Янги мактабда ўқиш бахти
ўқувчи ва ўқитувчиларга ўзгача иштиёқ бермоқда
2015 йилги Инвестиция дастурига асосан янгидан қуриш, капитал таъмирлаш ва реконструкция қилиш кўзда тутилган 384та умумтаълим мактабининг аксариятида қурилиш-таъмирлаш ишлари ниҳояланиб, ўқувчиларни ўз бағрига олди. Фарғона вилояти Ўзбекистон туманидаги 28-умумтаълим мактаби ҳам капитал таъмирдан чиқарилиб, ўқув йили бошида фойдаланишга топширилди. Айни пайтда муассасада таълим жараёни қизғин давом этмоқда.
Айтиш жоизки, мактабнинг эски биноси 1988 йили мендан кетгунча, эгасига етгунча қабилида қурилган бўлиб, кўримсизлигидан ташқари, авария ҳолатига келиб қолган эди. Мактаб мутасаддилари ва ота-оналар ўқувчиларнинг хавфсизлигини ўйлаб ташвишга тушар, қиш-қировли, ёғинли кунларда фарзандларини мактабга юбормасликка ҳаракат қилар эди. Ҳатто айрим ота-оналар болаларини яқин атрофдаги мактабларга кўчириб кетишганди.
Давлатимизнинг таълим тизими ва ёш авлод камолотига қаратаётган юксак эътибори туфайли бугун муассаса бутунлай янги қиёфа касб этди, синфхоналарга ўзгача файз кирди. Бу ерда жами 592 миллион 338 минг 651 сўмлик маблағ ўзлаштирилиб, қурилиш-таъмирлаш ишларини “Отабек имконияти” МЧЖ қурувчилари сифатли бажаришди. Барча ром ва эшиклар замонавийсига алмаштирилди, томга янги шифер ёпилди. Спорт зали, ошхона, бешта иситиш қозонхонаси қурилди. Синфхоналардаги ёриткичлар электртежамкор лампаларга алмаштирилди. Спорт зали учун замонавий сув иситиш мосламаси ўрнатилиб, ювиниш хоналарига кафель ёпиштирилди.
— Ичкарига қадам қўйишингиз билан замонавий бино ва жиҳозлар ўқувчи ҳамда ўқитувчиларга ўзгача иштиёқ берганини сезасиз, — дейди мактаб директори Гулнора Ўроқова. — Синфхоналардаги янги ўқув анжомлари, мебеллар, спорт залидаги қулайликларни, ўқувчиларнинг кўзидаги билим олишга иштиёқни кўрган сари фахрланиб бораверасиз. Бундай шарт-шароит ва имкониятга жавобан ўқитувчиларимиз мактаб ҳудудини ободонлаштириш ташаббуси билан чиқиб, турли манзарали, бодом, ёнғоқ, ўрик каби мевали дарахтлар, анвойи гул кўчатларини ўтқазишди. Бир пайтлар бу ердаги шарт-шароитдан қониқмай, болаларини бошқа мактабларга берган ота-оналар ҳам фарзандларини қайтариб олиб келмоқда.
Айни пайтда Янгиҳаёт қишлоғига кўрк бағишлаб турган мазкур мактабда 260 ўқувчи таълим-тарбия олаяпти. Бошқа тенгдошлари каби янги иншоотда, замонавий шароитларда билим олиш уларни жуда ҳам руҳлантирмоқда. Ўқитувчиларнинг ҳам ўз касбига меҳри янада ошгани, дарсларга олдингидан ҳам кучлироқ иштиёқ билан ёндашаётгани сезилади. Бу ҳар бир қалбда эътиборга муносиб бўлиш, шарт-шароитлардан унумли фойдаланиш масъулияти ошаётганидан далолатдир.
Мактабда фан ойликлари муносабати билан турли тадбирлар, адабий-бадиий кечалар ҳам юқори савияда ўтказилмоқда. Хусусан, биз мактабга келганимизда ўқувчилар “Она тилим — жону дилим” мавзусида тадбир ўтказиш учун тайёргарлик кўраётган экан.
