Фан олимпиадаси синовга чорлади
Шу кунларда умумтаълим мактабларининг 9-синф ўқувчилари ўртасида фан олимпиадасининг туман босқичлари бўлиб ўтмоқда. Хусусан, Миробод туманидаги 125-мактабда ўтказилган баҳсларда ҳудуддаги мактаблардан 311 ўқувчи 17 фан бўйича ўз билимларини синовдан ўтказди.
— Имтиҳонлар ёзма иш, тест, амалий иш ва оғзаки суҳбат шаклида ўтказилмоқда, — дейди Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси мутахассиси Дилором Юсупова. — Ўқувчиларга қулай бўлиши учун мактабнинг ўқув-лаборатория хоналари зарур жиҳозлар билан таъминланган. Тажрибали ўқитувчилардан иборат ҳакамлар ҳайъати олимпиада синовларини кузатиб бормоқда.
Учтепа туманидаги 312-мактабда ўтказилган туман босқичи ҳам қизғин ўтди.
— Ҳуқуқ фанига жуда қизиқаман ва келажакда ўқишни шу йўналишда давом эттириш ниятидаман, — дейди Учтепа туманидаги 38-мактабнинг 9-синф ўқувчиси Диёра Туйғунхўжаева. — Бугунги беллашувлардан сўнг ўз устимда янада кўпроқ ишлашим кераклигини англаб етдим. Иштирок этган 525 нафар тенгдошларим орасидан кўплаб дўстлар орттирдим.
Фанлар бўйича 76дан юқори балл тўплаган 1–3-ўрин соҳиблари фан олимпиадасининг шаҳар босқичига йўлланма оладилар.
Соҳиба МУЛЛАЕВА,
“Ma’rifat” мухбири