Ижодкор ўқувчилар аниқланди
Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига 26 йил тўлиши муносабати билан Олмазор туманидаги мактабларда она тили ва адабиёт ҳамда ўзбек тили фанларидан ўтказилган кўрик-танлов, учрашув ва давра суҳбатлари, викториналарда иқтидорли ўқувчи ва ўқитувчилар иштирок этди.
249-мактабда ўтказилган тадбирда ўқувчилар ўртасида “Энг яхши иншо” ва “Энг ижодкор ўқувчи”, ўқитувчилар ўртасида “Энг яхши дарс ишланмаси”, “Энг яхши кўргазмали қурол” кўрик-танловларининг туман босқичи ғолиблари аниқланди.
“Энг яхши иншо” кўрик-танловида тумандаги умумий ўрта таълим мактабларининг энг иқтидорли 32 нафар ўқувчиси иштирок этиб, “Тил — миллат кўзгуси” мавзусида эркин иншо ёздилар. Унда 1-ўринни 196-мактабнинг 8-«B» синф ўқувчиси Раҳима Раҳимхўжаева қўлга киритди.
“Энг ижодкор ўқувчи” кўрик-танловида ўқувчилар ўзбек тилининг бой имкониятларига бағишланган ижод намуналари, мақола ва шеърлари билан иштирок этиб, саволларга жавоб бердилар. Танловда 249-мактабнинг 8-синф ўқувчиси Анвар Ҳалимов 1-ўринни, 11-мактабнинг 9-синф ўқувчиси Зуҳра Исоқова олий ўринни қўлга киритди.
— Танловда қатнашиб, она тили ва адабиёт фанидан билимим янада ошди. Ижодий ишимда она тилимизнинг жозибасини ифодалаб беришга ҳаракат қилдим. 1-ўринни эгаллаганимда кўз ўнгимда она тили ва адабиёт фанидан таълим бераётган устозим Дилором Зуфарова гавдаланди. Мен унга раҳмат айтмоқчиман, — дейди Анвар Ҳалимов.
“Энг яхши кўргазмали қурол” танловида 233-, 249-, 326-, 28-, 16-, 261-мактаб ўқитувчиларининг ижодий ишлари ҳакамлар ҳайъати томонидан юқори баҳоланди.
З.АЗИМБОЕВА,
Олмазор ТХТМФМТТЭ бўлими методисти