Ўзбек адабиёти билимдонлари
Юнусобод туманидаги 70-мактабда «Ўзбек адабиёти билимдонлари» кўрик-танлови бўлиб ўтди .
Унда Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси методика маркази методистлари, она тили ва адабиёт фани ўқитувчилари ҳамда танловнинг туман босқичида ғолибликни қўлга киритган ёш адабиёт билимдонлари иштирок этди.
Ёшлар дунёқараши ва фикрлаш доирасини кенгайтириш, иқтидорли, ижодкор ёшларни рағбатлантириш, бадиий асар ўқишга қизиқишини кучайтириш каби эзгу мақсадларни ўзида мужассам этган мазкур беллашувда иштирокчилар уч шарт бўйича синовдан ўтди.
— Кўрик-танловнинг туман босқичи октябрь ойининг биринчи ўн кунлигида бошланган эди, — дейди Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси методика маркази методисти Гулчеҳра Маманбоева. — Иштирокчиларнинг ҳаммаси танловга катта тайёргарлик билан келгани шундоқ сезилиб турди. Ушбу танлов орқали ўқувчиларимиз кўнглида адабиётга меҳр уйғотиб, улар ўртасида китобхонликни тарғиб қилишни кўзлаганмиз. Бугунги тадбиримиз том маънода адабиёт байрамига айланиб кетди.
Кўрик-танлов натижаларига кўра, Юнусобод тумани иштирокчиси Дилбар Мирносирова биринчи ўринни эгаллаган бўлса, иккинчи ўрин Олмазор ва Сергели тумани, учинчи ўрин Учтепа ҳамда Бектемир туманидан келган қатнашчиларга насиб қилди.
Ғолибларга Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармасининг диплом ва эсдалик совғалари топширилди.
Дилмурод ДЎСТБЕКОВ,
«Ma’rifat» мухбири