Халқаро тажриба алмашиш
Президентимизнинг “Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлардан бири — “Йилнинг энг яхши чет тили ўқитувчиси” кўрик-танлови Халқ таълими вазирлиги томонидан 2015 йилдан эътиборан ташкил этилди. Кўрик-танлов низомида республика босқичида энг юқори натижа кўрсатган чет тили ўқитувчилари хорижий давлатларда малака ошириш учун йўлланмага эга бўлиши белгиланган. Шунга мувофиқ, энг юқори ўринларни қўлга киритган 42 нафар инглиз тили ўқитувчиси жорий йил 8—22 январь кунлари Буюк Британиянинг “St. Mark & St. John” университетида бўлиб, тажриба алмашиб қайтди.
Чет тили ўқитувчиларини рағбатлантириш, соғлом рақобат муҳитини яратиш асносида уларнинг малакасини ошириш, хорижий тилларни эгаллашнинг умумевропа компетенцияси талаблари асосида ўқитишнинг замонавий усулларини ўрганишни назарда тутган ушбу хизмат сафари Халқ таълими вазирлиги ва Буюк Британиянинг юқорида таъкидланган университети ўртасида имзоланган шартнома доирасида амалга оширилди.
— “Йилнинг энг яхши чет тили ўқитувчиси” кўрик-танловида энг салоҳиятли, касбининг жонкуяри бўлган инглиз тили ўқитувчилари саралаб олинган эди, — дейди Халқ таълими вазирлигининг умумтаълим ва ихтисослаштирилган мактаблар бошқармаси бошлиғи Абдураҳим Носиров. — Аҳамиятлиси, хизмат сафари давомидаги барча сарф-харажатлар давлатимиз томонидан тўлаб берилди. “St.Mark&St.John” университети эса ўқув курсларини юқори савияда ўтказиш, мактабларда дарсларни кузатиш, савол-жавоб олиб бориш учун қулай шарт-шароит яратишга яқиндан кўмаклашди.
Тажриба ўрганиш мақсадида танланган университет Буюк Британиянинг жануби-ғарбида — Плимут шаҳри яқинида жойлашган. Муассасада педагогика, филология, журналистика, бизнес ва спорт йўналишларида бакалавр, магистр ва докторантура даражасида таълим берилади.
“St.Mark&St.John” университети ўқитувчилaрни қaйтa тaйёрлaш дaстурлaри бўйича ҳудуддаги энг нуфузли олий таълим муассасаларидан бири ҳисобланади. Бу даргоҳдаги малака ошириш курсларига тингловчилар дунёнинг барча нуқталаридан мунтазам келиб туради. Олий ўқув юртининг мaҳaллий бошланғич ва умумтаълим мaктaблaри билан ўзаро ҳамкорлик алоқалари мустaҳкaм йўлга қўйилган. Бу юртимиздан борган ўқитувчиларга ҳам у ердаги илғор тажрибаларни ўз кўзи билан кўриб, кузатиб, энг зарурларини ўзлаштириш имконини берди.
— Икки ҳафталик курс давомида тажрибали мутахассис ва профессорлардан инглиз тилини ўқитишнинг амалий кўникмалари, дарс учун манбаларни танлаш ҳамда тўғри ишлатиш, ўқитиш ва ўрганишни бошқариш методлари, дарсларни самарали режалаштиришга доир маърузаларни тингладик, — дейди курс иштирокчиси, Сергели туманидаги 6-ИДУМ ўқитувчиси Дилноза Ҳожиметова. — Бундан ташқари, CEFR (чет тилини билишнинг умумевропа компетенциялари) юзасидан батафсил маълумотлар берилди. Унинг Ўзбекистонда жорий этилиш ҳолати бўйича фикр алмашдик. Ҳар бир машғулотда ҳамкасбларим мавзу юзасидан у ёки бу материалларни мамлакатимиздаги жараён билан солиштириш имконига эга бўлди.
Маълумот ўрнида айтиб ўтиш жоизки, Буюк Британияда бошланғич ва тўлиқсиз ўрта таълим — 5 ёшдан 16 ёшгача мажбурий саналади. 5 ёшдан 11 ёшгача болалар бошланғич мактабларда ўқитилади. Ўрта мактаблар асосан 3 турга: 5—7 йиллик грамматик мактаблар, 5 йиллик техника мактаблари ва 4 йиллик замонавий мактабларга бўлинади. Ўқувчиларнинг 65 фоизи 16 ёшдан кейин таълимни коллеж, университет ва бошқа олий ўқув юртлари ҳамда ўқув марказларида давом эттиради.
