Муҳим масалалар муҳокама этилди
Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Мультимедиа умумтаълим дастурларини ривожлантириш марказида вазирлик ва Республика таълим маркази мутасаддилари иштирокида видео-семинар бўлиб ўтди.
Тадбирни Қорақалпоғистон Республикаси xалқ таълими вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар халқ таълими бошқармалари, педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтлари масъул ходимлари, методистлар, тажриба-тадқиқот майдони этиб белгиланган таълим муассасалари директорлари ва экспериментатор-ўқитувчилар жойларда туриб тўғридан-тўғри кузатди.
Тадбирда 2015-2016 ўқув йилининг биринчи ярмида таълим муассасаларини аттестациядан ўтказиш ва аккредитациялаш ҳолати ҳамда умумтаълим фанлари бўйича ўқувчиларда компетенцияларни шакллантиришга йўналтирилган давлат таълим стандартлари ва ўқув дастурлари лойиҳалари тажриба-тадқиқоти жараёни юзасидан амалга оширилган ишлар ва келгусидаги вазифалар муҳокама этилди.
Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2015 йил 27 мартда тасдиқланган “Халқ таълими вазирлиги, бошқа вазирлик ва идоралар тасарруфидаги ҳамда нодавлат мактабгача ҳамда умумий ўрта таълим муассасаларини 2015—2020 йилларда аттестациядан ўтказиш режаси”га мувофиқ келгуси 5 йил давомида жами 14474та таълим муассасасини аттестациядан ўтказиш режалаштирилган. Тадбирда мазкур жараённи самарали ташкил этиш, бу борада мактаб директорлари ва ўринбосарларининг масъулиятини ошириш зарурлиги алоҳида таъкидланди.
Айни пайтда умумтаълим фанлари бўйича ўқувчиларда компетенцияларни шакллантиришга йўналтирилган давлат таълим стандартлари ва ўқув дастурлари лойиҳалари тажриба-тадқиқоти жараёнининг навбатдаги босқичи изчил олиб борилаётир. Видеосеминарда Республика таълим маркази томонидан тавсия этилган методлар билан бирга, ўз илғор тажрибаларини амалиётда қўллаётган экспериментатор-ўқитувчиларнинг тақдимотлари ҳам намойиш этилди.
Йиғилишда кун тартибидаги масалалар ижросини таъминлаш бўйича қўшимча кўрсатма ва тавсиялар берилди.
Хайриддин МУРОД,
“Ma’rifat” мухбири