Долзарб вазифалар муҳокама этилди
Халқ таълими вазирлигининг 2015 йилги фаолияти якунлари ҳамда 2016 йил — Соғлом она ва бола йилида тизимда амалга ошириладиган муҳим вазифаларга бағишланган кенгайтирилган ҳайъат йиғилиши бўлиб ўтди.
Видеоселектор тарзида ўтказилган йиғилишда ҳайъат аъзолари, бошқарма ва бўлим бошлиқлари, Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазири, вилоятлар ва Тошкент шаҳар халқ таълими бошқармалари бошлиқлари, давлат педагогика ҳамда халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтлари ректорлари иштирок этди. Жойлардаги студияларда халқ таълими тизими бошқаруви идоралари масъуллари, Болалар спортини ривожлантириш жамғармасининг минтақавий филиаллари директорлари ва бошқа тегишли ташкилотлар раҳбарлари қатнашди.
Мажлисни Халқ таълими вазири, ҳайъат раиси Улуғбек Иноятов олиб борди.
Тадбирда Президентимизнинг мамлакатимизни 2015 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузасидан келиб чиқиб, истиқболда амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар атрофлича муҳокама қилинди.
Давлатимиз раҳбарининг маърузасида таъкидланганидек, ўтган йилда таълим-тарбия соҳасини янада ислоҳ этиш борасида ҳам улкан ишлар амалга оширилди. Жумладан, намунавий лойиҳалар асосида 29 та янги умумтаълим мактаби барпо этилди, 219та мактаб реконструкция қилиниб, 136таси капитал таъмирланди. Халқ таълими тизимида 2015 йилда амалга оширилган ишлар ҳамда 2016 йилдаги устувор йўналишлар ҳақида гап кетганда биринчи галда яратилаётган шарт-шароитлардан унумли фойдаланган ҳолда таълим-тарбия сифати ва самарадорлигини янада ошириш, умумтаълим муассасаларида ўқувчи-ёшларни соғлом ва баркамол этиб тарбиялаш борасидаги ишларнинг натижадорлигини, изчиллигини таъминлашга эришишга алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги таъкидланди.
Бу йилги Инвестиция дастури доирасида амалга оширилаётган қурилиш-таъмирлаш ишларининг сифатли бажарилишини, таълим муассасаларини малакали педагог кадрлар билан таъминлаш, тизимда узлуксиз методик хизмат кўрсатишни яхшилаш, таълим жараёнига янги педагогик ва ахборот технологияларини кенг жорий этиш, мактабгача таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва уларга болалар қамровини янада ошириш каби вазифалар 2016 йилда бажарилиши лозим бўлган энг муҳим вазифалар сифатида белгиланди.
2016 йилда мамлакатимизда “Ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар режаси” ижросини сифатли ва тўлиқ амалга ошириш, таълим муассасаларида ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, ўқувчилар қалбида ватанпарварлик, миллий ифтихор туйғуларини юксалтириш, уларни миллий менталитетимизга ёт ғоялар ва маънавий таҳдидларнинг зарарли таъсиридан ҳимоялаш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга йўналтирилган тадбирлар қамрови ва таъсирчанлигини ошириш зарурлиги қайд этилди.
Шунингдек, кун тартибидаги бошқа масалалар юзасидан сўзга чиққан маърузачилар таълим сифати ва самарадорлигини кучайтириш, таълим муассасалари раҳбарларининг масъулиятини ошириш, болалар мусиқа ва санъат ҳамда спорт мактаблари фаолиятини жонлантириш юзасидан фикр-мулоҳазаларини билдирар экан, бу борадаги ишларни янги босқичга кўтариш юзасидан аниқ таклиф ва тавсиялар берилди. Ходимларнинг касб даражаси ва малакасини ошириш, ижро интизомини мустаҳкамлаш, иш фаолиятида ахборот-коммуникация технологияларидан унумли фойдаланиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Йиғилишда қайд этилишича, бу йил мактабларнинг 3797та бошланғич синфларини ва 2950та 5—9-синф чет тиллари кабинетларининг 2859тасини чет эл грантлари, 91тасини иқтисод қилинган маблағлар ҳисобидан компьютер синфи билан таъминлаш, умумтаълим мактаблари учун 537 номда 26,1 миллион нусха дарслик ва ўқув-методик қўлланмалар чоп этиш, 4-синф ўқувчилари учун чет тилидан 590,3 минг нусха дарслик, ўқитувчилар учун 21,2 минг нусха методик қўлланма ва мультимедиа иловаларини ишлаб чиқиб, таълим муассасаларига етказиб бериш, спорт турлари бўйича ўқув дастурларини такомиллаштириш, спорт секцияларида машғулотларни самарали ташкил этишга қаратилган 7 номдаги ўқув-методик қўлланмаларни тайёрлаш режалаштирилмоқда.
Ҳайъат йиғилишида таълим-тарбия жараёнини замон талаблари даражасида ташкил этиш борасидаги долзарб масалалар муҳокама этилиб, муҳим вазифалар белгилаб олинди.
Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати