Мақсадли курснинг зукко тингловчилари билим ва маҳоратини оширмоқда
Абдулла Авлоний номидаги ХТХҚТМОМИда умумтаълим муассасалари чет тили ўқитувчиларининг касбий маҳоратини ошириб бориш бўйича туман (шаҳар)лардаги таянч мактаблар негизида ўтказиладиган ҳар ҳафталик курсларнинг 2016 йил биринчи босқичи учун тренерларни тайёрлаш мақсадли курси бўлиб ўтмоқда.
Машғулотларга Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Бухоро, Навоий, Қашқадарё, Сурхондарё, Хоразм вилоятларидан 456 нафар чет тили ўқитувчиси жалб этилган. Юртимиздаги нуфузли олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларидан иборат тажрибали мутахассислар гуруҳи олиб бораётган дарслар тренер-ўқитувчиларнинг касбий малака ва маҳоратини ошириш билан бирга, чет тилларни ўқитишда янги инновацион педагогик технологиялар ва ахборот-коммуникация воситаларини самарали қўллаш малакасини пухта ўзлаштиришига кўмак бермоқда.
— Бу йилги машғулотлар дастури тренер-ўқитувчиларнинг талаб ва таклифлари асосида бойитилиб, такомиллашган ҳолда олиб борилаяпти. ¡тган йилдан фарқли ўлароқ, бу гал тренерларнинг билим, кўникма ва малакаси ошгани эвазига машғулотлар вақти 24 соатга қисқартирилиб, асосий эътибор ўқитувчиларни CEFR талаблари бўйича чет тилини билиш даражасини белгиловчи тест синовларига тайёрлашга қаратилмоқда, — дейди Абдулла Авлоний номидаги ХТХҚТМОМИ хорижий тиллар кафедраси катта ўқитувчиси Юлдуз Ортиқова.
Ташкилотчилар тренер-ўқитувчиларнинг касбий маҳоратини ошириш билан бирга, маданий ҳордиқ чиқариши учун ҳам зарур шароитларни яратишди. Концерт дастурлари, пойтахтимиздаги маданият ва маърифат масканларига саёҳат, турли маънавий-маърифий давра суҳбатлари тингловчиларда катта таассурот қолдирди. Жумладан, “Ma’rifat”–“Учитель Узбекистана” газеталари таҳририяти ходимлари билан учрашув тренер-ўқитувчиларга илғор тажрибаларни оммалаштириш хусусида фикрлашиш имконини берди.
Мақсадли курснинг иккинчи босқичи шу йилнинг 1—3 февраль кунлари бўлиб ўтади. Навбатдаги машғулотларда Жиззах, Наманган, Сирдарё, Самарқанд, Тошкент, Фарғона вилоятлари ва Тошкент шаҳридан тренер-ўқитувчилар қатнашади.
Хайриддин МУРОД,
“Ma’rifat” мухбири