5-синф ўқувчиси Дилобар Раҳматова тиришқоқ ўқувчилардан. У янги таъмирдан чиққан мактабда ўқиётганидан фахрланиб шундай дейди:
— Ўтган йили мактабимиз таъмирланаётганлиги сабабли ҳудудимиздаги боғча биносида ўқишимизга тўғри келди. Ҳар куни мактабимиз ёнидан ўтаётиб, тезроқ янги бинода ўқишни бошласак эди, деб ўйлардик. Бугун чиройли ва ёруғ синфхоналарда ўтириб, барча фанларни ўрганаётганимиздан, барча фан хоналари замонавий жиҳозлар билан таъминланганидан жуда хурсандмиз. Ўқитувчиларимизга янги стол-стул, доска, шкаф ва кўргазмали материалларни эҳтиёт қилиб ишлатиш, уларни тоза, озода сақлаб, биздан кейин ўқийдиган ука-сингилларимизга ҳам етказишга ваъда бердик. Синф раҳбаримиз Муаттар Ҳошимова бу имкониятлар биз болалар учун яратилганини, дунёнинг айрим давлатларидаги нотинчликлар туфайли тенгдошларимиз мактабларда ўқиш, таълим олиш бахтидан бебаҳра эканлиги тўғрисида сўзлаб беради. Бизни яхши ўқишга, ота-онамиз, устозларимиз ишончини оқлашга ундайди.
Инглиз тили ўқитувчимиз Ҳурриятхон Мейлиева, она тили ва адабиёт ўқитувчимиз Муҳаббат Ғафурованинг дарсларини мароқ билан тинглаймиз. Бу фан тўгаракларида билимларимни янада мустаҳкамлаяпман. Мактабимизда давом этаётган филология йўналишидаги фанлар ойлигида кўплаб тадбирлар ўтказиляпти. Мен “Энг саводхон ўқувчи” танловида иштирок этдим. Ғолиблар ойлик якунида эълон қилинишини сабрсизлик билан кутаяпман.
— Мактабимиз янгидан таъмирланиб, замонавий жиҳозлар келтирилгани бизни ҳам жуда мамнун этди, — дейди она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Муҳаббат Ғафурова. — Давр талабига мос плас¬тик ромлар ўрнатилган синфхоналар ёруғ ва шинам, энг муҳими, ташқаридаги шовқинни ўтказмайди. Бу дарс¬ларни хотиржам ўтишга, қиш ойлари хонада иссиқ ҳароратни сақлашга ёрдам беради. Айни пайтда ишлаб чиқилган махсус тадбирлар режаси асосида фан ойлигини юқори савияда ўтказишга, ўқувчиларнинг билим олишга иштиёқини янада оширишга интилаяпмиз.
Дарҳақиқат, фан ойлиги доирасида синфлар ўртасида “Она тилим — жону дилим” мавзусида викторина, очиқ дарслар, “Энг ширали овоз соҳиби”, “Энг саводхон ўқувчи”, “Ким кўп мақол билади?”, “Навоийнинг шоҳ сатрлари” каби кўрик-танловлар ўтказилмоқда. Айниқса, “Алпомиш” достонидаги Барчиной образи яратилиб, “Барчинойдан саволлар” деб номланган викторина ташкил этилаётгани фан ойлигига ўзгача файз бағишлаяпти. Ўйин қоидасига кўра, ўқувчилар Барчиной шаклидаги қўғирчоқдан она тили ва адабиётга оид саволларни олиб ўқишади ва жавоб беришади. Энг кўп балл тўплаган синфларга совғалар топширилади. Викторина барча ўқувчиларга маъқул келиб, кўпроқ балл тўплаш мақсадида она тили ва адабиёт фанидан янада пухта билим олишга ҳаракат қилишаяпти.
Таълим муассасасидаги фан ва касб-ҳунар тўгаракларида ҳам жараён қизғин. Тажрибали педагоглар ўқувчиларнинг иқтидори ва қобилиятини юзага чиқариш учун ибратли ишларни амалга оширмоқда. Жумладан, 8-синф ўқувчиси Ғиёсиддин Жонтўраев ҳайкалтарошликка қизиқади. Буни пайқаган устозлари Ғиёсиддинни касб-ҳунар тўгарагига жалб этиб, турли материаллардан кичик ҳайкалчалар ясаш сирларини ўргатмоқда. Яқин кунларда у мактабда ўзининг шахсий кўргазмасини ташкил этиш ниятида.
28-мактабда бундай иқтидорли ўқувчилар талайгина. Даргоҳда яратилган қулай шарт-шароит уларнинг истеъдодини рўёбга чиқариб, келгусида етук мутахассисларни етиштириш имкониятини оширади.
Шарифа МАДРАҲИМОВА,
«Ma’rifat» мухбири