Мактаб мулкига оқилона муносабат
“Энг яхши кимё, биология ва физика фан кабинети мудирлари” кўрик-танлови иштирокчиларининг асосий мақсадидир
“Ўқитувчи:
— Электр токи кучи бирлиги нима дейилади?
— Ампер бўлиб, ток кучи амперметрда ўлчанади, — бирваракайига қўл кўтарган ўқувчилардан бири чаққонлик билан жавоб беради.
— Электр кучланиш бирлиги-чи?
— Вольт, — дейди яна бир ўқувчи шартта ўрнидан туриб.
— Хўш, қаршилик ортганда уларнинг қай бири камаяди?
— Ток кучи камаяди, — бу сафар ўқувчилар бараварига жавоб қайтаришади. Сўнг билағонлар ушбу физик амални вольтметр, амперметр, ўтказгич ва бошқа керакли асбоб-ускуналар ёрдамида кўрсатиб берадилар...”.
“Энг яхши кимё, биология ва физика фан кабинети мудирлари” кўрик-танловининг Тошкент вилояти босқичида қатнашган ўқитувчилар шу каби қизғин амалий машғулотлар тасвирланган видеолавҳаларда ўзларининг илғор тажрибаларини намоён этдилар.
Айтиш жоизки, юртимиздаги умумтаълим мактаблари замонавий қиёфа касб этиб, ўғил-қизларнинг ўқиш-ўрганиши, пухта билим эгаллаши учун барча шарт-шароитлар яратилмоқда. Энди педагоглар олдига шу имкониятлардан унумли фойдаланган ҳолда ёш авлодга муносиб таълим-тарбия бериш талаби қўйилмоқда.
Таълим тизимида ўтказилаётган турли кўрик-танлов ва фестиваллар бу борадаги ишларни янада жонлантириб, ўқитувчилар билим ва маҳоратини ошириш, дарсларга ижодий ёндашиш кўникмаларини ривожлантиришга хизмат қилаётир. “Энг яхши кимё, биология ва физика фан кабинети мудирлари” кўрик-танлови ҳам илғор ва ташаббускор фан кабинети мудирларини аниқлаш ва уларнинг касбий маҳоратини рўёбга чиқариш, умумтаълим мактабларига келтирилган ўқув жиҳозларидан самарали фойдаланишни ташкил этишда муҳим мезон бўлмоқда.
Халқ таълими вазирлиги томонидан икки йилдан буён ўтказиб келинаётган кўрик-танлов икки босқичда ташкил этилади. Низомга кўра, биринчи босқичда ҳар бир туман(шаҳар)даги мактабларнинг тажрибали фан ўқитувчилари аниқланиб, вилоят босқичида фан хоналаридаги жиҳозлардан самарали фойдаланиш, лаборатория машғулотларини тўғри бажариш борасида бешта йўналиш бўйича беллашдилар.
Ўртачирчиқ туманидаги 1-мактабда ўтказилган танловда иштирокчилар дастлаб ўқув-жиҳозларини қабул қилиб олиш, сақлаш ва уларнинг ўрнини тўлдириш бўйича ҳужжатларнинг юритилишига доир кўникмаларини синовдан ўтказдилар. Мактабида ўтказган лаборатория машғулотларининг видеотасвири ҳамда ўқувчилари билимлар беллашуви ва фан олимпиадасида эришган ютуқлар ғолибликка чоғланган муаллимларнинг қўшимча балл тўплашига замин яратди. Техника хавфсизлиги қоидаларига амал қилган ҳолда лаборатория ишини бажариш шарти ўқитувчиларнинг тажрибаси, моддаларни бехато қўллаш, анжомлардан тўғри фойдаланиш борасидаги маҳоратини намоён этди. Сўнгги турда педагогларнинг билимлари тест топшириқлари асосида синалди.
