, инсоний фазилатларини, кўз нури ва қалб қўри, бутун борлиғини аямасдан, маърифат йўлида беминнат хизмат қиладиган устоз ва мураббийларимизга нисбатан халқимизнинг азалий ҳурмат-эътиборининг яққол намунасидир”.
30 сентябрь куни эрта тонгда Мустақиллик майдонидаги ҳурриятимиз ва озодлигимиз тимсоли бўлган Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига гул қўйиш учун юртимизнинг барча ҳудудидан келган педагоглар, таълим-тарбия фидойилари юз-кўзида бундай эҳтиромдан чексиз мамнунлик, устозларга хос виқор барқ уриб турарди.
Байрам тадбирлари дастурига кўра, шу куни ўқитувчи ва мураббийлар пойтахтимиздаги йирик маданият ва маърифат марказларида бўлиб, кенг кўламли бунёдкорлик ишлари, маънавиятга қаратилаётган эътибор намуналари билан танишдилар.
Юнусобод туманидаги 17-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабида намунавий очиқ дарслар ташкил этилиб, таълим тизимини моддий-техник ва методик жиҳатдан такомиллаштириш борасида эришилган ютуқлар, ўтган йиллар давомида сараланган энг илғор педагогик усуллар намойиш қилинди. Шундан сўнг иштирокчилар “Қатағон қурбонлари хотираси” музейида бўлиб, бугунги тинч ва осойишта ҳаётимиз, мустақиллигимиз йўлида шаҳид кетган аждодларимиз ҳаётига оид манбалар билан танишдилар. Устоз-мураббийлар Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида фойдаланувчиларга яратилган замонавий шарт-шароитларни кўздан кечириб, халқимизнинг бунёдкорлик салоҳиятига яна бир карра тасанно айтдилар.
— Президентимизнинг таълим соҳасига қаратаётган юксак эътибори ва ғамхўрлиги туфайли нафақат шаҳар ва туман марказлари, балки қишлоқ жойларда ҳам замонавий таълим муассасалари, мусиқа ва санъат мактаблари, спорт иншоотлари қад кўтариб, моддий-техника базаси мустаҳкамланаяпти. Бу йил Инвестиция дастурига асосан бизнинг мактабимиз ҳам капитал таъмирланиб, замонавий ахборот-коммуникация технологиялари, янги ўқув жиҳозлари билан таъминланди. Бундан ўқитувчи ва ўқувчилар ҳамда ота-оналарнинг миннатдорлиги чексиз, — дейди Чиноз туманидаги 2-мактаб директори, “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби Фарида Иброҳимова. — Дунёда Ўзбекистонимиз каби ўқитувчи ва мураббийлар меҳнати юксак қадрланадиган давлат кам топилади. Бугун пойтахтимиздаги муҳташам маънавият ва маърифат масканлари фаолияти билан яқиндан танишиб, олам-олам таассурот олдик.
Байрам шодиёналари янада улуғворлик касб этиб, иштирокчилар пойтахтимиздаги муҳташам «Туркистон» саройида ҳозир бўлдилар. Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишлаб ўтказилган тантанали маросимда таълим-тарбия фидойиларининг хизмати алоҳида эътироф этилиб, чуқур эҳтиром кўрсатилди. Байрам тадбирига Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, турли вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари раҳбарлари, таълим соҳаси фахрийлари, илғор ўқитувчи ва мураббийлар таклиф этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига йўллаган байрам табригини Президентнинг Давлат маслаҳатчиси Х.Султонов ўқиб эшиттирди.
Ўтган 24 йил Ўзбекистон учун барча соҳаларда изчил юксалиш, янгиланиш даври бўлди. Жумладан, халқимизнинг ёш авлодга чуқур таълим-тарбия бериш, ўзининг қатъий гражданлик позициясига эга, замонавий касб-ҳунарларни пухта эгаллаган, интеллектуал юксак, ақлан ва жисмонан баркамол йигит-қизларни камолга етказиш борасидаги орзу-умидлари “Таълим тўғрисида”ги қонун, Кадрлар тайёрлаш миллий дастури, Мактаб таълимини ривожлантириш давлат умуммиллий дастури каби тарихий аҳамиятга эга меъёрий ҳужжатларда ўз ифодасини топди. Ҳар йили юзлаб таълим-тарбия муассасалари янгидан қурилиб, капитал таъмирланмоқда. Жумладан, биргина 2015 йилнинг ўзида Инвестиция дастури доирасида 384та мактаб, 151та академик лицей ва касб-ҳунар коллежи ҳамда 14та олий таълим муассасасида кенг кўламли қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилди.
