Тўгарак ўқувчини ҳаётга тайёрлайди
Бувайда туманидаги 38-умумтаълим мактабида Найман ва Жов қишлоқлари болалари таълим олади. Мактаб 2005 йили капитал таъмирдан чиқарилгач, таълим-тарбия жараёни тубдан яхшиланди. Кимё, биология, физика хоналаридаги ўқув-лаборатория жиҳозларини айтмайсизми? Оила-маҳалла-таълим муассасаси ҳамкорлиги таълим сифатини оширишга хизмат қилишини кўп йиллик тажрибасидан тўғри англаган педагогик жамоа «Жов» маҳалла фуқаролар йиғини билан доимий алоқа ўрнатди.
Ўқувчиларнинг дарсдан ташқари вақтини мазмунли ўтказиш, қобилият ва истеъдодларини ўстириш, касб-ҳунарга тўғри йўналтириш учун мактабда 17та фан, учта касбий ва бешта спорт тўгараги ташкил этилган.
— Ўқув йилининг бошида пазандачилик тўгараги очилганини ота-оналар йиғилишида маълум қилдик. Бир-икки ойдан сўнг қизлари тайёрлаб бораётган бир-биридан ширин пишириқ ва салатларни кўргач, оналар ҳам кела бошлади, — дейди пазандачилик тўгараги раҳбари Муқаддас Ҳамроқулова.
«Жов» маҳалла фуқаролар йиғини билан ҳамкорликда “Қизлар ва оналар клуби”нинг ташкил этилиши оналарнинг қиз бола тарбиясидаги масъулиятни янада кучайтирди. Клуб раҳбари Машҳура Мўминова “Гулчилик сирлари” тўгарагини бошқаради. Қизлар хушмуомалалик, саранжом-саришталик, мезбон бўлиш ва меҳмонга бориш, рўзғор юритиш, гулчилик сир-асрорларини ўрганса, оналар ўз ҳаётий тажрибаларидан ўқувчи қизларга сабоқ берадилар. Ҳаётий воқеа ва ибратли ҳикоялар қиз болани озода, ширинсўз, фаҳм-фаросатли ва одобли бўлишга ўргатади.
— Гул парваришига қизиққаним боис, хоҳ уй, хоҳ мактаб бўлсин, жой танламайман. Гулга қизиқмайдиган, уни кўриб завқланмайдиган киши йўқ. Ўқувчи қизларим учун ҳар бир гул мўъжиза. Халқ табобатида гулдан қандай фойдаланиш мумкин? Парвариш қилишда нималарга эътибор бериш керак? Бу каби саволлар тўгарак аъзоларини қизиқтиради. Синфхонамни безаб турган 70та хонаки гулнинг нави, озиқланиши, ўзига хос хусусиятларини қизлар аллақачон билиб олишган. Кирган киши барқ уриб ўсаётган гуллардан бир олам завқ олади, — дейди гулчи муаллима.
Кўплаб ҳунармандлар оиласи истиқомат қилаётган Жов маҳалласида фарзанд ва невараларнинг ўз ота-боболари касб-корини ўзлаштираётганига гувоҳ бўласиз. Зеро, уй шароитида фойдали иш билан банд бўлган бола мактаб ўқитувчиларига ҳам хотиржамлик бағишлайди.
— Ҳунарманд бола келажакда оила қурса, рўзғорига барака олиб киради, — дейди мактаб директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Мақсуда Мансурова. — Устоз-шогирд анъанасини ривожлантириш, ўқувчиларга касб-ҳунар ўргатиш борасида маҳалла фуқаролар йиғини раиси Ғуломқодир Усмонов билан ҳамкорлик режасини ишлаб чиққанмиз. Бу ишга бош-қош бўлиш эса ота-оналар қўмитаси раиси Ҳайдарали Деҳқонов зиммасида. Ҳамкорлик режасига кўра, ўғил болаларнинг аксарияти дарсдан кейин мебель усталари — Мирзоҳид Ҳасанов ва Абдуҳафиз Бадалбоевнинг хонадонига ошиқадилар. Мебелчилик цехида иш қизғин тус олади. Миришкор деҳқонлардан Собиржон Бадалбоевнинг иссиқхонасида помидор, булғори ва аччиқ қалампир, гул кўчатлари етиштирилади. Ўқувчилар биология ўқитувчиси бошчилигида бу ерга амалий машғулот ўтгани боришади, ўсимлик уруғининг қандай қилиб кўкариб чиқиши ёки данакдан кўчат ҳосил бўлишини ўз кўзи билан кўриб, дарсда олган билимларини мустаҳкамлашади.
Юқори синф ўқувчи қизлари ўртасида эрта турмуш қуришнинг салбий оқибатлари ва унинг олдини олиш, хотин-қизларнинг оила ва жамиятдаги ўрнини ошириш борасида давра суҳбати, учрашув ва кўрик-танловлар ўтказамиз. “Найман” қишлоқ врачлик пункти шифокорлари вақти-вақти билан тиббий кўрик ташкил этадилар.
Узоқ йиллар физика фанидан сабоқ берган Мамлакат Сатторова, биология фани ўқитувчиси Усмонжон Фозилкаримов, бошланғич синф ўқитувчиси сифатида ҳурмат-эътибор топган Санобархон Сулаймонова, математика фани ўқитувчиси Усмон Сулаймонов мактаб фахридир. Уларнинг тажриба ва маслаҳатлари ёшларга асқотмоқда.
Бувайда тумани “Баркамол авлод” болалар марказининг “Тарих-ўлкашунослик” тўгараги айнан шу мактабда ташкил этилгани яна бир ижобий жиҳатдир. 20 нафар ўқувчи тарих ва ўлкашунослик билан машғул. Мактабда ташкил этилган тарих бурчагига эса маҳалла аҳли катта ҳисса қўшган. Кимдир бобою момосидан мерос қадимий тўн, дўппи ва паранжини келтирган бўлса, яна кимдир асрий офтоба, сопол кўза, хумни тортиқ қилган. 70дан ортиқ қадимий тангалар эса барчанинг диққат-эътиборини тортади.
Бир сўз билан айтганда, бу мактабда ўқувчиларнинг бўш вақти беҳуда ўтмаётганлиги оила, таълим муассасаси ва маҳалланинг ҳамкорликдаги фаолияти самарали ташкил қилинганидан далолатдир.
Шарифа МАДРАҲИМОВА,
«Ма’rifat» мухбири