— Кўрик-танловнинг дастлабки босқичида 540 нафар кимё, биология ва физика фани ўқитувчиси беллашиб, 50 нафари вилоят босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди. Иштирокчилар сафи кенглиги танловнинг муросасиз ва қизғин ўтишини таъминлаб, энг илғор ўқитувчиларни аниқлаш, уларнинг тажрибасини оммалаштириш имконини яратади, — дейди вилоят халқ таълими бошқармаси табиий фанлар методисти Санобар Ҳошимова. — Иштирокчиларга лаборатория иши ва тест топшириқлари қуръа ташлаш йўли билан тақдим этилиб, уларнинг иши махсус штрихланган жавоб варақларида баҳолаб борилди. Кўрик-танлов ўқитувчиларни ўз устида ишлашга, мактаб мулки бўлган анжомларни бузилмасин ёки яроқсиз ҳолга келиб қолмасин дея асраб қўйиш эмас, машғулотларда улардан оқилона фойдаланишда масъулиятли бўлишга ундайди.
Танлов якунида тўпланган баллар умумлаштирилиб, ғолиблар аниқланди. Кимё фанидан Бекобод шаҳридаги 16-мактаб ўқитувчиси Гулчеҳра Туранова, биология фанидан Оҳангарон туманидаги 52-мактаб ўқитувчиси Муборак Маматқулова ҳамда физика фанидан Ангрен шаҳридаги 8-мактаб ўқитувчиси Толибжон Мутавалиев 1-ўринни эгаллади.
— Танловда ёш ҳамкасбларимиз ҳам қатнашаётгани эътиборимни тортди, — дейди Толибжон Мутавалиев. — Қирқ йиллик педагогик тажрибага эгаман. Очиғи, илгари ёш ўқитувчиларда малака етишмаслиги, анжомлардан тўғри фойдалана билмаслик, тажрибасизлик ҳолатлари учраб, дарсларнинг сифатига путур етарди. Бугунги авлод муаллимларининг ғайрат-шижоатини, педагогик маҳорат бобида устоз ўқитувчилар билан бирдек беллашишини эътироф этмай бўлмайди. Танлов ҳар бир ўқитувчини ўз устида ишлашга, фан кабинети мудирлиги билан бирга ўқитувчиликда ҳам юксак натижалар сари олға интилишга ундайди.
* * *
Халқ таълими вазирлиги ташаббуси билан ўтказилаётган “Йилнинг энг яхши муҳандиси” кўрик-танлови туман(шаҳар) ХТМФМТТЭ бўлими таълим муассасалари биноларининг техник ҳолати, инфратузилмаси ва жиҳозланганлиги масалалари бўйича муҳандисининг етакчилик, фаоллик, ишбилармонлик ва ташаббускорлик қобилиятларини синовдан ўтказди.
Муҳандислар Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри миқёсида – бир босқичда ўтказилган танловда қатнашиш жараёнида мактабларда олиб борилаётган қурилиш-таъмирлаш ишларини назорат қилиш, унинг сифатли ва белгиланган муддатларда бажарилишини таъминлаш, бино ва жиҳозлардан мақсадли фойдаланишни йўлга қўйиш, куз-қиш мавсумига тайёргарликни амалга оширишда кўрсатган ўзига хос ташаббусларини тақдим этди.
Танловнинг Самарқанд вилояти босқичида 16 нафар муҳандис иштирок этиб, таълим муассасаларининг жиҳозланиши, ободончилигига оид тақдимотларини шарҳлаб беришди. Шунингдек, улар бинолардан фойдаланишдаги муаммоларни бартараф этишга оид амалий таклифларини билдиришди. Иштирокчиларнинг АКТдан фойдаланган ҳолда буйруқ лойиҳасини тайёрлаш ва уни интернет орқали керакли манзилга жўнатишдаги тезкорлиги ҳам синовдан ўтказилди.
Танлов натижаларига кўра, Жомбой тумани ХТМФМТТЭ бўлими муҳандиси Алишер Файзиев 1-ўринни эгаллади.
Илҳом ЖЎРАЕВ,
“Ma’rifat” мухбири
Бурҳон РИЗОҚУЛОВ олган сурат.