Билимдон ўқитувчи – билимдон ўқувчи
бу аксиомани англаб етган жамоа таълим-тарбияда юқори натижаларга эришади
Чуст туманидаги 49-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби нафақат вилоят, балки республика миқёсидаги энг намунали муассасалардан бири. Таълим маскани 2014-2015 ўқув йилидаги таълим сифати кўрсаткичлари бўйича республика мактаблари ўртасида юқори ўринлардан бирини эгаллади. Бундай ютуққа кейинги йилларда мактабнинг аҳил ва иноқ педагогик жамоаси эришаётган муваффақиятлар сабаб бўлмоқда. Жамоа жорий ўқув йилини ҳам кўтаринки руҳда бошлади.
Физика, информатика, кимё ва инглиз тили фанларини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактабда 300 нафар ўқувчига 25 нафар ўқитувчи-педагог таълим-тарбия бермоқда. 2005 йили капитал таъмирланган даргоҳда ўқувчиларга сифатли билим бериш учун барча шарт-шароитлар яратилган. Кенг ва ёруғ фан кабинетлари, кимё, биология, физика фан лабораториялари барча зарур жиҳоз ва ускуналар билан таъминланган. Ўқувчиларнинг фанларни ўзлаштириши яхшиланиб, билим самарадорлиги ортиб бораётгани бу омилларнинг таъсири туфайлидир.
Бироқ таълим соҳаси мутахассисларининг таъкидлашича, ютуқларнинг асосий омили кадрлар салоҳиятининг юқорилиги билан изоҳланади. Зеро, “Билимдон ўқитувчи — билимдон ўқувчи” аксиомага бу даргоҳда эътибор катта. Шу сабаб мактабда меҳнат қилаётган ҳар бир педагог фаолиятига, энг аввало, шу жиҳатдан баҳо берилиб, бошқаларга ўрнак қилиб кўрсатилади. Мухтасар айтганда, бу масканда билимлилик, билишга интилиш, билганларини янада бойитишга ҳаракат, изланиш қадрланади ва рағбатлантирилади.
— Ҳар янги ўқув йили бошида Халқ таълими вазирлигининг 2011 йил 17 сентябрдаги “Ўқувчилар билимининг давлат таълим стандартларига мослик даражасини аниқлашнинг амалдаги мониторинг механизмини такомиллаштириш тўғрисида”ги 213-сонли буйруғи асосида 7 кишидан иборат мониторинг гуруҳини тузамиз ва “Ички мониторингни амалга ошириш” иш режасини ишлаб чиқамиз, — дейди мактаб директорининг ўқув-тарбия ишлари бўйича ўринбосари Рафиқжон Шомаралиев. — Режага кўра, барча синфлардан фанлар бўйича тест синовлари олинади. Назорат ишлари натижалари асосида ўқувчиларнинг билимларидаги бўшлиқлар аниқланиб, улар учун қўшимча машғулотлар ташкил этилади. Бу иш йил мобайнида давом эттирилади.
Яқинда ушбу мониторинг барча синфлар кесимида ўтказилиб, ўтган ўқув йилидаги муайян мавзуларни такрорлаш дарсларини ташкил этиш, мураккаб мавзуларни янада соддалаштирган ҳолда, мультимедиа ва кўргазмали воситалар ёрдамида тушунтириш чоралари белгилаб олинмоқда.
Директор ўринбосарининг таъкидлашича, мазкур тест синови натижалари ўқитувчиларнинг иш фаолиятини, ўқувчига ким қандай билим бераётганини яққол кўрсатди. Шу боис педагогик жамоада ёш ўқитувчилар маҳоратини шакллантиришга янада жиддий эътибор қаратиб, уларнинг тажрибасини ошириб бориш мақсадида педагогик кенгаш ва методика бирлашмалари йиғилишларида фаолияти таҳлил этилмоқда. Шундан сўнг улар устоз муаллимларнинг “Маҳорат мактаби”га жалб қилинаяпти.
— Ўтган ўқув йилида мактабимизда илғор тажрибаларни оммалаштириш, таълим тизимига татбиқ этилаётган янги педтехнологиялар билан таништириб бориш мақсадида бир нечта ўқув семинарларини ўтказган эдик, — дейди Рафиқжон Шомаралиев. — Тажрибали муаллимлардан математика фани ўқитувчиси Йўлдошали Муллабоев, бошланғич синф ўқитувчиси Мастоной Исомиддинова уюштирган очиқ дарс ва семинар-тренинглар ёш мутахассисларимиз учун катта амалий ёрдам берди. Шунингдек, кимё фани ўқитувчиси Умида Абдуллаева ва чет тили фани ўқитувчиси Муаззам Қурбонованинг “Маҳорат мактаблари” янги фаолият бошлаган ўқитувчиларнинг кўникмаларини шакллантириш ва тажрибасини бойитишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Мактабимизда вилоят халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти, Наманган давлат университети профессор-ўқитувчилари билан мустаҳкам илмий-методик алоқа ўрнатилган.
Таълим масканида ўқитувчиларнинг касбий малакаси ва маҳоратини оширишга йўналтирилган саъй-ҳаракатлар ўз самарасини бераяпти. Бу ўқувчиларнинг билимлар беллашуви ва фан олимпидасида эришаётган юқори натижаларида ҳам кўринмоқда. 2014-2015 ўқув йилида фан олимпиадасининг вилоят босқичида 6 нафар, билимлар беллашувининг вилоят босқичида 10 нафар ўқувчи фахрли ўринларни эгаллади. Жумладан, билимлар беллашувининг республика босқичида 7-синф ўқувчиси Мирзоулуғбек Одилов математика, 8-синф ўқувчиси Жавоҳир Эргашев физика фанидан юқори ўринларни забт этди. “Инглиз тили билимдонлари” интеллектуал мусобақасининг вилоят босқичида мутлақ ғолиб бўлган мактаб ўқувчилари жамоаси республика босқичида ҳам муваффақиятли иштирок этди. Бу ютуқда математика фани муаллимаси Сидиқажон Мамажонова, инглиз тили ўқитувчиси Муаззам Нуриддинованинг ҳиссаси катта.
49-ИДУМ педагоглари жорий ўқув йилида шу муваффақиятларни янада мустаҳкамлаш ниятида. Бу борадаги ишлар ҳозирданоқ уюшқоқлик билан ташкил этилаётгани келгусида ўз самарасини беради, деган умиддамиз.
Ғанишер АКБАРОВ,
«Ma’rifat» мухбири