— Хизмат сафари давомида Плимут ҳудудида жойлашган бир нечта ўрта мактаблар ҳамда тил ўргатиш марказларидаги таълим тизими билан яқиндан танишдик, — дейди Марҳамат туманидаги 39-умумтаълим мактаби ўқитувчиси Насима Йўлдошева. — Дарсларни кузатар эканман, ўзимиздаги таълим тизими билан таққослашга ҳаракат қилдим. Эътиборлиси, юртимиз мактабларидаги чет тили кабинетларининг жиҳозланиши у ердагилардан ҳеч бир жиҳати билан қолишмайди. Бошланғич синф ўқувчиларимиз Буюк Британиядаги тенгдошлари фойдаланаётган шароитдан кам бўлмаган имкониятлар асосида таълим олаётганидан фахрландим. Шу билан бирга, биз меҳмон бўлган мактабларда ўзига хос жиҳатлар ҳам талайгина экан. Хусусан, Плимутдаги мактабларда ҳар бир ўқитувчининг камида бир нафар ёрдамчиси бор экан. Ҳар бир синфга ўртача уч нафар ўқитувчи жалб қилинган. Болалар фанларни ниҳоятда эркин ўрганади. Ўқитувчи ўқувчининг кунлик ўзлаштириш даражасини баҳоламайди, балки дафтарига уларнинг ўзлаштиришига доир фикрлар, таклифларни ёзиб қўяди. Баҳолаш фақат имтиҳонларда амалга оширилар экан. Аммо менинг фикримча, бизда жорий этилган ўқувчини мунтазам рағбатлантириш, кунлик баҳолаш тизими нисбатан самарали. Яна бир жиҳати, англиялик ҳамкасбларимиз уйга топшириқни ўқувчининг электрон манзилига юборар экан. Ўқувчи ҳам бажарилган вазифани яна электрон манзил орқали ўқитувчисига ҳавола этади. Дарсликлар, қўлланмалар асосан электрон шаклда. Қувонарлиси, бундай “Smart-class”лар бугун бизнинг таълим тизимимизга ҳам кириб келмоқда.
Сафар иштирокчилари машғулот ва учрашувлардан бўш вақтларида мамлакатнинг диққатга сазовор жойларига саёҳатлар уюштириб, инглизлар маданияти, меъморий обидалар билан ҳам яқиндан танишишди. Чирчиқ шаҳридаги 5-мактаб ўқитувчиси Галина Кривошеева сафар таассуротларини шундай ифодалайди:
— Англиянинг рамзларидан бири ҳисобланган Биг Бен соатига тикилиб, кўп йиллик меҳнат фаолиятим кўз ўнгимда гавдаланди. Энди ўқувчиларга “Англияга борганимизда...” деб гап бошлашим мумкинлигини ўйлаб мамнун бўлиб кетдим. Бу биргина жумла болаларнинг дунёга чиқишга, жаҳонни кўришга бўлган иштиёқини, ҳавасини ошириши шубҳасиз. Биз ўқитувчиларга яратиб берилаётган бундай имкониятлардан оқилона фойдаланишимиз, зиммамиздаги масъулиятни доимо чуқур ҳис этиб туришимиз лозим. Айни пайтда Буюк Британияда кўрган-кузатганларимни ҳамкасбларим билан ўртоқлашиб, келгусида ўз фаолиятимда янада қизиқарли, ўқувчиларни ўзига жалб этадиган методлардан кенг фойдаланишни режалаштираяпман.
Сафар якунида “St.Mark&St.John” университети мутасаддилари келгусида юртимиз ўқитувчилaри билан илмий-услубий ҳамкорликни йўлга қўйишга, мaқoлaлaр чoп этиш, китoблaр нaшр қилиш ҳамда ўқитувчилaр мaлaкaсини oширишдa aмaлий кўмaк бeришга тайёр эканлигини билдирди. Барча иштирокчиларга университетнинг сертификатлари топширилди.
* * *
Жойларда Англияда икки ҳафталик ўқув курсларида иштирок этиб келган педагоглар билан учрашувлар ўтказилиб, келгусида умумтаълим мактабларида чет тилини ўқитиш самарадорлигини янада ошириш юзасидан суҳбатлар уюштирилмоқда. Шундай тадбирлардан бири Хоразм вилояти халқ таълими бошқармасида ташкил этилди.
Учрашувда вилоятнинг барча туманларидан келган инглиз тили бўйича ҳар ҳафталик малака ошириш курсларининг тренер ўқитувчилари иштирок этди. Қўшкўпир туманидаги 1-мактаб ўқитувчиси Ирина Пак, Боғот туманидаги 7-мактаб ўқитувчиси Дилбар Ражабова, Янгиариқ туманидаги 21-мактаб ўқитувчиси Адолат Абдуллаева сафар таассуротларини сўзлаб берди.
— Мен, аввало, Англияга бориб, илғор халқаро тажрибаларни кузатиш, ўзлаштириш учун имконият яратиб бергани учун Юртбошимизга чексиз миннатдорлигимни билдираман, — дейди Ирина Пак. — Европа мамлакатида бўлиб, умумтаълим тизимини кузатар эканман, юртимизда устоз-мураббийларга, ёш авлод камолотига нақадар эътибор қаратилаётганини яна бир бор ҳис этдим. Англияда фақат бошланғич синфларга бепул, юқори синфларга эса пулли таълим берилар экан. Мезбон ҳамкасбларимиз ўзбекистонлик ўқитувчилар билан биринчи марта мулоқот қилаётганини, бизнинг қизиқишимиз, вазиятларга ўзгача нигоҳ билан, кенг кўламли ёндашувимиздан ҳайратга тушганини яшириб ўтиришмади.
Тадбир очиқ мулоқот тарзида ўтказилиб, хорижда тажриба ўрганиб келган ўқитувчилар ёрдамида ўқитишнинг илғор усулларини оммалаштириш, чет тилини ўқитишда қизиқарли ўйин ва методлардан кенг фойдаланиш юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Икром АВВАЛБОЕВ,
Маҳмуд РАЖАБОВ,
“Ma’rifat” мухбири