Янги тарихни ўрганиш
яқин ўтмишдан тўғри хулоса чиқаришга ёрдам беради
Яқин ўтмишда халқимиз бошидан кечирган воқеа-ҳодисаларни илмий жиҳатдан холисона таҳлил этиб, мустақиллик йилларида юртимиз қўлга киритган оламшумул ютуқлар моҳиятини ўқувчиларга теран тушунтириш, ёшлар шуурига фидойилик, ватанпарварлик туйғуларини сингдиришда Ўзбекистоннинг энг янги тарихини ўқитиш муҳим аҳамият касб этади. Республика Миллий ғоя ва мафкура илмий-амалий маркази, Халқ таълими вазирлиги ҳамда Ўзбекистоннинг энг янги тарихи масалалари бўйича мувофиқлаштирувчи методик маркази ҳамкорлигида “Умумтаълим муассасаларида Ўзбекистоннинг энг янги тарихи ўқитилишининг долзарб масалалари” мавзусида ўтказилган республика илмий-амалий семинарида шу жиҳатларга эътибор қаратилди. Тадбирда Республика таълим маркази, Тошкент шаҳар ХТХҚТМО институти мутасадди ходимлари, тарихшунос олимлар ва ўқитувчилар иштирок этди.
Семинарда мафкуравий таҳдидларнинг ўқувчи-ёшлар онги ва тафаккурига таъсири, ўқитувчилар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш муассасаларида Ўзбекистоннинг энг янги тарихига оид фанларнинг ўқитилиши, мактабларда Президентимиз асарларининг ўрганилиши, умумтаълим фанларига мустақиллик даврига оид маълумотларнинг сингдирилганлик ҳолати каби мавзуларда маърузалар тингланди.
— Ўқувчилар назарида бугунги фаровон ҳаёт, улкан қурилиш-бунёдкорлик ишлари, таълим масканларидаги қулайликлар аввалдан бўлгандек туюлиши мумкин. Бироқ катта авлод вакиллари бундан чорак аср муқаддам одамларнинг турмуш тарзи, мактабларнинг аҳволи ачинарли бўлганини жуда яхши эслашади, — дейди Республика таълим маркази бўлим бошлиғи Наргиза Исматова. — Мустақиллик йилларида халқимиз залворли йўлни босиб ўтди. Турли қийинчиликларни матонат билан енгиб, ҳозирги осойишта кунимизга эришди. Ўтган кунларимиздан тўғри хулоса чиқариш, қўлга киритган ютуқларимизга асос бўлган омилларни ўрганиш учун ҳам ёш авлодни яқин ўтмишимиздан хабардор этиш лозим.
Семинар сўнгида кун тартибидаги масалалар муҳокама этилиб, саволларга атрофлича жавоб берилди.
Хайриддин МУРОД,
“Ma’rifat” мухбири