Қишлоққа янги ўқитувчи келди
бу малакали кадрларга бўлган эҳтиёжни қондириб, ўқувчиларни чуқур билим олишга ундамоқда
Чимбойобод Пастдарғом туманининг чекка қишлоқларидан бири. Қишлоқ ёшлари ҳудуддаги 108-мактабда таълим олади. Ўқувчиларнинг инглиз тилини ўрганишга қизиқиши катта бўлса-да, бу фандан ўқитувчи йўқлиги сабабли орзуси ушалмай қолаверарди. Президентимизнинг ташаббуси билан умумтаълим муассасаларида чет тилларни ўрганишга алоҳида эътибор қаратила бошлагач, туман халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими мутасаддилари масаланинг ечимини топишга жазм этди.
Гап шундаки, 2013 йили чекка қишлоқ мактабига вилоят маркази — Самарқанд шаҳридан инглиз тили ўқитувчиси таклиф этилди. Ҳа, бугунги кунда ҳамма соҳада ҳам малакали мутахассисларга эҳтиёж катта. Уларга самарали фаолият юритиши учун барча шарт-шароитлар яратиб берилмоқда. Чет тили муаллимаси Гули Санақуловага ҳам туман халқ таълими бошқаруви идораси ва мактаб мутасаддилари зарур шароитларни муҳайё қилишга ваъда беришди.
Албатта, узоқ ҳудуддаги қишлоқ мактабига қатнаб ишлаш шаҳарлик муаллимадан ўзига хос фидойиликни талаб этарди. Чунки вилоят марказида 70дан ортиқ мактаб, қирққа яқин академик лицей ва касб-ҳунар коллежи бўла туриб, шаҳар шароитида вояга етган ўқитувчининг ишлаш учун чекка мактабни танлаши қийин.
— Оиламиз билан таклифни обдон ўйлаб кўрдик. Турмуш ўртоғим рози бўлгач, узоқ бўлса-да, қишлоқ мактабига қатнаб ишлашга қарор қилдим, — дейди Гули Санақулова. — Шаҳардаги мактабларда педагоглар етарли. Барча малакали кадрлар шаҳарда қолиб кетаверса, чекка қишлоқлардаги мактаб ўқувчиларига ким дарс беради, деган ўй қароримга туртки бўлди. Очиғи, ишга энди қатнай бошлаган кезларим “Янги педагогик жамоа, қишлоқ одамлари мени қандай қабул қиларкан?” деган ҳадик бор эди. Мактаб маъмурияти ишлашим учун барча шароитни яратиб берди. Ўқувчилардаги илмга ташналик, хорижий тилларни ўрганишга иштиёқнинг юқорилиги, мана икки йилдирки, жўшиб ишлашимга қанот бағишлаяпти. Қишлоқ одамлари ҳам мени яхши танийди. Кўча-кўйда кўришиб қолсак, фарзанди инглиз тилида гапира бошлаганини тўлқинланиб сўзлаб беришади. Бу менга янги куч бағишлайди. Ҳафтада уч кун дарсга қатнайман.
Муаллима тез орада педагогик жамоада ўз ўрнига эга бўлди. Мактабнинг чет тили хонаси замон талаблари асосида жиҳозлангани дарсларни илғор метод ва интерфаол усуллар ёрдамида ташкил этишда асқотмоқда. Педагогнинг дарсларини кузатган ҳамкасблари ҳам АКТни кенг қўллаган ҳолда маш¬ғулотлар олиб боришга киришган. Айниқса, ўқувчиларнинг ўқишга иштиёқи ошгани педагогик жамоани руҳлантираётир.
— Кейинги икки йил давомида инглиз тилида равон гаплашишни ўзлаштирдим, — дейди мактабнинг 9-синф ўқувчиси Сўғдиёна Шаропова. — Бугун синфдошларим билан устозим иштирокида кичик-кичик матнларни таржима қилаяпмиз. Келгусида фан олимпиадаларида қатнашиб, муваффақият қозонишимга ишонаман. Ўқитувчимиз билан танловларда юксак марраларни забт этишга тайёргарлик кўраяпмиз.
Президентимизнинг 2012 йил 10 декабрдаги «Чет тилларини ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари» тўғрисидаги қарорида чет тили ўқитувчиларини моддий рағбатлантириш ҳам кўзда тутилган. Қарорга мувофиқ, қишлоқ жойлардаги таълим муассасаларида дарс бераётган чет тили ўқитувчиларининг ойлик маошига тариф ставкасининг 30 фоизи миқдорида устамалар белгиланган. Гули Санақулова ҳам бундай рағбатдан баҳраманд бўлмоқда.
— Гули Санақулованинг ташаббуси қишлоқлик ота-оналарни жуда қувонтирди, — дейди туман ХТМФМТТЭ бўлимининг чет тили методисти Ғолиб Эргашев. — Айни пайтда бошқа ҳудуддан яна бир муаллима — француз тили ўқитувчиси Баҳора Зайниевани ҳам туманимиздаги 7-мактабга ишга қабул қилдик. Туман халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими ва мактаблар жамоаси томонидан шаҳарлик ўқитувчиларга барча зарур шароитлар яратилган. Энг муҳими, уларнинг меҳнатлари ўз мевасини бермоқда.
Айтиш жоизки, вилоятдаги умумтаълим муассасаларини педагог кадрлар билан таъминлаш борасида қатор амалий ишлар бажарилмоқда. Кейинги беш йил давомида 5036 нафар ёш мутахассис ишга қабул қилинди. Жумладан, жорий йилнинг февраль-май ойларида туман ХТМФМТТЭ бўлимларининг кадрлар бўйича инспекторлари ҳамда кадрларга эҳтиёж мавжуд бўлган таълим муассасалари раҳбарлари педагогика йўналишидаги олий таълим муассасалари битирувчиларининг тақдимот-тақсимотида қатнашиб, 1110 нафар битирувчи билан уч томонлама шартномалар имзоланган эди. Шунга кўра, 2015 йили 1134 нафар ёш ўқитувчи умумтаълим мактабларига жалб этилган бўлса, улардан 237 нафари чет тили мутахассисларидир.
Айни пайтда вилоятдаги мактабларда 3455 нафар чет тили (2384 нафар инглиз, 683 нафар немис, 381 нафар француз ва 7 нафар бошқа чет тили) ўқитувчиси фаолият кўрсатаяпти. 2015-2016 ўқув йилидан эътиборан 3-синфларга ҳам чет тили ўқитилиши ҳисобига вилоятнинг Нарпай, Пахтачи, Каттақўрғон, Нуробод, Қўшработ, Иштихон ҳамда Ургут туманларидаги мактабларда 13 ставка чет тили ўқитувчисига эҳтиёж борлиги аниқланган эди. Бу муаммо ечимини топиш юзасидан ҳам амалий ишлар қилинмоқда.
Ҳаким ЖЎРАЕВ,
«Ma’rifat» мухбири