Таълим муассасаларининг моддий-техника базасини янада мустаҳкамлаш борасида ҳам салмоқли ишлар амалга оширилди. Чунончи, жорий ўқув йилида 4517та мактаб, 32та ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаси ва 18та олий ўқув юрти ўқув жиҳозлари, ахборот-коммуникация технологиялари, лаборатория ускуналари ҳамда спорт инвентарлари билан таъминланди. Бу ёш авлоднинг пухта билим олиб, халқаро миқёсдаги фан олимпиадалари ва мусобақаларда юқори ўринларни қўлга киритишида муҳим омил бўлиши шубҳасиз. Шу йилнинг 27—31 июль кунлари Хитой Халқ Республикасининг Чанчунь шаҳрида мактаб ўқувчилари ўртасида ўтказилган математика бўйича халқаро мусобақада юртимиз вакиллари жаҳоннинг 67 давлатидан келган тенгдошлари орасида умумжамоа ҳисобида иккинчи ўринни эгаллади. 27 июль — 2 август кунлари Болгариянинг Влагоевград шаҳрида талабалар ўртасида бўлиб ўтган математика фани бўйича 22-халқаро олимпиадада Ўзбекистон Миллий университети жамоаси бир олтин ва бир кумуш медални қўлга киритгани фидойи ўқитувчиларнинг хизмати самарасидир.
Давлатимиз томонидан ўқитувчиларга алоҳида эътибор кўрсатилиб, фидокорона меҳнатлари муносиб рағбатлантирилмоқда. Президентимизнинг 2015 йил 29 сентябрдаги фармонига биноан мамлакатимизда ёш авлоднинг интеллектуал ва маънавий салоҳиятини юксалтириш, уларни она Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашга қўшган салмоқли ҳиссаси, ёшларга илм-фан асосларини ва замонавий касб-ҳунарларни ўргатишдаги фидойилиги, фарзандларимизни соғлом ва баркамол вояга етказиш борасидаги кўп йиллик самарали меҳнати ҳамда жамоат ишларидаги фаол иштироки учун кўплаб фидойи ва ташаббускор муаллимлар давлатимизнинг фахрий унвон, орден ва медаллари билан тақдирланди.
Давлатимиз раҳбарининг 2005 йил 25 ноябрдаги «Халқ таълими ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш тизимини такомиллаштириш ва уни моддий рағбатлантиришни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида халқ таълими тизимида меҳнат қилаётган 383 минг 625 нафар педагог кадрнинг моддий манфаатдорлиги ошиб, ҳаёти янада фаровонлашмоқда. Давлатимиз томонидан фидойи, жонкуяр, изланувчан ўқитувчи-мураббийларга қатор имтиёзлар яратилмоқда. Халқ таълими вазирлиги томонидан 29 сентябрь куни Миллий матбуот марказида ўтказилган матбуот анжуманида бу ҳақда батафсил маълумот берилди. Тадбирда таъкидланганидек, қишлоқ жойлардаги умумтаълим ҳамда болалар ва ўсмирлар спорт мактабларида жисмоний тарбия ҳамда спорт устози бўлиб ишлаётган аёл мураббийларга 15 фоиз, қишлоқдаги таълим муассасаларининг чет тили мутахассисларига 30 фоиз, қолган ўқув масканларининг шу фан ўқитувчиларига 15 фоиз миқдорида ойлик устамалар тўланаяпти. Болалар мусиқа ва санъат мактаблари ўқитувчилари, концертмейстерлари ва раҳбар ходимларининг маоши 2012 йил 1 январдан 20 фоизга оширилди. Жорий йилнинг 1 январидан халқ таълими тизимидаги методистларнинг иш ҳақи миқдори 1,5 бараварга ошгани таълим-тарбия сифати ва самарадорлигини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этаётир. Педагог ходимларнинг меҳнатини муносиб рағбатлантириш борасидаги изчил саъй-ҳаракатлар натижасида ўқитувчиларнинг ўртача иш ҳақи 2006 йилнинг 1 сентябридан 2014 йилнинг 1 сентябригача 12 баравар оширилди. Шу боис ёшлар орасида педагог бўлишни хоҳловчилар сони йил сайин кўпаймоқда. Жумладан, 2004 йили 2945 нафар ёш олий таълим муассасаларининг педагогика ва касбий таълим йўналишини тамомлаб, соҳада фаолият бошлаган бўлса, бу йил олий ўқув юртларида грант асосида таҳсил олган 7087 нафар ёш мутахассиснинг мактабларга ишга қабул қилиниши режалаштирилган.
