Инновацион технологиялар самарадорлик омили
Пойтахтимизнинг Юнусобод туманидаги 63-мактабда табиий фанларнинг ўқитилиши, дарсларда интерфаол усуллардан самарали фойдаланишга бағишланган очиқ дарслар фестивали ўтказилди.
Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси методика маркази томонидан ўтказилган тадбирда табиий фанлар методистлари ва география, табиатшунослик, иқтисодий билим асослари фанлари ўқитувчилари иштирок этиб, ўзаро тажриба алмашди.
Фестиваль аввалида иштирокчилар 63-мактабнинг география фани ўқитувчиси Озода Турдиеванинг «Дарсларда инновацион технологиялардан фойдаланиш самарадорликни ошириш омили» мавзусида 8-синфда ўтган очиқ дарсини кузатишди.
— Бугунги тезкор замонда ўқувчиларга янгилик бериш учун дарсларни ахборот технологияларидан унумли фойдаланган ҳолда ташкил этиш ўзининг ижобий самарасини беради, — дейди туман халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими методисти Раъно Салоҳитдинова. — География, табиатшунослик ва иқтисодий билим асослари фанларини ўқитишда кўргазмали воситалар, слайд ва диаграммалардан фойдаланиш, дарсларни табиат қўйнида, корхона ва ташкилотларга саёҳат тарзида олиб бориш ўқувчилар қизиқишини ошириб, билимларини мустаҳкамлайди. Ушбу тадбирда шу каби жиҳатлар кенг муҳокама қилинди.
Бурҳон РИЗОҚУЛОВ