Ўзига хос эътироф ижодкор ўқитувчиларни руҳлантирди
Ишдан келиб, доимгидай уй юмушлари билан банд бўлиб қолибман. Кечқурун сумкамда қолган қўл телефоним жиринглади. Туман она тили ва адабиёт ўқитувчилари услубчиси, методика кабинети мудири Умида Юсупова тўрт марта қўнғироқ қилибди. Эшитмай қолганимдан хижолат тортиб, дарҳол ўзим боғландим. Опа узримни эшитгач: «Эртага соат 9:00да туман марказига етиб келинг, кеч қолманг», деди. Нима масала экан, дея чақирув сабабини тушунмай тургандим, Умида опа: «Республика нашрларида, айниқса, “Ма’rifat” газетасида чиққан мақолаларингизни, албатта, олволинг», дея қистириб қўйди. Гап нимадалигини сал тушунгандай эдиму, аммо эртанги учрашув мен ва мен каби ижодкор ўқитувчилар кўнглини осмон қадар руҳлантиришини тасаввур ҳам қилмаган эканман...
Туман марказига етиб келгач, машинага ўтириб, вилоят халқ таълими бошқармасига жўнадик. Бошқарма биносига кирарканмиз, навбатчи қиз бизни илиқ қаршилаб, шинамгина бир хонага бошлади. Бу ерда бошқарманинг методика маркази мудири Маҳфуза опа ҳамда унинг ёрдамчилари 2015 йилда республика нашрларидаги мақола, дарс ишланмалари, сценарийлар, хуллас, таълим тизими билан боғлиқ чиқишларнинг номлари ва муаллифларини тартиблаштираётган экан. Биз, қўрғонтепалик тўрт муаллиф ҳам (У.Юсупова, бошланғич синф ўқитувчилари услубчиси М.Қаюмова, 28-мактаб ўқитувчиси Н.Турғунова ва камина) газета ва журналларда чоп этилган мақолаларимизни рўйхатга туширгач, бошқарманинг кичик йиғилишлар хонасига ўтдик.
Вилоятимиз туманларидан келган биз каби муаллифлар ҳам худди неча йиллик қадрдонлардай «Келдингизми», дея хурсанд бўлиб қаршилашди. Бу ерда гўё ўқитувчилар эмас, ижод аҳли йиғилиб қолгандек эди. Бир-бирлари билан тиллашиб, диллашиб самимий суҳбатлашиб ўтираркан, барчаси бу ерга йиғилишлари сабабини билмасликларини айтишди. Кимдир бошқарма бошлиғи биз билан мақолаларимиз юзасидан, ижодкорлик фаолиятимиз хусусида суҳбатлашаркан деса, биров мақолаларни матбуот нашрларига юборишда дуч келинаётган муаммоларни бартараф этиш мақсадида биздан фикр-мулоҳаза оларкан, деган тахминларни ҳам айтди. Ниҳоят хонага Серобиддин Исмоилов кириб келиб, вилоятимиз таълим тизимидаги ютуқларни тарғиб этаётган фидойи устозларни юзма-юз кўриб, эътироф этиш ниятида эканини таъкидлади.
2015 йилда вилоят халқ таълими тизимида эришилган ютуқлар сирасини фахр билан айтаркан, уларни матбуот нашрларида ёритган ижодкор ўқитувчиларга миннатдорлик билдирди, янги йилдан бу каби чиқишларнинг мазмун-моҳиятига алоҳида эътибор қаратиб, фаолларни бошқарманинг қимматбаҳо совғалари билан тақдирлаш кўзда тутилаётганини маълум қилди.
Бу учрашув ижодкор ўқитувчиларнинг ўзаро тажриба алмашувига сабаб бўлди. Муаллимлар манзили ва телефон рақамларини алмашиб, дўстлашишга ҳам улгуришди.
Муножатхон МЎМИНОВА,
Қўрғонтепа туманидаги 47-мактаб директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари