Педагогик жамоанинг ҳамжиҳатлиги
Олтиариқ туманидаги 1-ИДУМ ўтган йили таълим сифати кўрсаткичи бўйича умумтаълим муассасалари рейтингида республикада тўртинчи, вилоятда эса биринчи ўринни эгаллади. Ўн мингга яқин мактаб орасида бундай мавқега эришиш учун қанчадан-қанча меҳнат, изланиш талаб этилади. Бу ютуқ бизни мактаб жамоасининг фаолияти, муваффақиятга асос бўлаётган омиллар билан яқиндан танишиш истагини уйғотди.
Танишувни мактабнинг илғор педагогларидан Зарифа Бадированинг 6-синфда ўтаётган она тили дарсини кузатишдан бошладик.
Ўқитувчи ташкилий қисмни якунлагач, мавзуни доскага ёзиб, гуруҳларга вазифани тушунтирди. Икки гуруҳга бўлинган ўқувчилар педагогнинг барча топшириғини тезкор бажариб, рағбат карточкаси олишга ҳаракат қилди. Ҳар бир вазифадан сўнг муаллиманинг “Ўзимизни ўзимиз текширамиз!” деган даъвати билан ўқувчилар бир-бирларининг дафтарларини текшириб боришди.
Зарифа Бадированинг дарсида эътиборни жалб этадиган жиҳатлардан бири — кўргазмали қуролларнинг ижодий усулда, қўлда тайёрланганидир. Дарс жараёнида ўқитувчи “Биргалик нисбати” мавзусини “Жанни Родари ҳаёти ва ижоди, асарлари” мавзусига боғлаб ўтди. Ўқувчиларнинг фикрлаш доирасини кенгайтириш мақсадида мавзуга доир эртак ёзиш топшириғи берилди. Топшириқни бажариш давомида ўқувчилар бешта нисбатнинг қўшимчаларини айтиб, мисоллар ҳам келтиришди...
— Ҳар бир дарсни саҳна асари тарзида ўтишга ҳаракат қиламан, — дейди Зарифа Бадирова. — Мактабимиз она тили ва адабиёт фанини ҳам чуқур ўқитишга ихтисослашгани учун биздан икки-уч ҳисса кўп меҳнат қилиш талаб этилади. Дарсга тайёргарлик жараёнида ўқувчиларнинг қизиқишлари, психо-физиологик хусусиятларини алоҳида эътиборга оламан. Ҳар бир ўқувчига индивидуал ёндашаман. Масалан, қайсидир ўқувчининг ёзма нутқи равон бўлса ҳам, оғзаки жавоб беришга қийналса, дарс давомида ўша боланинг оғзаки нутқини ривожлантиришга тайёрланаман. Ёки кимнингдир ҳусни хати хунук бўлса, дарс давомида чиройли ёзиш кўникмасини шакллантиришга ҳаракат қиламан.
Бу саъй-ҳаракатлар ўз натижасини бермай қолмайди. Муаллиманинг ўқувчилари умумтаълим фанлари олимпиадаси, билимлар беллашувининг вилоят, республика босқичида ғолиб бўлгани фикримиз исботидир. Мисол учун, Марҳабо Алижонова 2013-2014 ўқув йилида билимлар беллашувининг республика босқичида 3-ўринни қўлга киритган бўлса, ўтган ўқув йилида 9-синф ўқувчиси Одинахон Ўлмасова фан олимпиадасининг вилоят босқичида фахрли ўринни эгаллади. Зарифа Бадированинг ўзи бир неча йилдан буён билимлар беллашувининг вилоят, республика босқичида ҳакамлар ҳайъати аъзоси.
— Ҳамма дарсда қўлда тайёрланган кўргазмали қуроллардан фойдаланаман, — дейди педагог. — Мендан кўриб, ўқувчиларим ҳам ҳар бир мавзу учун ижодий ёндашиб, кўргазмали қуроллар тайёрлаб келишади. Гул баргларининг ичига яширинган саволлар, дарахтларда “мева бераётган” қоидалар, тест саволлари баъзан профессионал рассом ижодига ўхшаб кетади. Ўқувчиларни бадиий адабиётга ошно қилиш мақсадида “Мен севган бадиий китоблар” бурчагини ташкил этганмиз. 6—9-синф ўқувчилари ўзлари севиб ўқийдиган китоблар ҳақида қисқача маълумот ёзиб, асар воқеалари ҳақида тушунча берувчи расмлар чизиб шу бурчакка қўйишади. Ўша китобни ўқиган бола эса китоб ҳақидаги фикрларини ёзиб, тавсия қилган тенгдошига миннатдорлик билдириб, ўзи ҳам яна битта янги китобни барчага тавсия қилган ҳолда анъанани давом эттиради.
559 нафар ўқувчи таълим олаётган мактабда барча ўқитувчилар “Тарбия насиҳат қилиш эмас, балки намуна кўрсатишдир” шиорига мос равишда шахсий ўрнак кўрсатишга интилиши алоҳида аҳамиятга эга. Яна, барча ўқувчилар мактабнинг фахри ҳисобланади. Шундай ўқувчилардан бири Иззатбек Солижонов 2014-2015 ўқув йилида билимлар беллашувининг республика босқичида 100 баллик имкониятдан 100 балл тўплаган. Худди шундай натижага 2013-2014 ўқув йилида мактаб ўқувчиси Нуриддин Абдусаломов ҳам эришган эди. У 2012-2013, 2013-2014 ўқув йилларида кетма-кет икки марта билимлар беллашувининг республика босқичида биринчи ўринни эгаллаган.
Ўқувчиларнинг бу натижаларга эришишида тўгарак машғулотлари ҳам муҳим аҳамият касб этаяпти. Жумладан, ёш математиклар учун ташкил этилган “Замин” тўгараги дарслари ўқувчиларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказадиган севимли машғулотига айланган.
— Ютуқларимизнинг асосий омилларидан бири ҳар бир кун учун алоҳида-алоҳида ўқитувчи машғулот олиб боришидир. Хусусан, математика ўқитувчилари “Бу сизнинг ўқувчингиз, ўзингиз мусобақага тайёрлайверинг, бу менинг ўқувчим, унга ҳеч нарсани ўргатманг”, деб айтмайди. Ўқув йили бошидаёқ ҳар бир ўқувчига жадвал берилади. Белгиланган жадвал асосида болалар олти кун мобайнида барча математика ўқитувчисидан бирдек билим олади. Ҳафта якунида эса методбирлашма қошида иқтидорли ўқувчилар билан ишлаш борасида қилинган ишлар алоҳида муҳокама қилинади. Бундай машғулот ўтиш усули фақат математика ўқитувчилари ўртасида эмас, барча фанлар бўйича оммалаштирилган, — дейди математика фани ўқитувчиси Саодатой Ҳошимова. — Машғулотлар жараёнида, энг аввало, ўқувчиларни ўз соғлиғига эътиборли бўлишга ундаймиз. Кейин доим уларга: “Кўнглинг очиқ бўлса, йўлинг ҳам ойдин бўлади. Ҳеч кимга ҳасад қилма, шунда сенга ҳавас қиладилар. Ёлғон гапирмасанг, сенга ишонадилар, ўзингни камтар тут, шунда сени ҳурмат қиладилар”, деб уқтирамиз. Ўқувчиларга энг кўп айтадиган гапимиз — “Зўрлигингни билиминг билан исботла!”. Бунинг самараси ўлароқ ўқувчиларимиз камтарлиги, одоби, ўзини тутиши билан барчага намуна бўлаяпти. Оддий бир мисол: билимлар беллашувининг республика босқичида натижалар эълон қилингач, Иззатбекдан “Нечанчи ўринни олдинг?” деб сўрасак, у: “Билмадим, 100 балл тўплабман” деб жавоб берди...
Жамоанинг муваффақиятида раҳбарнинг ўрни алоҳида. Мактаб директори Ҳамиджон Раҳимов “Йилнинг энг яхши мактаб директори” кўрик-танлови ғолиби, “Шуҳрат” медали соҳиби.
— 2011-2012 ўқув йилида олти нафар ўқувчимиз билимлар беллашувининг республика босқичида қатнашиб, совринли ўринларни олиб қайтганидан сўнг мактабимизда энг яхши бўлишга интилувчи ўқувчилар янада кўпайди, — дейди Ҳамиджон Раҳимов. — 2012-2013 ўқув йилида яна тўрт нафар ўқувчимиз мазкур натижани такрорлади. Фан олимпиадасининг вилоят босқичида ҳуқуқ фанидан Ёқутхон Юрсунова ҳамда иқтисод фанидан Умида Алижонова биринчи, чизмачилик фанидан Шоҳрух Ғаниев 3-ўринни эгаллаб, академик лицейга имтиёзли қабул қилинди. Инглиз, рус тили, биология, кимё фанларидан ҳам ўқувчиларимиз вилоятда билимдонлар сафида тилга олинади. Ўқитувчиларга доим: “Қаршингизда ўтирган болани ҳурмат қилинг. Ҳар сафар дарсга кирганингизда, олдимда буюк инсон ўтирибди, у келажакда нуфузли халқаро мукофотлар совриндори, тинчлик учун курашчи, давосиз дардларга дори ихтиро қиладиган олим, жаҳонга машҳур ёзувчи ёки шоир бўлиши мумкин, дея ўйланг ва унинг келажаги порлоқ бўлиши учун ҳисса қўшаётганингиздан фахр ҳиссини туйинг. Ўқувчининг қимматли 45 дақиқасини беҳуда совурманг”, дея таъкидлайман.
Мактаб жамоаси эришган ютуқларнинг асосий омилларидан бири кадрлар қўнимсизлигига барҳам берилганидир. Бугунги кунда таълим масканида энг кам ишлаган ўқитувчининг фаолиятига ҳам беш-олти йил бўлди. 44 нафар ўқитувчининг барчаси фидойи, изланувчан, ижодкор педагоглардир.
2014-2015 ўқув йили билимлар беллашувининг республика босқичида рус тили фанидан Шаҳзодбек Ғуломжонов учинчи ўринни эгаллади. Мактабнинг олий тоифали рус тили ва адабиёти фани ўқитувчиси Мунаввархон Солиева ўз тажрибаси ҳақида шундай дейди:
— Таълим жараёнида давлат таълим стандартларида белгиланган талабларни бажариш билан бирга, ўқувчиларни эркин фикрлашга ҳам ўргатаман. Фақат дарслик билан чегараланмай, ҳар бир дарсда ўқувчиларга тўрт-беш номдаги адабиётлар билан танишишни тавсия қиламан. Болалар билимга чанқоқ бўлгани боис уларни топиб, ўқиб келади. Асар ҳақидаги фикр-мулоҳазаларини ёзма ва оғзаки шаклда баён этади. Ҳафтанинг сешанба куни рус тили тўгарагида дарс давомида улгуролмаган мавзуларимиз бўйича фикрлашамиз, биргаликда изланамиз.
Эътиборлиси, ўтган ўқув йилида мактабнинг 62 нафар 9-синф битирувчисидан 20 нафари вилоятдаги академик лицейларга, 10 нафари нуфузли коллежларга имтиёзли равишда қабул қилинди. Қолганлар ўз қизиқиш ва иқтидорига мос касб-ҳунар коллежларида ўқишни давом эттирмоқда.
Халқимиз орасида, умид билан қадалган ниҳол бир кун келиб, ўз мевасини беради, деган ибора юради. Бу ҳикмат таълим муассасалари ва уларда ишлаётган педагоглар фаолиятига ҳам бевосита алоқадор.
Зеро, 1-ИДУМ жамоасининг муваффақияти замирида эртамизнинг умидли ниҳоллари — ёш авлод таълим-тарбиясига масъулият билан ёндашиш, улар тимсолида Ватанимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшишга қодир йигит-қизларни камолга етказиш мақсади мужассамдир.
Шарифа МАДРАҲИМОВА,
“Ma’rifat” мухбири