4-синф чет тили дарслик-мажмуалари
Президентимизнинг 2012 йил 10 декабрдаги «Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан умумтаълим мактабларида бошланғич синфларданоқ хорижий тилларни ўқитиш кенг йўлга қўйилди. Айни пайтда 1—3-синф ўқувчилари янги ўқув дастури ва давлат таълим стандартлари асосида чет тилларни босқичма-босқич ўрганиб бораётганини алоҳида таъкидлаш жоиз.
Бу йил муаллифлар гуруҳи томонидан чет тиллардан 4-синфлар учун ҳам янги дарслик-мажмуалар ишлаб чиқилиб, Халқ таълими вазирлигининг 2016 йил 8 январдаги тегишли буйруғи асосида қўлланмаларни тажриба-синовдан ўтказиш тартиби белгиланди. Унга кўра, шу йил 19 мартга қадар жойларда янги мажмуалар синовдан ўтказилади.
— Умумтаълим мактабларининг 4-синфи учун инглиз тилида яратилган дарслик-мажмуалар тажриба-синов учун жойларга етказиб берилди, — дейди “Ўқувтаълим-таъминот” давлат унитар корхонасининг дарсликлар, ўқув-методик қўлланмалар ва мактаб ҳужжатлари билан таъминлаш бўлимининг етакчи мутахассиси Азиз Файзиев. — Эҳтиёжга кўра, 2500 дона “Kids’ English- 4” дарслиги, 2500 дона “Workbook- 4” — инглиз тили машқ дафтари, 200 дона “Teacher book- 4” — ўқитувчи учун методик қўлланма ҳамда дарсликларнинг мультимедиа иловаси, яъни DVD дисклар белгиланган тартибда тақсимланди. Бундан ташқари, синов учун немис (30 дона дискда “Deutsch mit Spa-4”нинг электрон нусхаси) ва француз (30 дона дискда “Hirondelle”нинг электрон нусхаси) тилларида яратилган дарслик-мажмуалар ва мультимедиа иловалари Республика таълим маркази томонидан электрон — CD диск шаклида 2 нусхадан ҳудудий малака ошириш институтларига етарли миқдорда кўпайтириш ва тақсимлаш мақсадида етказилди.
Тажриба-синов олдидан Халқ таълими вазирлиги томонидан ўтказилган йиғилишда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар халқ таълими бошқаруви органларининг тегишли мутасаддилари, методистлар ҳамда экспериментатор-ўқитувчиларга жараённи қандай ташкил этиш, нималарга алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги тўғрисида кўрсатмалар берилди.
— “Kids’ English- 4” китоби 1–3-синф чет тили дарсликларининг мантиқий давоми сифатида давлат таълим стандартлари талаблари асосида замонавий шаклда яратилди, — дейди дарслик муаллифларидан бири Лутфулла Жўраев. — Мажмуадан қуйи синфларда олинган билимларни умумлаштириш, фикрни чет тилида эркин баён этиш кўникмаларини оширишга қаратилган топшириқлар ўрин олган. Жамоа бўлиб ишлашга ўргатадиган ўйинларни кўпроқ киритдик.
Айтиш жоизки, мутахассисларимизнинг бу турдаги дарсликларни тайёрлаш тажрибаси йилдан-йилга ортиб бормоқда. Шу нуқтаи назардан навбатдаги чет тили дарслик-мажмуалари аввалгиларидан кўра мукаммал ишлангани мутахассислар томонидан таъкидланмоқда.
— Мажмуани тайёрлашда чет тили ўқитувчиларининг фикрлари, хорижий экспертларнинг таклифларини инобатга олдик, — дейди “Deutsch mit Spa- 4” муаллифларидан бири Манзура Дадахожаева Нисбатан мураккаб мавзуларни китобнинг сўнгги саҳифаларига жойлаштирдик. Яна бир жиҳатини айтиб ўтиш керакки, мажмуада шеърлар, тез айтишларга кенгроқ ўрин ажратилди. Бу болаларнинг хотирасини мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга.
Ҳудудлардаги таянч мактабларда тажриба-синов дарслари бошлаб юборилди. Ҳар бир экспериментатор-ўқитувчи бу жараёнда зиммасидаги масъулиятни янада чуқурроқ ҳис этиб ишга киришди.
— “Kids’ English-1”дан фойдаланиб болаларни ўзга тил оламига олиб киришга ҳаракат қила бошлаганимдаёқ дарсликнинг қулайлиги, янгичалиги менда катта таассурот қолдирган эди, — дейди Халқ таълими вазирлиги тасарруфидаги филология фанларига ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабининг экспериментатор-ўқитувчиси Гулноза Анварова. — Бугун яна бир янги дарслик-мажмуа ёрдамида дастлабки машғулотларни ўтаяпмиз. Ўтган уч-тўрт соатнинг ҳар бирини “Очиқ дарс” кайфиятида олиб бордик. Ўқитувчи учун методик қўлланмада ҳар бир топшириқни ўқувчиларга етказиш бўйича алоҳида тавсиялар берилган. Синфимизда иқтидорли, чет тилига қизиқиши юқори ўқувчилар кўпчиликни ташкил этади. Улар ҳар бир мавзу якунлангандан сўнг уйга бериладиган топшириқлар миқдори камроқ эканини, вазифаларни қисқа муддатда бажариб қўяётганини айтишмоқда. Шундан келиб чиқиб, синфдаги иқтидорли ўқувчиларга мустақил ишлаш учун қўшимча топшириқлар киритилиши хусусида ҳам ўйлаб кўриш керак, деган фикрдаман. Бу дастлабки мулоҳазалар. Тажриба-синов жараёни тугагач, якуний хулосаларни умумлаштирамиз.
Икром АВВАЛБОЕВ,
“Ма’rifat” мухбири