Дарсликларга буюртма тўғри шакллантирилса тақсимотда муаммо кузатилмайди
Ўқувчиларнинг давлат таълим стандартларида белгиланган билим, кўникма ва малакаларни пухта эгаллашида дарсликларнинг ўрни катта. Шу боис мустақилликнинг илк йиллариданоқ юртимизда тажрибали, юқори салоҳиятга эга муаллифлар гуруҳини жалб этган ҳолда мазмунли, сифатли янги авлод дарсликларини яратишга алоҳида эътибор қаратилди. Айниқса, ижара тизимининг жорий этилиши ўқитувчи ва ўқувчилар билан бирга, ота-оналарга ҳам кўплаб қулайликлар яратиб, ўғил-қизларни юз фоиз ўқув адабиётлари билан таъминлаш имконини бермоқда. Бир ўқув йили давомида фойдаланиладиган дарсликлар жамланмасини ижарага олиб, сўнг кутубхонага қайтариб бериш иқтисодий тежамкорликка, ўз навбатида, дарсликлардан кейинги синф ўқувчилари ҳам самарали фойдаланишига хизмат қилади. Ўқувчиларнинг дарсликлар билан тўлиқ таъминланишида мавжуд эҳтиёжни синчиклаб ўрганиш ва шу асосда фойдаланиладиган қўлланмаларга буюртмани тўғри шакллантириш муҳим ўрин тутади.
Умумтаълим муассасаларини дарслик ва ўқув-методик қўлланмалар билан таъминлаш ишлари Президентимизнинг 2006 йил 31 майдаги “Умумтаълим мактаблари ўқувчиларини дарсликлар билан таъминлаш тизимини такомиллаштириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 362-сонли қарори, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими, Молия, Маданият ва спорт ишлари вазирликлари ҳамда Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлигининг 2014 йил 20 мартдаги қўшма қарори асосида тасдиқланган “Умумтаълим мактабларини дарсликлар ва ўқув-методик қўлланмалар билан таъминлаш тартиби тўғрисида” низомга мувофиқ тартибга солинади. Унга кўра, умумтаълим мактабларининг 1-синф ўқувчилари учун дарсликлар ҳар йили, 2—4-синфлар учун икки йилда бир марта ва 5—9-синфлар учун тўрт йилда бир марта қайта нашр этилади. Умумтаълим мактабларининг 2—4-синф ўқувчилари учун чет тиллар бўйича дарсликларнинг иш дафтарлари ҳар йили янгидан чоп этилади. Халқ таълими вазирлиги томонидан ҳар йили 1 сентябргача келгуси ўқув йилига дарсликлар ва ўқув-методик қўлланмаларни харид қилишга буюртмаларни шакллантириш учун талабнома шакли тасдиқланади ҳамда барча умумтаълим мактабларига етказилади.
Низомга кўра, буюртма асосан тўрт босқичда шакллантирилади. Дастлаб умумтаълим мактаблари миқёсида келгуси йил учун дарслик ва ўқув-методик қўлланмаларга эҳтиёж аниқланиб, қоғоз ҳамда электрон вариантда туман (шаҳар) ХТМФМТТЭ бўлимига юборилади. Буюртмани шакллантиришда мактаблар қуйидаги кўрсаткичларга асосланади:
— биринчи синфга ўқувчиларни қабул қилишнинг истиқбол кўрсаткичлари;
— дарсликлар билан бепул таъминланадиган ижтимоий ёрдамга муҳтож бўлган оилалардаги ўқувчилар сони;
— ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар орасида ўтказилган сўров натижалари;
— умумтаълим мактаби кутубхона жамғармасида ўтказилган хатлов натижалари.
Биринчи синфга ўқувчиларни қабул қилишнинг истиқбол кўрсаткичлари умумтаълим мактаби жойлашган ҳудудда ҳар йили ўтказиладиган кузатувлар асосида аниқланади.
Умумтаълим мактаблари бўйича буюртмалар ҳамда эркин сотиб олиш бўйича истиқбол кўрсаткичлар туман (шаҳар) халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими томонидан фанлар, таълим тиллари, дарсликлар ва ўқув-методик қўлланмалар номлари ҳамда синфлар кесимида ҳар бир умумтаълим мактаби бўйича таҳлил қилиниб, умумлаштирилгач, Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, вилоят халқ таълими бошқармалари ва Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармасига юборилади.
Ҳудудий халқ таълими бошқаруви идоралари, ўз навбатида, буюртмани туманлар кесимида умумлаштириб, Халқ таълими вазирлигига жўнатади. Вазирлик эса республика бўйича умумтаълим мактаблари ўқувчилари учун дарсликлар ва ўқув-методик қўлланмаларни харид қилишнинг истиқбол квоталарини шакллантириб, Республика мақсадли китоб жамғармаси васийлик кенгашига тақдим этади.
2016—2017 ўқув йили учун республика миқёсида жами 525 номдаги 26 миллион 100 минг нусхадан зиёд дарслик ва ўқув-методик қўлланмага буюртма шакллантирилган бўлиб, айрим фанларга ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабларининг 5—9-синф ўқувчилари ва махсус таълим олувчилар учун чоп этиладиган қўлланмалар ҳам шунга киради. Бундан ташқари, ҳар йили ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тайёрлов йўналишларига тавсиянома, 1—4 ва 5—9-синф журналлари, баҳолар табели, тўгарак журналлари буюртма асосида нашр этилиб, жойларга бепул етказиб берилади.
Шу ўринда кутубхона жамғармасида дарсликлар тўплами ёки муайян номдаги дарсликлар етишмовчилиги мавжуд бўлса, нима қилиш керак, деган савол туғилиши табиий. У ҳолда мактаб маъмурияти ўқув йили бошлангунга қадар дарсликларни фойдаланишга бериш шарти, зарур сони, синфи ва таълим тилини аниқ кўрсатган ҳолда қўшимча дарсликлар ажратишни сўраб туман (шаҳар) халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлимига ёзма равишда мурожаат этади. Унга асосан ХТМФМТТЭ бўлими ҳудуддаги мактаблар бўйича синфлар ва таълим тиллари кесимида ўқувчилар контингенти ҳамда уларнинг дарсликлар билан таъминланишини таҳлил қилади.
Таҳлил натижаларига кўра, тегишли ҳудуддаги умумтаълим мактаблари орасида дарсликлар тўпламларини қайта тақсимлаш тўғрисида буйруқ қабул қилинади.
Масалани шу туман(ёки шаҳар)даги умумтаълим мактаблари миқёсида қайта тақсимлаш орқали бартараф этиш имконияти бўлмаса, ХТМФМТТЭ ҳудудий халқ таълими органига; ҳудудий халқ таълими органи Халқ таълими вазирлигига дарсликлар тўплами сони, синфи ва таълим тилини аниқ кўрсатган ҳолда қўшимча дарсликлар тўпламларини ажратиш тўғрисида ёзма мурожаат қилади. Шу тариқа масалани ижобий ҳал этиш имкони юзага келади. Жумладан, 2015—2016 ўқув йилида умумтаълим мактаблари ўқувчиларини дарсликлар билан тўлиқ таъминлаш мақсадида вилоятлар ўртасида жами 14013 тўплам дарслик қайта тақсимот қилинди.
Айрим ҳолларда мактаб маъмуриятининг ўқувчилар сонини ҳисобга олишдаги эътиборсизлиги ёки туман(шаҳар) ХТМФМТТЭ бўлимларининг нотўғри тақсимоти туфайли дарсликлар билан таъминлашда камчиликлар кўзга ташланади. Тўғри, қайта тақсимот пайтида муаммони бартараф этиш чоралари изчил олиб борилиб, етишмаган дарслик ва методик қўлланмалар таълим муассасаларига етказиб берилади. Бироқ бир жойдан иккинчи жойга китоб ташигандан кўра, аввалбошдан буюртмани тўғри шакллантиришга эътибор қаратиш масаланинг энг қулай ечимидир. Эҳтиёжнинг тўғри ўрганилмаслиги қандай оқибатларга олиб келиши мумкин?
— Буюртмани реал ҳолатга мос — бехато шакллантириш мушкул. Аҳолининг бир жойдан иккинчи жойга кўчиши, болаларнинг мактабдан мактабга ўтиши ва бошқа сабаблар туфайли ўқув йили бошидаги рақам келгуси ўқув йилида ўзгариши мумкин. Бироқ бу масъул ходимларнинг ишга юзаки ёндашиб, буюртмани шакллантиришда сусткашликка йўл қўйишига баҳона бўлолмайди, — дейди Халқ таълими вазирлиги дарсликлар ва ўқув-методик адабиётларнинг янги авлодини яратиш бўлими бошлиғи Азизбек Ортиқов. — Буюртманинг нотўғри шакллантирилиши давлат бюджети маблағларининг ноўрин, ортиқча сарфланиши, жойларда дарcликларнинг етишмаслиги ёки беҳуда фойдаланилмай туриши, энг ёмони, фарзандларимизнинг давлат таълим стандартларида белгиланган билим, кўникма ва малакаларни эгаллашида қийинчиликларни юзага келтиради. Бундай ҳолат юз бермаслиги учун ишни, аввало, қуйи бўғиндан бошлаш, яъни мактабларнинг биринчи раҳбарлари масъулиятини ошириш лозим.
Дарсликларга буюртмани шакллантириш ва тақсимлаш борасида Бухоро вилояти халқ таълими бошқармасида тўпланган муайян тажриба туфайли вилоятдаги мактабларда дарсликлар етишмовчилиги кузатилмайди. Хўш, бундай натижага эришишда қайси омиллар муҳим аҳамият касб этмоқда? Бу хусусда Бухоро вилояти халқ таълими бошқармасининг дарсликлар бўйича мутахассиси Ҳамро Сафаров шундай дейди:
— Биз икки йиллик энг юқори контингент асосида дарсликка буюртмани шакллантирамиз. Масалан, 2—4-синфлардан қайси синфнинг ўқувчилари кўп бўлса, умумий эҳтиёжни шу контингентга қараб белгилаймиз. Шу боис вилоятимиздаги мактабларда дарслик тақчиллиги кузатилмайди. Ҳар йили ўқувчилар сони ўзгариб туриши ҳисобига ортиб қолган 2-, 9-синф дарслик тўпламларини бу йил Навоий ва Самарқанд вилоятига жўнатдик. Айни пайтда 2016—2017 ўқув йили учун дарсликларга буюртмани шакллантириб, тақдим этганмиз.
Дарслик — ўқувчининг, методик қўлланма эса педагогнинг асосий манбаси. Бу воситаларсиз уларни бамисоли харитасиз сафарга чиққан сайёҳга ўхшатиш мумкин. Шу боис дарслик ва ўқув-методик қўлланмаларга буюртмани шакллантиришга масъулият билан ёндашиш, бу борада илғор таълим муассасалари ёки ҳудудий халқ таълими бошқаруви идоралари тажрибасини ўрганиш, оммалаштириш долзарб масала ҳисобланади.
Хайриддин МУРОД,
“Ma’rifat” мухбири
ЎзА суратлари.