Она тилимиз жозибаси
ёшлар қалбига очиқ дарслар ва адабий тадбирлар орқали сингдирилмоқда
Ватанга муҳаббат она тилини пухта ўрганишдан бошланади. Бобо-момолари лафзида ўз туйғусини, ҳис-ҳаяжонини, мустақил фикрини оғзаки ва ёзма равишда саводли, равон ифода эта оладиган инсоннинг тил бойлигини ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмайди. Шу боис она тили ва адабиётни чуқур ўрганиб тадқиқ этиш, бу фанлар мазмун-моҳиятини авлодларга тўлақонли етказиш масаласи доим долзарб аҳамиятга эга.
Олмазор туманидаги 249-мактабнинг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Дилором Зуфарованинг педагогик фаолиятида ёш авлодни она тилимиз жозибасидан баҳраманд этиш, бой адабий меросимиз билан таништириш истаги юқори ўринда туради. Тажрибали педагог 26 йилдан буён ўқувчиларга фан сирларини чуқур ўргатиш билан бирга, туман она тили ва адабиёт, ўзбек тили фанлари методбирлашмаси раҳбари сифатида она тили ва адабиёт фанларини ўқитишдаги долзарб масалаларни муҳокама қилиш, дарслик, методик қўлланма ва тавсияларни таҳлил этиш ишларида фаол қатнашиб келади.
Дилором Зуфарованинг педагогик фаолиятини ютуқлар безаб турибди. Изланувчан муаллима 2007 йили “Йилнинг энг яхши ўқитувчиси” кўрик-танловининг Тошкент шаҳар босқичида 3-ўринни эгаллади. Президентимиз фармонига биноан Ўқитувчи ва мураббийлар куни арафасида “Меҳнат шуҳрати” ордени билан мукофотлангани Дилором Зуфарова ҳаётидаги унутилмас воқеалардан бири бўлди.
Айни пайтда тажрибали ўқитувчи октябрь — филология фанлари ойлигини кўтаринки кайфиятда ўтказмоқда. Ўзи ишлаб чиққан илғор метод ва электрон ишланмалар ёрдамида очиқ дарслар ҳамда адабий-маърифий тадбирлар ташкил этиб, ўқувчиларнинг она тили ва адабиёт фанларини ўрганишга иштиёқини оширмоқда.
Хайриддин МУРОД,
“Ma’rifat” мухбири
Бурҳон РИЗОҚУЛОВ олган суратлар.