Юртимизда олий ва ўрта махсус таълим тизими такомиллашиб, янгиланишлар кўлами йилдан йилга кенгаймоқда. Президентимизнинг шу йил 12 июнда қабул қилинган “Олий таълим муассасаларининг раҳбар ва педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони асосида 15та етакчи олий ўқув юрти олий таълим муассасалари раҳбар ва педагог кадрларини қайта тайёрлашни ташкил этиш бўйича таянч олий ўқув юрти сифатида белгилангани юртимизда юксак малакали мутахассислар тайёрлаш сифатини янада оширишга хизмат қилиши шубҳасиз.
— Бугунги файзли тадбирда Президентимизнинг таълим ходимларига йўллаган байрам табригини эшитиб, ўқитувчилик касбини танлаганимдан қалбим чексиз ғурур ва ифтихорга тўлди. Мен билан бирга юртимиздаги минг-минглаб педагоглар юрагида шу туйғу жўш ургани шубҳасиз, — дейди Учтепа туманидаги 4-умумтаълим мактабининг математика фани ўқитувчиси, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган халқ таълими ходими, «Меҳнат шуҳрати» ордени соҳиби Раҳматулла Каримов. — Зеро, мактаб аталмиш муқаддас даргоҳда сидқидилдан меҳнат қилиб, халқнинг болаларига билим бериш, хат-саводини чиқариб, касб-ҳунар ўргатишдек савобли иш кам дунёда. Байрам табригида Юртбошимизнинг биз педагогларга қарата “Бизнинг асосий вазифамиз — ёш авлодга фақат билим беришдан иборат эмас, балки бугун дунёда юз бераётган воқеа-ҳодисалардан тўғри хулоса чиқара оладиган, “Бетакроримсан, ягонасан, она Ватаним — Ўзбекистоним!” деб, ўз ери, ўз юртига садоқат туйғуси билан яшайдиган, Ўзбекистон фуқароси деган шарафли номга ҳар томонлама муносиб бўлган инсонларни тарбиялаш — барчамизнинг муқаддас бурчимиздир”, деган сўзлари мағзини чақиб, олдимизда турган вазифалар нечоғлик муҳимлигини, юртимизнинг эртанги куни қандай бўлиши зиммамиздаги масъулиятни сидқидилдан адо этишимизга боғлиқ эканини теран ҳис этдик.
Байрам тадбирида сўзга чиққан Пискент туманидаги 1-мактаб директори, “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби Марҳабо Қурбонова, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси, Ўзбекистон халқ шоири Иқбол Мирзо таълим тизимини ривожлантириш, педагог ходимлар меҳнатини қадрлаш, муносиб рағбатлантириш, ёш авлодни баркамол этиб тарбиялаш борасидаги улкан эътибор ва ғамхўрлиги учун Юртбошимизга миннатдорлик билдирди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан ўтказилган «Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси» республика кўрик-танлови ғолибларига диплом ва эсдалик совғалари топширилди.
Эл суйган санъаткорлар ва ёш хонандалар ижросидаги куй-қўшиқ ва ажойиб рақслар кечага ўзгача фусун, дилларга кўтаринкилик бағишлади.
Тантанали тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси Н.Йўлдошев, Қонунчилик палатасининг Спикери Н.Исмоилов, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш.Мирзиёев иштирок этди.
Хайриддин МУРОД,
“Ma’rifat” мухбири
Бурҳон РИЗОҚУЛОВ олган суратлар .